Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Наманганда фуқаронинг уйи компенсация миқдоридан норозилиги учун бузилмади

Наманганда фуқаронинг уйи компенсация миқдоридан норозилиги учун бузилмади

Фото: wikiway.com

Наманган вилоят адлия бошқармаси томонидан Наманган шаҳрида яшовчи фуқаро М.Эгамбердиеванинг мурожаати ўрганиб чиқилди. Фуқаро бузилишга тушган тураржойи учун тўланаётган компенсация пули миқдоридан норози бўлган.

Аниқланишича, М.Эгамбердиева яшаётган уйнинг кадастр ҳужжати унинг қайнонаси Ў.Тожибаева номига 2009 йилда расмийлаштирилган. Уй «SHERDOR EXPERT» МЧЖ томонидан 222 858 669 сўмга баҳоланган. Наманган шаҳар ҳокимининг 2019 йил 5 апрелдаги 392-сонли қарорига асосан Наманган шаҳар, Шарқ тонги МФЙ, Самарқанд кўчасида жойлашган тураржойлар бузилишга тушганлиги ва айрим хонадонлар бузилганлиги аниқланди.

Шунингдек, фуқаролик ишлари бўйича Наманган туманлараро суди томонидан 2019 йил 27 июнда «Даъвогар Наманган шаҳар ҳокимлиги, жавобгарлар Ў.Тожибоева ва М.Эгамбердиевалар ўртасидаги келишувга кўра, жавобгар М.Эгамбердиевага 0,04 га ер майдони ажратиш, 113 000 000 сўм компенсация пули беришга, жавобгар Ў.Тожибоевага Наманган шаҳар, Алпомиш МФЙ, Хамза кўчасида жойлашган 8-уйни расмийлаштириб беришга, фуқаро Ў.Тожибоева етти кун муддат ичида уй-жойни бузиб чиқиб кетишга келишилганлиги баён қилиниб, ер майдонини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун қайтариб олиш ва биноларни мажбурий тартибда буздириш ҳақидаги даъво аризаси тарафлар ўртасида келишув битими тузилганлиги ва у суд томонидан тасдиқланганлиги сабабли фуқаролик иш юритишдан тугатилиши» тўғрисида ажрим қабул қилинган.

Косонсой туман маъмурий суди томонидан 2019 йил 24 июлда «Аризачилар Ғ.Алимов, О.Асқаралиев, М.Эгамбердиева, Х.Абдуқаххаров, Х.Холмирзаеваларнинг Наманган шаҳар ҳокимининг 2019 йил 5 апрелдаги 392-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги шикоят аризасини қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида» ҳал қилув қарори чиқарилган.

Фуқаролик ишлари бўйича Наманган туманлараро суди томонидан 2019 йил 25 июлда “Фуқаролик ишлари бўйича Наманган туманлараро судининг 2019 йил 27 июндаги келишув битимини тасдиқлаш ҳақидаги ажримининг ижроси мазкур фуқаролик иши кассация инстанциясида кўриб чиқилгунга қадар тўхтатиб туриш тўғрисида ажрим қабул қилинган.

Фуқаролик ишлари бўйича Наманган вилоят суди кассация инстанцияси томонидан 2019 йил 22 августда «Даъвогар Наманган шаҳар ҳокимлиги жавобгарлар Ў.Тожибоева ва М.Эгамбердиеваларга нисбатан ер майдонини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун қайтариб олиш ва биноларни мажбурий тартибда буздириш ҳақидаги даъво аризаси юзасидан чиқарилган фуқаролик ишлари бўйича Наманган туманлараро судининг 2019 йил 27 июндаги ажрими»га нисбатан жавобгар М.Эгамбердиева томонидан берилган кассация тартибидаги хусусий шикояти юзасидан «Фуқаролик ишлари бўйича Наманган туманлараро судининг 2019 йил 27 июндаги ажрими бекор қилиш ва ишни мазмунан кўриш учун биринчи инстанцияга юбориш тўғрисида»ги ажрими қабул қилинган.

Фуқаролик ишлари бўйича Наманган туманлараро суди томонидан 2019 йил 8 октябрда «Даъвогар Наманган шаҳар ҳокимлиги жавобгарлар Ў.Тожибоева ва М.Эгамбердиеваларга нисбатан ер майдонини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун қайтариб олиш ва биноларни мажбурий тартибда буздириш ҳақидаги даъвоси асоссиз деб топилиб, қаноатлантиришдан рад этиш тўғрисида»ги ҳал қилув қарори чиқарилган.

Бундан ташқари, мурожаат юзасидан фуқаро М.Эгамбердиева билан ўтказилган суҳбат жараёнида Наманган шаҳар, Шарқ тонги МФЙ, Самарқанд кўчаси, 9-уй учун қайнонаси Ў.Тожибоевага Наманган шаҳар, Алпомиш МФЙ, Хамза кўчасида жойлашган 8-уйнинг барча ҳужжатлари тақдим қилинган бўлса-да, ҳозирда ушбу уй-жой қайнонаси Ў.Тожибоеванинг номига расмийлаштирилмаганини, фуқаро М.Эгамбердиевага уй-жойи учун ер майдони ажратилмаганлигини, «SHERDOR EXPERT» МЧЖнинг 2019 йил 1 июндаги 477-сонли ҳисоботига асосан баҳоланган суммадан, яъни 222 858 669 сўм миқдоридан норози эканлигини баён қилган.

Ҳозирда «ZAFAR PLAST» МЧЖ ҳамда фуқаро М.Эгамбердиева ўртасида уй-жой бузилиши учун берилиши керак бўлган компенсация миқдори юзасидан келишувга эришилмаганлиги сабабли фуқаро М.Эгамбердиева яшаётган Наманган шаҳар, Шарқ тонги МФЙ, Самарқанд кўчаси, 9-уй бузилмаган.

Адлия вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг