Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Олий суддан «раддия» келди. Ёки икки карра икки неччи?

Олий суддан «раддия» келди. Ёки икки карра икки неччи?

Фото: «Xabar.uz»

«Xabar.uz» сайтида 2019 йил 10 июль куни эълон қилинган «Ҳамкасбнинг қарори бекор бўлгунча, шайтоннинг бўйни узилсинми?» сарлавҳали мақолага нисбатан Ўзбекистон Республикаси Олий судидан раддия келди.

Очиғига кўчсак, раддия келишини кутгандик. Бунга шубҳа йўқ эди ҳатто. Нега? Нима, билатуриб, нотўғри ва нохолис мақола ёзилганмидики, таҳририят раддия кутса? Мақсад муаммо кўтаришдан кўра, олий маҳкама мутасаддиларини шунчаки безовта қилишгинамиди?

Шу ва шу каби саволларга қуйироқда жавоб берилади.

Аввал Олий суд муносабати билан танишсак.

***

«2017 йил 21 августдан бошлаб Ўзбекистон Давлат санъат музейининг илмий ишлар бўйича директор ўринбосари лавозимида ишлаб келган Ахмедова Наргиза Муротхоновна фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судига ишга тиклаш, мажбурий прогул вақти учун иш ҳақи ва маънавий зарар ундириш ҳақида даъво аризаси билан мурожаат қилган.

Фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судининг 2018 йил 31 майдаги ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантиришдан рад этилган.

Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди кассация инстанциясининг 2018 йил 7 декабрдаги ажрими билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз, Н.Ахмедованинг апелляция шикояти эса қаноатлантирилмасдан қолдирилган.

«Хабар.uz» сайтида 2019 йил 10 июлда мазкур ишни кўриш натижалари ва Н.Ахмедова билан меҳнат шартномасининг бекор қилиниши бўйича журналист суриштирувига асосланган «Ҳамкасбнинг қарори бекор бўлгунча, шайтоннинг бўйни узилсинми?» сарлавҳали мақола чоп этилган.

Бироқ мақолада журналист келтирилган фикр ва мулоҳазалар суд қарорининг қонунийлигига, судьяларнинг мазкур ишни кўришдаги холислигига нисбатан шубҳа уйғотишига асос бўлишини инобатга олмабди.

Мақолада Н.Ахмедова билан меҳнат шартномаси бекор қилинишида унинг хомиладор эканлиги инобатга олинмаганлиги таъкидланади.

Ҳақиқатан ҳам, Н.Ахмедова билан меҳнат шартномаси иш берувчининг 2017 йил 29 декабрдаги К-84-сонли буйруғига асосан 2018 йил 4 январдан бошлаб Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисми 1-бандига биноан лавозим қисқартирилганлиги муносабати билан бекор қилинган.

2018 йил 19 январда Н.Ахмедовага меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги, ишлаган даври учун ҳисоб-китоб қилинганлиги, тегишли компенсация пули ва меҳнат дафтарчасини олиб кетиши лозимлиги ҳақида ёзма хабар берилган.

Хабарнома ўз вақтида юборилган бўлишига қарамай, Н.Ахмедова МКнинг 270-моддасида белгиланган 1 ойлик муддатни ўтказиб юборган ҳолда судга даъво билан мурожаат қилган.

Ўз навбатида, суд даъвони ҳар тарафлама тўғри ва холисона кўриб, тарафнинг узрсиз сабабга кўра ўтказиб юборилган даъво муддатини қўллаш ҳақидаги аризасига асосан ФКнинг 153-моддасига мувофиқ даъвони қаноатлантиришни рад этган.

Н.Ахмедованинг хомиладор эканлиги ҳолати ишга тиклашга асос бўла олмайди, зеро ҳуқуқни тиклаш муддатини узрсиз ўтказиб юборган.

Журналист мазкур ҳолатга нисбатан икки ойлик огоҳлантириш муддати берилмаганлигини таъкидлайди.

Иш берувчи эса МКнинг 102-моддасида назарда тутилган ҳуқуқидан фойдаланиб, огоҳлантириш муддати ўрнига мувофиқ келадиган пуллик компенсация тўлаган.

Бу ҳолатлар Н.Ахмедова даъвосини у билан меҳнат шартномасини бекор қилишда меҳнат қонунчилиги талаблари бузилганлиги асосида қаноатлантириш учун асос бўла олмаслигидан далолатдир.

Шу сабабли ҳам журналистнинг Н.Ахмедова билан меҳнат шартномасини бекор қилишда меҳнат қонунчилиги бузилганлиги ҳақидаги мулоҳазалари ишнинг ҳақиқий ҳолатларига мувофиқ келмайди.

Меҳнат муносабатлари бекор қилинганлиги ҳақидаги хабарномани 2018 йил 19 февралда олганлиги ҳақидаги журналист мулоҳазаларига жавоб суд қарорининг ўзида акс эттирилган бўлиб, Н.Ахмедова ойлик иш ҳақи ва бошқа тўловларни 2018 йил январь ойида олганлиги ҳақида ҳужжатлар мавжуд ва бу ҳолатни судда ўзи ҳам инкор этмаган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорига нисбатан берилган кассация шикояти иш билан биргаликда кассация инстанциясида, назорат шикояти Олий судда кўрилиб, суднинг қарорини бекор қилиш учун асослар аниқланмаганлиги сабабли ўзгаришсиз қолдирилган.

Фикримизча, муайян иш бўйича журналист ўз нуқтаи назарини билдиришда ишдаги тарафлардан бирининг манфаатига мос келадиган ҳолатларни таҳлил қилиш асосида эмас, балки холислик асосида, ишни тўғри ҳал қилиш учун аҳамиятга эга бўлган барча ҳолатларига тўғри баҳо бериши судлар фаолияти хусусида нотўғри фикр шаклланишининг олдини олишга, қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилган бўлар эди.

Қолаверса, Олий суд фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида жорий йилнинг 6 ойида 558 та иш кўрилиб, 260 таси бекор қилингани ва ўзгартирилганининг ўзи ҳам журналистнинг «Ҳамкасбнинг қарори бекор бўлгунча, шайтоннинг бўйни узилсинми?» деган саволига етарлича жавоб бўлади, деб ўйлаймиз.

Олий суд Матбуот хизмати»


«Xabar.uz»дан: «раддия»га раддия

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг оммавий ахборот воситаларида чиқаётган тизим фаолиятига оид танқидий мақолаларга тезкор муносабат билдиришни фаол йўлга қўяётгани таҳсинга лойиқ. Буни фақат олқишлаш керак. Бироқ аксарият муносабатлар «раддия» шаклида бўлаётирки, уларда воқеликка оид суд ҳужжатлари мазмуни такрорланиб, «ҳаммаси қонуний ва тўғри ҳал этилган»и таъкидланиши баробарида журналист гўёки нохолис экани-да писанда қилинади. Юқоридаги «раддия»ни «кутилган» дейишимизнинг боиси шу: кўрдингиз, ўқидингиз — таниш қолип, таниш мазмун, таниш манзара, қисқаси?! Бу билан ОАВдаги суд тизимига оид танқидий чиқишларнинг ҳаммаси қонуний, суд органлари уларга яккаш раддия билан жавоб бермоқда холос, дейилмоқчи эмас. Чиқаётган барча суд қарорлари қонуний ва асосли бўлмаганидек, чоп этилаётган танқидларни ҳам сирдирғаси тўғри дейишга тил бормайди. Бироқ Олий суднинг айрим муносабатлари, хусусан, «Xabar.uz»да аввалги куни чиққан мақолага бир суткага қолмай «раддия» келгани эътиборидан хаёлга бордикки, мутасаддилар «дело»ни қачон чақириб, қачон ўрганиб ва қачон раддия битмоққа улгурди экан?! Ўтган бир сутканинг тенг ярми тунги вақтга тўғри келгани инобатга олинса, бундай тезкорликдан ҳайратга тушмай илож йўқ. Ростдан ҳам иш холис ўрганилиб, жавоб ёзилдими ёки тайёр қарор ёки ажримга қараб, «раддиябашара» бир нима қораландими?

Майли, қанчалар мантиққа яқин бўлмасин, хаёл осмонидан Олий суд муносабати матнига қайтсак.

Олий суднинг «раддия»сини ўқидингиз, унга сабаб бўлган мақолага кўз югуртирганингиз эҳтимоли катта. Демак, уларда баён этилган ҳолатларни такрорлашга ҳожат йўқ.

Қисқаси, гап ҳомиладор аёлнинг ғайриқонуний ишдан бўшатилгани, унинг ишга тиклашга оид даъвоси суд томонидан рад этилгани устида бормоқда.

«Раддия»да қайд этилганидек, «...мақолада Н.Аҳмедова билан меҳнат шартномаси бекор қилинишида унинг ҳомиладор эканлиги инобатга олинмаганлиги таъкидланади». Тўппа-тўғри! Рост-да, иш берувчи ўз ташаббуси билан ҳомиладор (ёки уч ёшга тўлмаган боласи бор) аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини бир томонлама бекор қилиши мумкинми? Йўқ, йўқ... Бунга қонун изн бермайди (Меҳнат кодекси, 237-модда). Н.Аҳмедова билан шундай ҳолат рўй бергани инкор этиб бўлмас ҳолат. Шунинг ўзиёқ у ва иш берувчи ўртасидаги низо бориб турган қонунсизликдан келиб чиққанини яққол кўрсатади. Бўлди, минг бежаб айтилмасин, бошқа гап ортиқча. Агар гап бўлса, марҳамат, аввал шундан келинг! Йўқ, «раддия»да инкор этиб бўлмас айни ҳолат сийпалабгина ўтиб кетилган, холос.

Шундай қилиб, аёл (Н.Аҳмедова) ғайриқонуний равишда (қорнида олти ойлик ҳомиласи борлиги билатурилиб) ишдан бўшатилди (2018 йил, 4 январь). Энди нима қилиши керак? Албатта, бош уриб бориладиган жой — суд! Шундай қилди ҳам (2018 йил, 7 март). Бироқ суд даъвони рад қилди: «...узрсиз сабабга кўра даъво муддатини ўтказиб юборгансан», деб?! Меҳнат низолари, хусусан, ишга тиклашга доир низолар юзасидан судга мурожаат этиш муддати бир ой. Бироқ бу муддат «тегишли буйруқ чиққан санадан» эмас, ходимга «...меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги ҳақидаги буйруқ нусхаси берилган кундан бошлаб» ҳисобланади (Меҳнат кодекси, 270-модда). Н.Аҳмедова меҳнат шартномаси бекор қилинган (29.12.2017 й.) буйруқ нусхаси билан 2018 йилнинг 19 февралида танишади (буйруқ чиққанидан эллик бир кун ўтиб!). Гарчи суд буни инкор қилса-да, жавобгар — Ўзбекистон Давлат санъат музейи директори биринчи инстанция судида рўйирост тан олган-ку?! Жавобгарнинг айни иқрори Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари томонидан киритилган протестда аниқ-тиниқ ёзилган. Ҳой, уйинг (ҳалол) пулга тўлгурлар, шу икки фактнинг ўзи суднинг даъвони рад этиш учун қилган барча «тоат-ибодатлари»ни чиппакка чиқармайдими?

«....Н.Ахмедова ойлик иш ҳақи ва бошқа тўловларни 2018 йил январь ойида олганлиги ҳақида ҳужжатлар мавжуд ва бу ҳолатни судда ўзи ҳам инкор этмаган», дейилибди «раддия»да. Бекор гап. 2018 йилнинг январь ойида Санъат музейи ходимлари Н.Аҳмедовага «меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги, тегишли пулларни олиб кетишини сўраб» хат ёзгани бор гап. Хат унинг уй манзилига нотўғри (қасдданмикан?) жўнатилгани боис почта қайтариб юборади. Буям факт. Шундан кейин Санъат музейи ходимлари аёлнинг меҳнат дафтарчаси ва пулини олиб, унинг уйига боришади. Бироқ, Н.Аҳмедова уйида эмаслиги боис, меҳнат дафтарчаси ва арзимаган пулни қўшниларига (?!) ташлаб кетиш ҳаракатига тушишади, аммо мақсадига етишолмайди... Факт керакми? Бу ҳақда тегишли далолатнома бор. Агар унгаям шубҳа туғилса, ана, гувоҳлар тирик. Пул-ку, майли, аммо меҳнат дафтарчасидек муҳим ҳужжатни бегоналарга (!) ташлаб кетишга уринишни нима дейиш мумкин?! Бундай «зукколар»нинг хаёлига Аҳмедованинг қўл телефонига қўнғироқ қилиш келмаганидан ажабланмасаям бўлади-а? Балли.

Эътирозда «Н.Ахмедова ойлик иш ҳақи ва бошқа тўловларни 2018 йил январь ойида олганлиги ҳақида ҳужжатлар мавжуд»лиги таъкидланар экан, улар қандай ҳужжатлар эканиниям билдирингда, азизим?! Нима-нима, «раддия» ёзяпсиз, ахир?! «...бу ҳолатни судда ўзи (Н.Аҳмедова — таҳр.) ҳам инкор этмаган»ига келинса, вазият бироз бошқачароқ: январда эмас, февраль ойи бошларида, қорнида етти ойлик ҳомиласи билан буйруқ билан танишиш учун ишхонасига борган Н.Аҳмедова ичкарига киритилмайди, кўчада, шундоқ бекат олдида унга декабрь ойи иш ҳақингиз» (бошқа тўловлар йўқ) деб, тегишли ҳужжатга имзо чектириб, бир ойлик маоши миқдоридаги пулни тутқазиб кетишади. Бор гап шу. Ўша тўлов қоғози кўтарилдими? Унда иш ҳақидан бошқа тўлов ёзилганми-ёзилмаганми? Шу саволга жавоб бериши керак бўлган ходим, даъвогарнинг талабига қарамай, судга чақирилмагани эса жумбоқлигича қолмоқда. Биробарин, «...Иш берувчи эса МКнинг 102-моддасида назарда тутилган ҳуқуқидан фойдаланиб, огоҳлантириш муддати ўрнига мувофиқ келадиган пуллик компенсация тўлаган», дейишга шошмаслик керак.

Манаман деб турган фактлар ва фуқаролик ишидаги бошқа ҳолатлар «судга даъво бериш муддати узрсиз ўтказиб юборилгани»ни инкор этиб турса-да, шу «асос»га ёпишавермай (бошқа асос ҳам йўқ-да!) инсоф қилинг, қонун пешволари: ҳомиладорликнинг охирги ойларини ўтказаётган аёл аҳволики суд учун «узрсиз» экан, «узрли» бўлиш учун «даъво бериш муддати» ичида бир ўлиб, тирилиш керакми? Бунчалар бўлмайди-да, энди?!

Қонунлардан қатор-қатор иқтибослар келтириб қоғоз юзини безашдан осони йўқ. Бу билан ёзилаётган матн «раддия»га ўхшаб қолмайди барибир. Сирасини айтганда, нохолислик аслида шу! Қолаверса, «сиркаси сув кўтармаслик» билан суд ҳокимияти ва оммавий ахборот воситалари ўртасидаги ҳамкорликни, минг оташин баёнотлар қарамай, самарали йўлга қўйиб бўлмайди. Икки тизим ўртасида ўзаро тушуниш, тоқатлилик ва  холислик шаклланмас экан, суд органлари амалга ошираётган кўпдан кўп ижобий ишлар «раддиябоз»ликлар соясида қолиб кетиши мумкин. Ўзаро ҳамкорлик деганда учинчи ҳокимият фаолиятини тўртинчи ҳокимият майдонларида баланд оҳангларда баён қилишнигина тушуниш керак эмас.

Асосий гапга қайтсак. Майли, мақола муаллифи, «раддия»да писанда этилганидек, «нохолис бўлса», бўлақолсин, «....тарафлардан бирининг манфаатига мос келадиган ҳолатларни таҳлил қилиб», ростдан ҳам «судлар фаолияти хусусида нотўғри фикр шаклланиши» эҳтимолини юзага келтирган бўлса, жилла қурса, бурнига чертиб ҳам қўйилар. Бироқ Миробод туман прокуроридан тортиб Бош прокурорнинг биринчи ўринбосаригача суд қарорларига протестлар киритгани уларнинг ҳам «нохолис»лиги, «....тарафлардан бирининг манфаатига мос келадиган ҳолатларни таҳлил» қилаётганини англатадими?

Яна бир гап. «Ҳамкасбнинг қарори бекор бўлунича, шайтоннинг бўйни узилсинми?» мақоласида шикоятлар-у протестларга қарамай суд қарори ўзгармай қолаётгани — унинг муаллифи мазкур «иш»ни кўрасола Олий судга кўтарилиб кетганига тақалмасмикин, мазмунида мулоҳазага борилганди. Рост, мулоҳаза бироз «хашакироқ»дай, бироқ мантиқ учқунлари ҳам йўқ эмас-да. «Раддия» ниҳоясида айтилибдики: «... Олий суд фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида жорий йилнинг 6 ойида 558 та иш кўрилиб, 260 таси бекор қилингани ва ўзгартирилганининг ўзи ҳам журналистнинг «Ҳамкасбнинг қарори бекор бўлгунча, шайтоннинг бўйни узилсинми?» деган саволига етарлича жавоб бўлади», деб. Йўқ, бу жавобмас. Аксинча, бунақа гап янаям чуқурроқ мулоҳазага турткилайди. Ўтган олти ойда кўрилган 558 та ишнинг 260 таси бекор қилинган экан, демак, Олий судда кўрилаётган «дело»ларнинг тенг ярми «брак»ка чиқмоқда: бу рақам кўпми-камми — алоҳида масала, аммо, барибир, қуйи суд судьяларининг қулоғини чўзиб қўйиш керакка ўхшайди. Яна: 260 та «брак» бўлган қарорнинг бирорта муаллифи (қуйи суд судьяси) Олий судга («дело»си тумандан чиқмаёқ) кўтарилиб кетганида қабул қилган ҳал қилув қарори омонда бўлармиди, ким билсин...

Вассалом.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг