Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Миттал хоним 10 нафар аёл судья билан бир пиёла чой устида суҳбатлашиш истагини билдирди

Миттал хоним 10 нафар аёл судья билан бир пиёла чой устида суҳбатлашиш истагини билдирди

БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси минтақавий ваколатхонаси раҳбари Ашита Миттал хоним ўзбекистонлик 10 нафар аёл судья билан бир пиёла чой устида мириқиб суҳбатлашиш ниятида. У айни истагини Судьялар олий кенгаши раиси Холмўмин Ёдгоров билан учрашув жараёнида билдирди.

Гап шундаки, бугун Миттал хоним Судьялар олий кенгашига ташриф буюрди. Кенгаш матбуот хизматининг «Xabar.uz»га маълум қилишича, учрашувда мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, хусусан, судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, тизимда коррупциянинг олдини олиш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Меҳмонда Судьялар олий кенгаши ҳузурида ташкил этилган Судьялар клуби, айниқса, унинг онлайн платформасида муҳокама этилаётган мавзулар катта қизиқиш уйғотди. Ўз навбатида Миттал хоним кенгаш фаолияти, хусусан, судьялик лавозимига тайинлаш очиқлик ва шаффофлик тамойиллари асосида амалга оширилаётганини мамнуният билан эътироф этди ҳамда БМТ тизимидаги ахборот ресурслари орқали намунали амалиёт тариқасида «кейс-стади» кўринишида намойиш қилинишини қўллаб-қувватлади. Шунингдек, Ўзбекистон Президенти ғояси асосида ташкил этилган мазкур клуб фаолиятини ўта ижобий янгилик сифатида («best practise») ҳар икки йилда Венада бўлиб ўтадиган жиноятчиликка қарши курашиш бўйича халқаро конгрессда тақдим этишни ҳам илгари сурди.

Учрашувда БМТнинг қайд этилган бошқармаси минтақавий ваколатхонасининг одам савдоси ва ноқонуний миграция масаласи бўйича маслаҳатчиси лавозимига яқинда тайинланган Рэда Сиргедиене ҳам таништирилди. Сиргедиене хоним Ўзбекистонда иш бошлаганидан мамнун эканини қайд этиш асносида Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби дастурларига БМТнинг ўқув моделларини киритиш таклифни ўртага ташлади.

Якунда меҳмон хонимлар тизимдаги тендер тенглиги масаласи билан қизиқдилар. Айни пайтда суд тизимида 123 нафар судья аёл фаолият кўрсатаётгани, улар орасида раҳбарлик лавозимида ишлаётган кам эмаслигидан воқиф бўлишгач, ҳайратларини яшириб ўтирмади. Аксинча, Миттал хоним халқаро хотин-қизлар байрами арафасида ўзбекистонлик 10 нафар аёл судья билан бир пиёла чой устида мириқиб суҳбатлашиш истаги туғилганини билдирди. Бунга жавобан бундай истак амалга ошишида муаммо йўқлиги айтилди, дейилади Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати хабарида.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг