Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Маҳаллий депутатлар Андижон прокуроридан «гапига жавоб бериш»ни талаб қилмоқда

Маҳаллий депутатлар Андижон прокуроридан «гапига жавоб бериш»ни талаб қилмоқда

Фото: «Legalaid2020.ru»

Андижонда шаҳар прокурори ва маҳаллий депутатлар ўртасидан «оламушук» ўтди. Бунга прокурорнинг депутатлар ҳақида ўйламай айтган бир оғиз гапи сабаб қилиб кўрсатилмоқда.

Гап шундаки, шу йилнинг 3 август куни Андижон шаҳар ҳокимлигида «Ҳафта давомида бажарилиши зарур бўлган масалалар» бўйича йиғилиш ўтказилди. Унда сектор, ташкилот раҳбарлари ҳамда шаҳар кенгаши депутатлари қатнашган.

Мазкур йиғилишда Андижон шаҳар прокурори Қ.Асқаров пандемия пайтида шаҳар кенгашининг айрим депутатлари шаҳарда ташкил этилган постларда, озиқ-овқат дўконлари ҳамда дорихоналарни ўрганиш давомида тамагирлик қилаётгани ҳақида гапирворди. Лекин айнан қайси депутат, қачон, қандай усулда тамагирлик қилаётганлиги очиқланмаган.

Бугун (11 август) халқ депутатлари Андижон шаҳар кенгашининг «Регламент ва депутатлик одоби масалалари бўйича доимий комиссия»сининг йиғилиши бўлиб ўтган. Унда ушбу масала атрофлича муҳокама қилиниб, прокурорнинг таънаси депутатларнинг шаъни ва қадр-қимматига тажовуз деб баҳоланди.

Халқ вакиллари Ўзбекистон Республикасининг «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида»ги қонуни 10-моддасига таяниб, ҳар бир депутатга ўз ваколатларини монеликсиз ҳамда самарали амалга ошириши учун шарт-шароит кафолатланиши, унинг ҳуқуқлари, шаъни ва қадр-қиммати муҳофаза қилинишини айтиб, прокурордан айтган гапига жавоб беришини талаб қилишмоқда.

Деярли учрамайдиган бундай воқелик бўйича «Xabar.uz» Бош прокуратура билан боғланди. Маҳкама матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов вазиятдан бохабарлигини айтиб, мазкур ҳолат юзасидан Андижон вилояти прокуратураси ҳамда Халқ депутатлари Андижон вилояти кенгаши аъзоларидан иборат гуруҳ тузилиб, ўрганиш ишлари бошлаб юборилганини билдирди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг