Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

МИБга савол: сув бўлса ҳам таяммумми?

МИБга савол: сув бўлса ҳам таяммумми?

Фото: Xabar.uz

Икки кун бурун сайтимизда Самарқандда Мажбурий ижро бюросининг (МИБ) икки нафар ходими ва бир нафар «югурдаги»га суд ҳукми ўқилгани ҳақида мақола берилганди. Наинки оммавий ахборот воситаларидаги чиқишлар, балки ижтимоий тармоқдаги тизимга оид кичкина хабарларни-да беэътибор қолдирмайдиган МИБ матбуот хизмати мазкур мақолага муносабат билдириши эҳтимоли юқори эди.

Шундай бўлди ҳам, фақат бошқача шаклда.

Аввалига қўнғироқбозлик бошлади: «...шартмиди шуни чиқариш?», «... мақолани олиб ташлашнинг иложи йўқми?», «матндаги ҳеч-йўғи «югурдак» деган жойни қисқартиринглар...». Айтиш шарт: қўнғироқлар МИБ марказий аппаратидан бўлгани йўқ. Аммо ким(лар) сим қоқмасин, қўнғироқнинг қуввати қаерга бориб тақалишини илғаш қийин эмасдики, бу ҳайратимизга ҳайрат қўшди денг.

Биринчидан, мақолада фавқулодда воқелик қаламга олинмаган, самарқандлик икки МИБчи ва унинг «югурдаги» жиноий жавобгарликка тортилгани ҳақида бир-икки оғиз гап айтилган, холос. Уларга нисбатан чиқарилган суд ҳукми ҳам қонуний кучида турибди. Шундай экан, шу-унча ваҳима нимаси?!

Иккинчидан, тушунамиз, манзара чиройли эмас, бундай салбий ҳолатнинг ОАВдаги аксини тизим ходимлари хурсандчилик билан кутиб олмайди. Шундай экан, «қўнғироқ кучи»га умид қилиб, мақолани сайтдан олдириб ташлашга уриниш ўрнига тўғридан-тўғри чиқиб, икки оғиз муносабат билдиришда нима мушкул бор? Ахир, «Xabar.uz»нинг эшиги бошқаларга қараганда МИБчилар учун каттароқ очиқ эмасми?! Тизим ходимларининг фаолияти, ўтказган катта-кичик тадбирлари айнан бизнинг сайтда кенгроқ ёритилмаяптими? Ишонмасангиз, сайтнинг «қидирув» нуқтасига «МИБ» деб ёзинг: кўрасиз, биласиз ва хулосаям қиласиз...

Шунга қарамай «беркинмачоқ» ўйини бошланиб кетганига нима дейсиз? Аввал оммабоп бир сайтда, кўп ўтмай яна биттасида МИБнинг бизда босилган мақолага муносабати чиқсами?! (МИБнинг бундай «тактика»си сув бўлатуриб, қумга таяммум қилган аробийнинг қилиғини эслатди, рости)

Ким қайси минбардан туриб муносабат билдиришида муаммо йўқку-я, аммо битта сайтда чиққан мақолага бошқаси орқали нуқтаи назар билдирилиши ҳуқуқий тартибларга кўпам тўғри келмайди-да. (Бу худдики битта нашрдан «мушт» тушган жойга бошқаси орқали «шўрпахта» қўйишгаям ўхшаяпти!) МИБ – ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган, бу даргоҳда қонунни сув қилиб ичганлар ишласа керак, уларки оддий тартибни «айланиб ўтиб», қаерда чиқишининг фарқи йўқ – муҳими, муносабат билдирган бўлиб, шу билан «виждонга сув сепишга» уринса, бошқаларда не умид?!

Энг қизиғи, мақолада айбсизлик презумпцияси ҳамда инсон шаъни ва қадр-қадр қиммати ҳурматидан келиб чиқиб, жиноий жавобгарликка тортилган икки нафар собиқ МИБ ходим-ю уларнинг «югурдаги» исми-шарифи ўзгартирилганди. Муносабатда бунинг аксини кўрасиз: уларнинг кимлиги, қачондан бери ишлашигача ошиқ-ошкора берилибди (шу жойида «о-ла!» деворишдан тийилдик).  Бюронинг «...ножўя хатти-ҳаракат содир этган ходимлар билан асло муроса қилаолмас»лиги яхши, албатта. Бундай муросасизлик собиқ ҳамкасбнинг шаъни ва қадр-қимматидан кўпам устун бўлавермаслиги керак барибир.

Муносабатда коррупцияга қарши кескин кураш, унинг илдиз отишига сабабчи бўлаётган омилларни бартараф этиш борасида Бюро ташкил этилгандан буён қатъий курашиб келинаётгани, бошқарма (МИБ Самарқанд вилоят бошқармаси назарда тутилмоқда – таҳр.) тизимдаги 7 нафар ходим томонидан содир этилган ножўя хатти-ҳаракатларнинг 6 таси ички хавфсизликни таъминлаш махсус тармоқ ходимларининг ташаббуслари асосида фош этилгани баланд пардаларда айтилади. Яхши, гап бўлиши мумкинмас.

Дангалига кўчсак, бунақа баладпарвоз баёнотлар кўп ва хўб айтилади (нафақат МИБ, бошқа идоралар томонидан ҳам), бироқ гап натижада! МИБни коррупциядан холи орган деб баралла айтиш мумкинми? Ходимларини хушмуомала, маънавий-ахлоқий томондан намуна бўлгулик, ўз ишининг устаси, деб-чи?! 

Рости, тизим ходимларининг машаққатли ишларини эътироф этган ҳолда улар орасида манфаатпарастликка берилган, «калла деса, салла олувчи»лар батамом йўқ, дейишга тил бормайди. Соҳадаги оғзи полвон раҳбарларнинг «оташин нутқлари» тез-тез тармоқларда янграмоқда, ходимлар (зиммасига отнинг калласидек «кунлик режа» илиб қўйилиши натижасида) пандемияга қарамай уйма-уй юриб, қарздорларнинг «қонини ичиш» ҳолатлари ҳам учрайди. Энг даҳшатлиси, фуқарони қийноққа солгани учун жиноий жавобгарликка тортилган формалилар орасида МИБ ходимиям бор.

Хуллас, гапираман десак, гап кўп.

Мухтасар қиладиган бўлсак, тизимдаги муаммоларни бартаф этишда МИБ учун оммавий ахборот воситалари яхши кўмакчи, аслида. Бунинг учун танқидга тоқатли бўлиб, ҳар бир ҳолатга холис ёндашиш талаб этилади, холос. Суднинг қонуний ҳукми асосида ёзилган шапалоқдек мақолага «сиркаси сув кўтармаслик» қабилида ёндашиб, сайтлараро «бекинмачоқ» ўйнаш орқали чин мақсадга эришиб бўлмайди.

Айтаримиз шу.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг