Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Олий судда Пленум: қандай масалалар кўриб чиқилди?

Олий судда Пленум: қандай масалалар кўриб чиқилди?

Фото: «Xabar.uz»

Бугун Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми мажлиси бўлиб ўтди. Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган мажлисда Олий суд судьялари, жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича ҳамда маъмурий ва иқтисодий судлар, ҳарбий судлар раислари ва судьялари, Олий суд ҳузуридаги Илмий-маслаҳат кенгаши аъзолари, Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзолари, Конституциявий суд, Судьялар олий кенгаши, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъул ходимлари, ҳуқуқшунос олимлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Алоҳида қайд этилдики,  Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг бевосита ташаббуси билан суд-ҳуқуқ тизимида қатъият билан амалга оширилаётган тарихий ислоҳотлар аввало фуқароларнинг Конституция ва қонунларда белгиланган ҳуқуқ ва эркинликларини амалда кафолатли ҳимоясини таъминлаш орқали уларни суд органларига бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Олий Суд матбуот хизмати вакили Азиз Обидовнинг «Xabar.uz»га айтишича, суд-ҳуқуқ тизимидаги шиддатли янгиланиш ва ўзгаришлар амалдаги қонунчилик базаси изчиллик билан такомиллаштириб боришни тақазо этмоқда. Шу нуқтаи назардан, кейинги даврда Фуқаролик процессуал кодекси, Иқтисодий процессуал кодекси тасдиқланганлиги жамиятимиз ҳаётида улкан воқеа бўлди.

Ўз навбатида, ушбу янги кодексларнинг қабул қилиниши Олий суд Пленумининг бу борадаги қарорларини янги таҳрирда қабул қилишни  талаб этади.

Шу мақсадда Олий суд томонидан ташкил этилган ишчи гуруҳлари томонидан «Жиноят ишларини назорат тартибида кўриш бўйича суд амалиёти тўғрисида», «Суднинг ҳал қилув қарори ҳақида» ва «Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси нормаларини биринчи инстанция судида қўллашнинг айрим масалалари ҳақида»ги қарорлари лойиҳалари ишлаб чиқилди.

Пленум мажлисида ушбу қарорлар лойиҳалари муҳокама қилинди.

Йиғилишда таъкидланганидек, муҳокама этилган Пленум қарорлари жиноят, фуқаролик ва иқтисодий ишларни қонуний ҳамда адолатли ҳал этишда фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишга, қонун ҳужжатларининг суд амалиётида аниқ ва бир хилда татбиқ этилишига, ягона суд амалиётини шакллантиришга, шунингдек янги қабул қилинган қонун ҳужжатларини амалиётда янада самарали қўлланилишига хизмат қилади.

Кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг