Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ниқобли босқинчи бегона эмас экан...

Ниқобли босқинчи бегона эмас экан...

Жиноят ишлари бўйича Ромитан туман судида босқинчиликка оид жиноят иши кўриб чиқилди. Эътиборлиси, босқинчи бегона бўлиб чиқмади: у жабрланувчнинг синфдоши экан!

 ...Ш.Яхшиев синфдоши А.Тиллаевнинг Қоракўл туманидаги «Шер сахий» бозорида савдо фаолияти билан шуғулланишини яхши билган, албатта. Эртаю кеч бозорда бўлган одамнинг кундузи уйида хотинидан бошқа киши бўлмаслиги эҳтимоли катта. Шунга қарамай, Ш.Яхшиев яна бир карра «разведка» қилиб, тахмини тўғри эканига батамом амин бўлди. Буёғига аниқ ҳаракат қилса — кўз очиб юмгунча яхшигина бойлик эгасига айланади.

У 2019 йилнинг 1 февраль куни А.Тиллаевнинг уйига девор ошиб ўтганда вақт пешинга етмаганди. Оқ рангли аёллар рўмолидан ўзига ниқоб ясаб, бармоқ излари қолмаслиги учун қўлқоп кийиб, ичкарига киргани ҳамоно хонадон бекасига дуч келди. Вақтни бой бермай аёлга ҳужум қилиб, биқинига ошхона пичоғини тираркан, худди кинолардагидек шарт қўйди: мол керакми ёки жон?

Жон ширин, аёл босқинчининг талабига бўйсиниб, аввалига қўл ва қулоғидаги, сўнг ётоқхона жавонидаги бошқа тилла тақинчоқларини тутқазди. Нақд пул чиқмади. Аёлни уриб-тепибди ҳамки, натижа йўқ: бори шу экан. Босқинчи жами олти миллион сўмдан кўпроқ қийматдаги тақинчоқларни қўлга киритгач, «мелисага хабар қилса, ўзига ёмон бўлишини» айтиб, жуфтакни ростлади. Кетар чоғи «Артел» русумли қўл телефонини ҳам кўздан қочирмади.

Ш.Яхшиевнинг таҳдидига қарамай, ўша куниёқ тегишли органларга хабар берилди. Кўп ўтмай босқинчи ашёвий далиллар билан қўлга олинди. Бу ёғи энди суд...

...Жиноят ишлари бўйича Ромитан туман суди раиси У.Бозоровнинг «Xabar.uz»га маълум қилишича, Ш.Яхшиев Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 164-моддаси 3-қисми «в» банди билан айбдор деб топилиб, 10 йил озодликдан маҳрум этилди.

Олти миллион сўмдан сал кўпроқ зарарга шунча жазоми?

— Бўлмаса-чи? — деди суд раиси. — Ўғрилик билан босқинчилик жиноятлари ўртасида фарқ катта. Шу сабаб тайинланган жазодан ажабланманг, ҳаммаси қонун доирасида...

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг