Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Олий суд остонасида «исён»? Ҳолатлар, ҳақиқатлар...

Олий суд остонасида «исён»? Ҳолатлар, ҳақиқатлар...

Фото: Xabar.uz

Судьялар олий мактаби, сўнг Олий суди остоналаридаги манзаралар ҳафта ўтиб ҳамки ижтимоий тармоқларда айланмоқда. Тасвирда катта темир дарвозаси ички ишлар ходими томонидан ёпилади, ташқарида қолган бир гуруҳ аёллар ғала-ғовур кўтаради...

Айни жараёнлар «Human.uz» сайтида фаол ёритилишидан ташқари суддан норозилиги айтилаётган одамларнинг интервьюлари тармоқдаги каналга жойлаштириб борилгани вазият бир қадар жиддий эканига ўхшаб кетади ҳам. Вазият ҳақиқатда жиддий дейилса, воқелик шов-шувга ўч бошқа сайтларнинг эътиборини тортиб, Олий суд матбуот хизмати ходимларини саволлар билан «терлатиши» ёки маҳкаманинг махсус баёнот бергани кузатилгани йўқ. Бироқ тармоқларда қизғин муҳокама тинмаётир. Билдирилаётган муносабат(коммент)ларда инсон шаъни, қадр-қиммати айёвсиз тупроққа қорилиб, тизим ходимларининг етти пушти ҳам унутилмаяптики, ҳақоратлардан кўнгил ағдарилади...

«Xabar.uz» воқеликни имкон қадар ўрганиб, ушбу эътиборингизга ҳавола этилаётир. Олий суд остонасида гўёки исён кўтарган ўн-ўн беш чоғли фуқароларнинг эътирозлари маълум. Қайта баёнга эҳтиёж йўқ. Шу боис, сўровимизга жавобан маҳкама матбуот хизмати томонидан тақдим этилган маълумотларга кенгроқ ўрин берилмоқда, бу нохолислик эмас, бор-йўғи иккинчи томонни тинглаш, посангини тўғрилаш, холос.  

«Human.uz»га мурожаат қилганлар кимлар? Уларнинг арзи-ҳоли мазмуни-чи? Олий суднинг очиқ эшиклари улар учун тақа-тақ ёпилганми?

Мана, шу ва шу каби саволларга Олий суд матбот хизматининг жавоби: «... Мурожаатчилардан 3 нафарининг иши аллақачон уларнинг фойдасига ҳал бўлган, 2 нафари оқланган, 12 нафар шикоятчининг иши вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан апелляция ва кассация инстанцияларида, 2 нафар шикоятчининг мурожаати Олий суд томонидан назорат тартибида ўрганилаётир, 1 нафар мурожаатчининг иши вилоят суди томонидан янги очилган ҳолат бўйича кўрилмоқда...».

Изоҳ: рақамлар мурожаатчиларнинг эътирозлари тамоман асоссиз эмаслигини англатиши баробарида уларнинг шикояти ёппасига рад этилмаётганини ҳам кўрсатади. Жавобда беш нафар мурожаатчининг муроди аллақачон ҳосил бўлгани, ўн уч нафарининг иши вилоят даражасидаги судларда кўрилаётган бир пайтда уларнинг Олий суд остонасида куйманалиб юргани, дарҳақиқат, ажабланарли. Тартиб-таомилга кўра, олий маҳкамага вилоят босқичида кўриб чиқилган ишлардан норози бўлинсагина мурожаат қилинади. Қуйи суд қароридан норозимисиз, марҳамат – юқори босқичга шикоят қилинг, тартибга риоя этсангиз — бас: туман (шаҳар), вилоят ва ниҳоят, республика... Судлар бир неча поғонага бўлиб қўйилганининг сабаби ҳам шу: иложи борича, қуйи судларда йўл қўйилиши эҳтимоли бўлган хатоларни бартараф этиб, пировардида, қонунийликни таъминлаш. Ҳали вилоят даражасида кўриб чиқишга улгурилмаган ишлар юзасидан Олий судга мурожаат этиш, жуда юмшоқ айтганда, тартибни билмасликдан бошқа нарса эмас. Иши вилоятларда кўрилаётган бир неча ўнлаб инсоннинг бир вақтда, пойтахтнинг битта манзилида жам бўлиб, ўз эътирозларини жўровозликда билдирилаётгани эса, чиндан-да катта жумбоқ...

— Мурожаатчилар Олий суд раҳбарияти томонидан бир неча маротаба қабул қилинган, — дейилади маҳкама матбуот хизмати томонидан тақдим маълумот-матнда. — Энди қабулдаги ҳолатни қаранг: бухоролик Муниса Очиловадан «Нимадан норозисиз?» деб сўралганида, у: «Уйим расмийлаштириб берилди. Лекин, нега қўшнимнинг уйини бузмайсанлар?» деган талабини айтди.

Аслида нима бўлган эди?

М.Очилова ва унинг турмуш ўртоғи Шерали Қосимов Жондор туманидаги «Музаффар-Қосим-Азим» номли фермер хўжалигига тегишли 42-контуридан 240 кв.м. майдонига ўзбошимчалик билан иморат қуриб олган. Фуқаролик ишлари бўйича Ромитан туманлараро судининг 2015 йил 4 июндаги ҳал қилув қарори билан Жондор туман ҳокимлигининг иморатларни бузиш, ер майдонини фермер хўжалигига қайтариш ҳақидаги даъвоси қаноатлантирилган. Иш кассация инстанциясида кўрилиб, қарор ўзгаришсиз қолдирилгач, Ш.Қосимов ва М.Очилова назорат тартибида Олий судга мурожаат этишади. Ўз навбатида Олий суд томонидан ҳал қилув қарори ижроси тўхтатилиб, туман ҳокимлигидан Ш.Қосимов қурган иморатларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар-жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умум давлат акциясини ўтказиш тўғрисида»ги фармонига асосан эгалик бериш  масаласини кўриб чиқиш сўралди. Шундан сўнг ҳокимлик улар томонидан ўзбошимчалик билан қурган иморатига эгалик ҳуқуқини белгилаб бергач, иш вилоят судида янгидан кўрилади. Ҳокимлик даъво талабидан воз кечганлиги боис фуқаролик иши бўйича иш юритиш тугатилади... Муаммо ҳал!

Энди нима дейсизки, Олий суд аралашуви билан муаммоси ҳал бўлган М.Очилова қўшнисининг уйи нега бузилмаётганидан ёзғириб пойтахтда юрибди... Куласизми ёки куясизми?

Ёки фуқаро Гулбаҳор Каримбекованинг мурожаатини олайлик. Аёл турмуш ўртоғи С. Исламов жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди томонидан 11 йил 16 кун муддатга озодликдан маҳрум этилганидан норози. Муддат оз эмас, тўғри. Хўп, маҳкум қандай жиноятда айбланган эди?

Воқелик бир шоир «қора туш»га қиёслаган яқин ўтмишда эмас, мамлакатдаги янгиланишнинг илк даврида рўй берган. Яъники, С. Исламов 2016 йил 30 сентябрь куни қонуний турмуш ўртоғи Одинахон Исламова билан ўзаро жанжаллашиб, бошқарувидаги «Эпика»ни аёлининг устига қараб ҳайдайди. О.Исламова ерга йиқилгач, унинг устидан бир неча маротаба қасддан босиб ўтади! Бу шафқатсизлик жабрланувчининг тоғаси, келини ва жиянининг кўз олдида рўй беради. Аёли ғилдирак тагидан жон бергач, С.Исламов воқеа жойидан қочиб кетади.

Тўғри, дастлаб айни қилмиш ЖКнинг 104-моддаси билан малакаланиб, жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида шунга яраша жазо тайинланади. Марҳуманинг тупроғи совумай Г.Каримбекова ва С.Исламовларнинг қонуний никоҳдан ўтиб олгани турли гап-сўзларга сабаб бўлгани ўз йўлига. Бу уларнинг шахсий ҳаёти. Аммо жабрланувчиларнинг шикояти ҳамда прокурор протестига асосан иш Олий судда назорат тартибида ўрганилиб, суд ҳукми бекор қилинади. Кейинчалик иш жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судида кўрилиб, ҳар иккала томоннинг важларини текшириб, дастлабки ва суд тергови материаллари асосида С.Исламов Ўзбекистон Республикаси ЖК 97-моддаси 2-қисмининг «ж», «и» бандларида назарда тутилган қотиллик жиноятини содир этганликда айбли деб топилади. Натижада у 11 йидан кўпроқ муддатга озодликдан маҳрум этилади. Бировни қотилликдек ўта оғир жиноятда айблаб, жавобгарликка тортиш ўта жиддий масала. Ҳукмдан Г.Каримбекова норози экан, ҳеч қандай тушов йўқ. Гап шундаки, шикоятни аёл эмас, амалдаги ЖПКнинг 510-моддасига асосан, суд ҳукми ва ажримларига нисбатан мазкур кодекс 498-моддасида кўрсатилган шахслар, яъни маҳкум, унинг ҳимоячиси, қонуний вакили келтиришга ҳақли. Шугинани аёл тушунса, қани?!

Норозилар орасида бекободлик Мавлуда Матмусаева ҳам бор. У судлардан нега норози?

2006 йил 3 августда Бекобод туман ҳокимининг 236-сонли қарори билан туман марказий истироҳат боғ ҳудуди М.Матмусаеванинг турмуш ўртоғи, ўша вақтда туман ИИБ бошлиғи вазифасида ишлаб турган Баҳодир Матмутсаевга вақтинча фойдаланиш учун бириктирилган. Кейинчалик Б.Матмусаевган нисбатан жиноят иши қўзғатилгач, у қочиб кетади ва ҳозирги кунга қадар қидирувда!

Бу орада боғ бутунлай қаровсиз қолади. Ундаги дов-дарахтлар қурий бошлайди. Шу боис туман ҳокими 2006 йил 3 августдаги қарорини бекор қилиб, истироҳат боғини «Бекободцемент» АЖ ихтиёрига беради.

Ҳаммаси шундан кейин бошланади. М.Матмусаева Бекобод туман ҳокимлиги ва «Бекободцемент» АЖга нисбатан етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш ҳақида фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судига даъво аризаси беради.

Биринчи босқич судининг ҳал қилув қарори фуқаролик ишлари бўйича Тошкент вилоят суди кассация инстанциясида (2018 йил 18 майда) бекор қилиниб, М.Матмусаеванинг даъво талабларини рад этиш ҳақида янги ҳал қилув қарори чиқарилади. Олий судда мазкур ажрим бекор қилиниб, иш янгидан кўриш учун кассация инстанциясига юборилган. Иш янгидан кўрилганда такрор тасдиқланадики, боғ ҳудуди фуқаро Матмутсаев Баҳодирга вақтинча фойдаланиш учун берилган, илло хусусий мулк қилиб эмас. Шундай экан, қолаверса, боғ қаровсиз ҳолда қолгани, ер майдонига бўлган ҳуқуқ ер майдонидан мақсадсиз фойдаланилганлиги сабабли қонунда белгиланган тартибда бекор қилинганлиги инобатга олиниб, М.Матмусаеванинг моддий ва маънавий зарарни ундириш ҳақидаги даъвоси рад этилди.

Ҳолатга изоҳ шарт бўлмаса керак: бундан бошқача бўлиши мумкинми?

«Human.uz» «Бир гуруҳ фуқаролар суд қароридан норози»лигини кўтариб чиқар экан, Жиноят кодексининг 169-моддасининг турли қисмлари билан айбланган С.Турсунов ва бошқаларнинг яқинларига ҳам минбаридан жой ажратади.

Мазкур жиноят иши 2019 йил 13 май куни жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман судида кўриб чиқилган.

Судланувчилар Саъдулло Турсунов (муқаддам 5 маротаба судланган), Шербек Тошев, Адҳам Турсунов, Умиджон Тангриев (муқаддам 3 марта судланган), Шуҳрат Бекмуродов, Отабек Қурбонов,Дилшод Мухтаров, Одил Худайназаров, Руслан Азимов, Жаҳонгир Шарипов, Нозим Носиров, Воҳид Самандаров, Эркин Жўрақулов, Жўрабек Сулаймонов,Муҳаммад Бабабеков, Дилшод Шодиев, Шерзод Очиловлар ўзаро жиноий тил бириктириб, бойлик орттириш мақсадида катта миқдордаги нефт маҳсулотларини ўғирлашади.

Суд уюшган гуруҳга раҳбари С.Турсуновни хавфли рецидивист деб топиб, 10 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Гуруҳнинг бошқа аъзолари ҳам (жами 17 нафар шахс) турли муддатларга озодликдан маҳрум этилган.

Эътиборли жиҳати шундаки, айни кунларда мазкур иш жиноят ишлари бўйича Бухоро вилояти судининг кассация босқичида кўрилмоқда. Ана шундай бир пайтда маҳкумларнинг яқинлари ва қариндошлари Мунира Юсупова, Зилола Турсунова, Ражаб Тошев ва Гулбаҳор Сирожова суднинг қонуний ечимини кутмасдан Олий суд биносига келиб жанжал кўтаришини қандай тушуниш мумкин? Ишни аввал вилоят суди кўрсин, ким норози бўлса, марҳамат – шикоят қилиш имконияти мавжуд. Ахир бу ОАВ орқали судга таъсир ўтказиш, жамоатчилик фикрини чалғитиш эмасми?

...Пировардида, маҳкама матбуот хизмати алоҳида таъкидладики, судлар фаолияти муайян хато-камчиликлардан холи дейилса, адолатга озор етади. Бироқ судьяларни сидирғасига нохолис дейиш ҳам инсофдан эмас. Кейинги икки-уч йилни аввалги даврга таққосланг: ўзгаришлар нечоғли? Чиқарилаётган юзлаб оқлов ҳукмлари ёки оддий фуқароларнинг катта мансабдорларга нисбатан бераётган даъволарининг қаноатлантирилаётгани-чи? Ҳар ҳафтада жойларда ўтказилаётган сайёр қабулларда неча ўнлаб мурожаатчининг муроди ҳосил бўлаётганидан кўз юмиб бўлмас, ахир?!

Юқорида мурожаатчиларнинг айримлари тилга олинди, холос. Бошқаларнинг мурожаатлари мазмуни ва унинг асл ҳолатга нечоғли мос келиши бўйича ҳам Олий суднинг жавоби тайёр.

Судлардан холислик ва адолат талаб қилинар экан, ОАВлардан ҳам шу омилларга риоя этиш талаб қилиниши табиий. Оммавий ахборот воситалари эркинликка юз тутиб, жамиятдаги муаммолар очиқ-ойдин ёритилаётгани қувончли ҳол, албатта. Унутмаслик керак: тарозининг икки палласи бўлганидек, журналист зиммасида ҳуқуқига яраша мажбурияти ҳам бор. Мажбуриятдан чекиниш эса муайян ҳуқуқий таъсир чоралари қўлланишига сабаб бўлиши мумкин.

Юқоридаги баёнлардан келиб чиқиб, сўзимиз ниҳоясида битта савол берсак:нималар қиляпсиз ўзи?

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг