Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

МИБ ходими: «Ёмонам бурчакка тирайсизлар-ей...»

МИБ ходими: «Ёмонам бурчакка тирайсизлар-ей...»

Фото: «Xabar.uz»

1

Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси (МИБ) мутасаддилари йигирма кунда иккинчи марта оммавий ахборот воситалари (ОАВ) ходимлари учун брифинг ўтказди.

Тадбир тафсилотлари баёнидан бурун икки оғиз гапга эҳтиёж бордай...

2

Тўртта одамнинг олдида гапиришнинг ўзи бўлмайди, рост. Оммавий ахборот воситалари ходимлари олдида-ку, инчунин. Айниқса, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари! Яқин-яқингача журналистларнинг «юзини кўрмай юрган» мазкур соҳа вакиллари энди улар билан тез-тез учрашиб, муайян мавзуда ахборот беришдан ташқари оғир-оғир саволларигаям жавоб қайтаришига тўғри келмоқда. Гапнинг пўсткалласи — уларгаям осонмас: «ортиқча» гапириб юборса раҳбарларидан балога қолиши мумкин, «қоғозга қараб айтганлари»дан журналистларнинг «қорни тўймайди». «Олтин ўрталиқ»ни топиш ёки яланғоч қўлга тутқич бермаслик ҳар кимнинг қўлидан келавермайди (ҳаммаям Светлана Ортиқова ёки Эркин Йўлдошев эмас-да). Ўтказилаётган матбуот анжуманларининг аксарияти гоҳ қизғин, гоҳ кескин баҳс-мунозараларга айланиши сабабиям шунда. Зеро, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга савол кўп. Жуда кўп...

Фото: «Xabar.uz»

3

...Мажбурий ижро бюроси (МИБ) ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан бири. Бюро Бош прокуратура тизимидаги энг катта ва муҳим тармоқ бўлиб, ҳуқуқий таъсир чоралари қўллашдек ваколатларга эга. МИБ ташкил этилганига кўп вақт бўлгани йўқ. Янги ташкилот пайдо бўлиб, фаолияти изга тушиши маълум вақт талаб этиши табиий. Бироқ бюрога юклатилган вазифалар залвори «ишни йўлга қўйволишга» фурсат қолдирмади, аксинча, дарҳол оёққа туриши шарт қилинди. Бу жараёнда турли тушунмовчиликлар рўй бериб, муайян хатоликларга йўл қўйилиши эҳтимоли кўп эдики, шу ва шу каби омиллар сабаб ОАВ МИБчиларни «кўз очирмай» қўйгани бор гап. Шунга қарамай тизим раҳбарияти танқидлардан ортиқча «жириллагани» йўқ: асосли бўлса — бош устига қабул қилди, баҳсли бўлса — тушунтириш беришдан эринмади, асоссизларига баъзан раддия берса, баъзан қўл силкиб қўяқолди. Илло, ОАВдаги чиқишлар эътиборсиз қолдирилмаётир. Балъакс, тез-тез брифинглар уюштириб, тизимдаги янгликлардан бохабар этишмоқда.

...Мана, бугун (17 декабрь), МИБ мутасаддилари кейинги йигирма кун нари-берисида иккинчи бор ОАВ ходимлари қаршисида турибди. Шундан келиб чиқиб, ҳар брифингда журналист ва блогерлар томонидан «талаб ташланиш»ларига қарамай тез-тез очиқ мулоқот уюштираётганини алоҳида таъкид этмаслик инсофдан бўлмас...

4

...Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган навбатдаги тадбир мавзуси жисмоний шахсларнинг ҳисоб-рақамларига қўйилаётган тақиқи (чеклов)га доир эди. МИБ директори ўринбосари Ш.Ҳайдаров мавзу юзасидан қисқа ахборот берди, сўнг савол-жавобларга ўтилди.

Фото: «Xabar.uz»

«Қоғозга ўраб» тушунтирилдики, дардинг бўлсаям қарзинг бўлмасин. Айниқса, етказиб берилган энергия ресурсларидан! Тўлов маданиятимиз ҳавас қилгулик эмас. Шу боис МИБ ходимлари гоҳ кескин, бироқ қонун доирасида чоралар қўллашга мажбур бўлмоқда. «Чегарадан чиқаётганлари»га-ку ўрнида чора кўрилаётир. Ва бу яширилаётгани ҳам йўқ. Тизим ходимларига энергия ресурсларидан ҳосил бўлган қарздорлик учун истеъмолчининг пластик картасидан (энг кам иш ҳақининг икки бараваридан ошмайдиган миқдорда) пул маблағларини сўзсиз ечиб олиш ваколати берилганди. Бироқ айни ваколатдан МИБчилар фойдалангани йўқ. Аксинча, аҳолининг эътироз ва таклифларидан келиб чиқиб, келаси йилнинг 1 июлига қадар бу тартибга мораторий эълон қилди. Шу тариқа банкларга юборилган 140 мингтадан (!) кўпроқ ижро ҳужжатлари (ижросиз) қайтарилди. Унгача энергия ресурслари ва қаттиқ маиший чиқиндилар учун тўловларни ундириш, суд ва бошқа органлар ҳужжатлари мажбурий ижросини таъминлашнинг шаффоф тизимини яратиш, қарздорларга хабар бериш тизими такомиллаштирилади...

Фото: «Xabar.uz»

5

Шу ва шу каби вазифалардан келиб чиқиб, айни кунда бюро, банк муассасалари ва бошқа ҳамкор ташкилотлар ўртасида электрон ахборот алмашиш тизимини интеграциялаш, айни жараёнда жисмоний шахсларнинг Ягона идентификация тизимини йўлга қўйиш устида иш олиб борилмоқда.

Мазкур тизим фуқароларнинг ортиқча оворагарчиликларига чек қўяди, насиб... Негаки, айни пайтда қарздор кўп овора бўлиб, қўшимча вақт ва асаб йўқотаётгани бор гап. Дейлик, бирор тўловдан қарзи бор одам уни бартараф этгач, бу ҳақда маълумотнома кўтариб, МИБга боради. Ўз навбатида, МИБ унга қарзи учун тақиқ солинган мулкини ечиш тўғрисида ҳужжат тутқазади. Ҳужжатни қўлга олган одам энди тегишли ташкилотга чопиши керак: мана, керакли маълумотнома, энди мулкимни тақиқдан ечиб беринг, деб... Тақиқ ечилиши соатлар эмас, кунларга чўзилиши (айниқса, ЙҲХ идораларида!) эътиборга олинса, шўрлик қарздорнинг она сути оғзига келиши тайин. Тўғри, тўловлар вақтида амалга оширилиши шарт. Аммо қарздор бўлиш кимга ҳавас?! Ҳамманиям киссаси пулга тўла эмаски, тўловни вақтида амалга оширса?!

Янги тизим ишга тушса, тўлов амалга оширилгани ҳамоно саноқли сонияларда ҳаммаси жойига тушади. Маълумот кўтариб, у идорадан бу идорга чопишга ҳожат қолмайди. Талабга яраш таклиф деганлари шу.

6

...Тадбирда Марказий банк вакилининг чиқиши кўп баҳс-мунозаларга сабаб бўлди. Савол тушдики, қарздорнинг ҳисоб-рақамида қанча маблағ борлиги ҳақида тегишли органга, хусусан, МИБга маълумотнома тақдим этиш билан банк томонидан мижоз ҳуқуқига дахл қилинмайдими? Жавоб: йўқ, қонунда бу нарса кўзда тутилмаган. Хўп. Энди ўйланг: банк — омонатдор муассаса, бировнинг пулини сақлаб, шу хизматига ҳақ олади. Шунга қарамай, мижозни ғафлатда қолдириб, унинг ҳисоб-рақамида қанча маблағ борлиги ҳақида тегишли органларга маълумот тақдим этиши қанчалар мантиқдан?! Мижозни аввал огоҳлантириб, кейин тегишли ҳаракатга тушса, сал-пал мақсадга мувофиқ бўлмайдими?

Қисқаси, марказий банк вакилининг узуқ-юлуқ жавоблари ўхшамади. Бундан хулоса: банк-мижоз ўртасидаги муносабатлар жиддий кўриб чиқилиши керакдай. Йўқса, фуқаролар маблағини банкда эмас, сандиқда сақлашни афзал кўраверишади...

7

Тадбирда суд ҳужжатлари ижроси масаласида молия органлари ҳамон «дахлсиз муассаса» бўлиб қолаётганига яна бир бор эътибор қаратилди. Яъниким, агар фуқаро давлатдан қарз бўлиб қолса, МИБ «энасини кўрсатиб» бўлсаям ундириб беради. Бироқ давлат фуқародан қарз бўлса, айни манзаранинг аксини кўрасиз. Масалан, ноҳақ судланган фуқарога етказилган моддий-маънавий зарарлар ёки бузилган мулки учун товон пуллари молия органлари томонидан тўлаб берилади. Айни мазмундаги суд қарорлари ижроси МИБга эмас, молия органларининг ўзига юклатилганига нима дейсиз?! Қонун шундайки, молия органларига келганда МИБ «ўйиндан ташқари ҳолат»га чиқариб қўйилган. Энг ёмони, молия органларидаги валломатлар суд ҳужжатларини вақтида ижро қилмаса, улар устидан на МИБга, на прокуратурага арз қилиш мумкин?!. Шикоятни фақат шу органнинг юқори турувчи идорасига бериш лозим. Юқори турувчи органга мурожаат қилган фуқаронинг доим ҳам муроди ҳосил бўлавермайди. Чунки, битта тизим ходимлари бир-бирининг кўзига чўп суқавермайди.

Энди қаранг: қонун олдида барча баробар деган гап кўп ва хўб айтилади. Хўш, қани суд ҳужжатлари ижросига доир масалада молия органининг бошқалар билан тенглиги? Бу бориб турган мантиқсизлик эмасми?!

8

МИБга келиб тушаётган ҳамма ижро ҳужжатлари бекаму кўст ижро этиладими? Шундай ижро ҳужжатлари борки, уларни амалга оширишнинг имкони йўқ. Дейлик, фуқаролик суди Эшматдан Тошмат фойдасига катта миқдорда пул ундиришни белгилади. Ижро ҳужжати МИБга ўтгач, ходим қарздорнинг тит-питисини чиқариб, қўлга илингулик ҳеч нарсасини топмади, дейлик. Кейин-чи? Ижрочи ҳужжатларни ҳақдор — Тошматга қайтаради: узр, Эшматнинг ҳеч вақоси йўқ экан. Агар Эшмат бирор жойда ишласа, ундирувни маошининг маълум қисмидан қайтариб бериш мумкин, холос. Акс ҳолда, шуям йўқ. Қуруқ бўйидан бошқа ҳеч нарсаси йўқ қарздорни уриб бўлмаса, сўкиб бўлмаса...

Ҳақини ундириш учун судга чопа-чопа даъвоси қаноатлантирилган фуқаро алал-оқибат бир уюм қоғоз билан қолиб кетаётганининг сабабиям шунда. Жиноят судларида фирибгарлиги учун судланган шахслар жабрланувчига етказган зарарларни ундиришга оид аксарият ижро ҳужжатлари хусусида ҳам гап шу...

Бундай ҳолатларга самаралироқ қонуний ечим топиш устида ҳам бош қотириш керакдай. Йўқса, бечора ҳақдорда ижро ҳужжатини бурда-бурда қилгач, кафтини очганча қиблага қараб «...кечдим, Аллоҳу акбар!» дейишидан бошқа чора қолмаяпти.

9

...Юқоридаги баёнлар тадбир сип-силлиқ ўтганига далолат қилмайди. Шунақанги баҳс-мунозаралар бўлдики, улар «рандалаб», бироз пардоз-андозлаб, қоғозга туширилмоқда. Йўқса, тадбир ниҳоясида МИБ марказий аппарати матбуот хизмати бошлиғи Фаррух Тошпўлатов довондан ўтган йўловчидай енгил тин олиб, «...Ёмонам бурчакка тирайсизлар-ей», дея жичча ўпкаламаган бўларди...

                                                              Турсунали Акбаров,
«Xabar.uz»

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг