Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Анвар Намозов

Дунёда тасодиф йўқ, бу сўзларни ўқиётганингиз ҳам тасодиф эмас!

Журналист нега қамалган эди? (1-қисм)

Журналист нега қамалган эди? (1-қисм)

Фото: «Xabar.uz»

Наманганлик журналист Ортиқали Номозов оз эмас, кўп эмас, ярим аср матбуот соҳасида ишлади. Туман газетасидан тортиб мамлакатнинг «Халқ сўзи» аталмиш нашригача фаолият кўрсатди. Журналларда хизмат қилди. Ёмон ишламади шекилли, эътирофларга сазовор бўлди. «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист» унвонига муносиб кўрилди. «Мустақилликнинг 10 йиллиги» нишони билан тақдирланди. Уч-тўртта китоби нашр этилди. Афсуски, бу журналист севимли касби ортидан жиноий жавобгарликка ҳам тортилди. Туҳмат туфайли озодликдан маҳрум этилиб, емаган сомсага пул тўлади... Шу кунларда нашрга тайёрланаётган «Журналист нега қамалган эди?» номли диалог-қиссада Ортиқали аканинг изтиробга тўла йиллари, панжара ортидаги ҳаёти батафсил ёритилган. Қуйида китобдан айрим бобларни ҳавола этамиз.

 Энг катта хато

– Ортиқали ака, «Одиловни отмоқчи эдилар» китобингизнинг бир жойида қамалиб чиққанингизни айтгансиз. Сизни кўпчилик матбуотда эълон қилинган мақолаларингиз орқали тўғрисўз, ҳақиқатпарвар, камчиликларга муросасиз журналист сифатида биларди. Ўзи шу сабаб бўлмаганмикан қамалишингизга?

– Бунинг тарихи узун, дўстим. Бу дунёи-дунда ҳар кимнинг бошига тушадиган «савдо»ларга энг, аввало, ўзи сабабчи бўлади. Яратганнинг хом сут эмган, ожиз бандасимиз-да. Менинг ҳам ҳаётда хатоларим, нуқсонларим кўп. Таъбир жоиз бўлса, энг каттаси Поп тумани ҳокимлигининг нашри «Поп тонги» газетаси муҳаррирлигига унаганим эди. Бунгача республика «Қишлоқ ҳаёти» газетасининг водийдаги мухбири эдим. Ҳали Наманган, ҳали Фарғона, гоҳ Андижондан ёзган турли мавзудаги мақолаларим газетанинг деярли ҳар сонида чиқиб турар, ўша пайтдаги бош муҳарриримиз, ажойиб валламат инсон Ўткир Раҳмат вилоят мухбирларининг бот-бот чақириладиган йиғилишларида каминани мақтаб, бошқаларга ибрат қилиб кўрсатарди. Телевизордаги матбуот шарҳида ҳамкасбларим танқидий-таҳлилий мақолаларимга алоҳида урғу беришар, айрим жойларини ўқиб, аксар чиқишларим газетхонлар ўртасида акс-садо берарди. Аканг қарағай бундан ҳаволаниб, гўё еттинчи осмонларда учиб юрардим. Эркин қуш эдим.

Янги аср боши. Икки мингинчи йиллар аввали эди. Туманимизга янги ҳоким келди. Бир куни у билан тасодифан учрашиб қолганимизда мени туман газетаси муҳаррирлигига таклиф қилди. Кўнмадим. Ҳоким жаноблари чорлаб, қисташини қўймади.

Хуллас, туман газетасига муҳаррир бўлдим. «Қишлоқ ҳаёти»даги мухбирлик фаолиятимни ҳам давом эттирдим. Шу ўринда кейинчалик ва ҳали ҳанузгача тез-тез таажжуб ва ҳайрат билан эслайдиганим бир воқеани айтай. Ҳокимликнинг умумий бўлимида иш бошлаш учун баъзи расмий қоғозларни тўлдираётган чоғимда хонада вилоят «Наманган ҳақиқати» газетасининг фотомухбири Пўлатжон Акбаров пайдо бўлиб қолди. Пўлат акани яхши танирдим. Баъзида суратларидан фойдаланиб турардим. Жуда одми, жўн-жайдари одам. Илиқ кўришдик.

Пўлат ака хона менинг хона соҳиби билан кечаётган гап-сўзларимиз, стол устида ёйилиб ётган қоғоз-ҳужжатлардан вазиятни англаб етди шекилли, чўнтагидан қоғоз-қалам олди-да, шоша-пиша нимадир ёзиб, мен томонга суриб қўйди. Сўнг хонани тарк этди. Мен унинг ёзганига кўз ташладим: «Поп тонги» муҳаррирлигига ўтманг!.. Сира ҳам!!!»

Ўшанда раҳматли Пўлат аканинг бу «реплика»си менга ғалати туюлган, эътибор бермай, қоғозни икки буклаб чўнтагимга солиб қўйганман. Бу хат кейин эсимдан чиқиб ҳам кетди. Яқинда «эски-туски»ларни титкилаётиб топиб олдим. Ўқиб баданим жимирлади. Хаёлимдан муҳаррирлик пайтимда бошимга тушган шўришлар бирров кўриниш бериб ўтди. «Тавба-тавба, – дейман. – Ростдан авлиё экан-ку, бу Пўлат Акбар деганлари?!» Кейинчалик туман раҳбарининг гапига кириб, муҳаррир бўлганимга кў-ўп пушаймонлар едимки, асти қўйинг...

– Нима бўлди, танқидий чиқишлар кўпайган бўлса, дакки эшитдингизми? Ёки ҳоким билан муросангиз қочиб қолдими?

– Йўқ. Аксинча, ҳоким мени кўп қўллаб-қувватлади. Дастлаб иш бошлаган куним эрта саҳарда ўзи ўтказадиган радиоселектор йиғилишида мени туман жамоатчилигига қай тариқа таништирганини айтсам ўзингиз бунга амин бўласиз: «Бугун таниқли журналист, «Қишлоқ ҳаёти» республика газетасининг водийдаги махсус мухбири Ортиқали Номозов «Поп тонги» газетаси бош муҳаррири сифатида иш бошлади. Биз Ортиқали ака билан туман ҳокимлигининг нашрини ҳар томонлама ўқишли газетага, туманнинг кўзгусига айлантиришга келишиб олдик. Ҳурматли раислар, ташкилот, корхона ва муассаса раҳбарлари, бугундан эътибора туман газетасига бўлган муносабатингизни кескин ўзгартиришингизни талаб қиламан. Кўзингизни очинг! Ортиқали ака муҳаррир бўлиш билан бирга республикадаги нуфузли бир нашрнинг вакили ҳам. У кишини қўллаб-қувватлашимиз, газетамиз тиражини камида 10 минг нусхага етказишимиз шарт!»

Шу тариқа бир-икки ой ичида «Поп тонги» адади 12 минг нусхага етди. Буёғини сўрасангиз, бошимга тушган кўп ғавғолар айни шу «муваффақият»дан бошланган...

Бугун ёшим етмишга етиб, қанча кечмишлар кечиб чиқарган хулосамни сизга айтай: ҳеч кимнинг молияни, бухгалтерия ишини, ҳисоб-китобни билмасдан туриб, ҳатто уч кишилик жамоага ҳам раҳбар бўлишга ҳаққи йўқ! Мактабда ўқиб юрганимда энг ёмон кўрган фаним математика эди. Устозимиз «ҳой, бу фан ҳали ҳаётда сенга кўп керак бўлади», деса, «мен математикасиз ўқишга кераман, керак эмас менга бу фан», дердим. Устозим ҳазор бор ҳақ экан. Мен қаттиқ янглишган эканман. Ҳар бир жамоанинг иқтисодий жиҳатдан бақувват бўлиши, раҳбарининг эса униб-ўсиши кўп жиҳатдан ҳисобчига ҳам боғлиқ бўларкан...

Камина бу соҳада уқувим йўқлигини билардим, албатта. Шунинг учун ҳам муҳаррир сифатида иш бошлаганимда ҳамиша калласини бир томонга солинтириб, қўли кўксида кулиб турадиган ҳисобчи йигитга «Мен молиявий ишларни тушунмайман, бу борадаги масъулият сизнинг зиммангизда бўлади. Ҳалол, пок ишланг, таҳририятнинг бир чақасини ҳам бежо сарфламанг, тушумларни вақтида тушириб, солиқларни муддатида тўланг», деб топшириқ бердим. Ҳатто бу ҳақда «Тилхат» ёздириб олдим. Ҳар ойда ё чорак охирида ҳисобчи олиб кирадиган туман солиқ инспекциясига топширилиши керак бўлган, турли рақамлар қалаштириб ташланган ҳисоботни кўздан кечирар эканман, «бу ёзганларингиз тўғрими, чалкашликлар йўқми?» деб сўрардим. «Ҳа, жойида, ҳаммаси тўғри» деб қўли кўксида жавоб берарди у. «Қаранг, каллангиз билан жавоб берасиз», деб «ташкилот раҳбари» деган жойга имзо чекардим...

Менинг бутун фикри-зикрим газетада эди. Кўп вақтим материалларни таҳрир қилиш, газета макети устида ишлаш, долзарб мавзуда мақолалар ёзиш, тайёр саҳифаларни ўқиш, таҳририятга келган хат-хабарлар билан танишиш, ариза ва шикоятлар билан келганларни қабул қилиш, яна «Қишлоқ ҳаёти» газетаси топшириқларини бажариш билан ўтарди. Бунинг устига гоҳ саҳар ва гоҳ тунда тўсатдан чақириб қолинадиган мажлислар... Вақти келса бир кун – йигирма тўрт соат камлик қиларди...

Шундай қилиб десангиз, газетамиз адади 12 минг нусхага етди. Бу дегани – таҳририятнинг «қўни-қўнжи» пулга тўлиб, имкониятларимиз кенгайди. Маблағ етарли бўлгач, сўзинг кесаверар, ишинг юришаверар, орзу-ҳавасинг ҳам ошиб-тошиб боравераркан. Ҳамма туман газеталари ҳафтасига бир марта чиқиб тургани ҳолда биз газетани ҳафтасига икки марта чоп этишни йўлга қўйдик. Ижодий ва техник ходимларнинг ойлик маошларини кўтардик. Компьютер сотиб олдик. Энг кўп обуна тўплаган жамоаларни енгил машина, телевизор, гилам каби қимматбаҳо совринлар билан тақдирлашни йўлга қўйдик. Тўзиб-тўкилиб бораётган таҳририят биносини таъмирлаб, янгиладик. Биномиз олдидан ўтган анҳорга кўприк қурдик.

Газетада чоп этилаётган мақолаларнинг эса мазмун-мундарижасини кенгайтириб, ўқишлилигини ошириб, олға кетишимизга халақит бераётган камчилик ва нуқсонларни рўй-рост ёритишга ҳаракат қилдик. Аллақачон унутилиб кетган «фельетон» жанрини тикладик. Ўша пайтда Тошкентдан, телевидениедан Норқобил Жалил келиб, жамоамиз ҳақида «Тўртинчи ҳокимият» кўрсатувини тайёрлаб, эфирга узатди. «Ҳуррият» газетасига камина ҳақида «Ўзидан сўзи катта» деган мақола ҳам ёзди. Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси ташкил этган «Наврўз» – боқий байрам» танловида ғолиб чиқиб, совриндор бўлдик...

Қалбаки имзо

Шундай кунларнинг бирида «Миллий банк» Поп тумани филиали бошқарувчиси имзоси билан менинг номимга «Огоҳлантириш хати» келиб қолди:

«Сизнинг имзойингиз билан «Ниҳол» фирмасига (фирма номи ёдимда қолмаган, рамзий маънода шундай атадим) 10 миллион сўм кредит олиш учун кафолат хати берилган. Фирма кредитни тўлаш муддати ўтиб кетганига қарамай қарзини қайтаришни асоссиз пайсалга солаётгани сабабли «Поп тонги» таҳририяти ҳисоб рақамидан 10 миллион сўмни 20 фоизлик устамаси билан ундириб олишимизни сизга маълум қиламиз...»

Хатни ўқиб, анграйиб қолдим. Бу қанақаси? Ахир, мен банк филиалига ҳеч қандай кафолат хати бермаган эдим-ку? Ҳисобчини суриштирсам қаёққадир чиққан экан. Банк филиалига – тўппа-тўғри бошқарувчининг кабинетига кириб бордим. Мен «ёзган» «Кафолат хати»ни кўрсатишини сўрадим. Кўрсатди.

– Бу хатни биринчи марта кўриб турибман, – дедим бошқарувчига. – Имзо ҳам меники эмас. Сизларда имзойимнинг андазаси бор эди-ку? Нега солиштириб кўрмадиларинг?

– Биз қаёқдан билайлик, бухгалтерингизга ишонгандик-да, – деди у.

«Кафолат хати»дан бир нусха кўчиртириб олиб, таҳририятга қайтсам, ҳисобчи ҳалиям хонасида йўқ. Туман прокуратурасига мурожаат қилдим. У ердан келган бир ходим мендан нима воқеа рўй берганини сўраб, «Кафолат хати»ни экспертизадан ўтказдириш учун олиб кетди... Ва экпертиза текшируви хулосаси бўйича менинг имзойим сохта эканлиги тасдиқланди. Натижада ҳисобчи мулойимгина бўлиб имзони ўзи қўйганлигини тан олди. Прокуратура унинг устидан иш қўзғаши ойдинлашди. Ҳисобчи йиғлагудек бўлди.

– Бир аҳмоқлик қилдим, мени кечиринг, ака, – деди у. – Иккинчи марта шундай қилсам одам эмасман!

Кўнгилчанлик қурсин! Ҳисобчини кечирдим. «Фалончининг даврида писмадон қамалган» деган гап чиқмасин, дедим. Орадан уч-тўрт ой ўтгач, ҳисобчи хонамга мўмин-мулойим бўлиб бош суқди.

– Газетани чоп этиш учун қоғоз тугаяпти, ака, – деди у. – Бу масалани ҳал қилмасак, қийналиб қоламиз.

– Вилоят матбуот бошқармасидан қоғоз таъминоти билан шуғулланувчи фирма ёки корхона манзилини олинг, – дедим унга. – Нархини билинг, пулини ўтказиб, керакли қоғозни босмахонага етказинг.

– Рози бўлсангиз, битта таклиф...

– Хўш?

– Таъминотчини ахтариб вақтни йўқотмайлик. Дўстларимдан бирининг фирмаси бор. Айнан қоғоз савдоси билан шуғулланишади. Лафзи ҳалол болалар. Уларнинг фирмасига беш миллион сўм ўтказиб берсак, олти тонна газета қоғозини уч кунга қолмай келтириб беришади.

– Ишончингиз комилми? – дедим ҳисобчининг кўзларига тикилиб. – Айтган муддатингизда қоғозни етказа олишадими? Қизаришиб қолмаймизми?

– Тепамда Худо!

– Яхши. Ҳужжатларни тайёрланг.

– Хўп бўлади.

Шу куннинг ўзида тегишли ҳужжатларни тайёрлаб, банк орқали айтилган фирмага беш миллион сўмни ўтказиб бердик.

Орадан уч кун ўтди. Кейин бир ҳафта, ўн кун... Бир ой... Қоғоздан дарак йўқ... Мен ҳисобчидан сўрашни қўймайман, у «бугун-эрта» деяверади. Ва, ниҳоят иккинчи ой деганда ҳисобчи хонамга хуш-хандон кириб келди.

– Айтмадимми, лафзи ҳалол болалар деб, – деди у. – Кеча оқшом босмахонага олти тонна қоғоз олиб келиб топширдик.

Бу гапдан кайфиятим кўтарилди.

Газетамиз қўшни Чуст тумани босмахонасида босиларди. Ўша куни корхонага бориб саҳифаларни ўқиб, имзолаб беришим керак эди. Чустга етгач, биринчи қилган ишим келган қоғозни суриштириш бўлди.

– Ҳа, кеча кечқурун қоғозни олиб келишди, – деди босмахона директори Шукурхон ака. – Аммо олти тонна эмас, икки тонна. Мана, ҳужжатлари. Омборга кириб кўришингиз ҳам мумкин.

Жиғибийрон бўлдим. Шу куни босмахонадан ярим кечада қайтиб, тонг отгунча кўз юммадим. Ҳисобчи билан хаёлан олишиб чиқдим. «Наҳотки кўзимга қараб туриб ёлғон гапирса, ғирт лўттибоз, товламачи экан-ку бу бола?!» дердим ўзимга ўзим...

Эртаси куни эрталаб ҳисобчини чақириб қистовга олдим.

– Э, сизнинг олдингизда ёлғончи бўлдим, – деди туфлисининг учидан кўзини узмай у. – Шунча кун қоғозни олиб келишмаганига бўғилиб... Ваъда беришди. Бир ҳафтага қолмай қолганини олиб келишади. Мана, кўрасиз.

– Нега ёлғон гапирдинг?

– Мени кечиринг, ака, – деди овози товланиб ҳисобчи. – Бир ҳафтадан кейин олиб келишмаса, майли, прокурорга айтиб мени қаматиб юборинг.

– Шу айтган гапларингни ёзиб берасан, – дедим.

У тушунтириш хатини ёзиб, қўлимга тутқазди:

«Менинг таклифим билан «Тадбиркор» фирмасига газета қоғози учун беш миллион сўм ўтказиб берган эдик. Бугунгача қоғознинг икки тоннасини босмахонага келтириб топширдик. Қолган тўрт тоннасини бир ҳафта ичида олиб келмасак, менга нисбатан ҳар қандай чора кўришингизга, ҳатто прокуратурага беришингизга розиман».

Тушунтириш хатини сейфга ташладим. Бир ҳафта, ўн... йигирма кун кутдим. Қолган қоғоздан дарак йўқ. Ҳисобчи ўша-ўша қўли кўксида «қоғоз йўлда, бугун ё эрта», дейишни қўймайди. Бир ой деганда сабр-тоқатим тугади. Буйруқ билан ҳисобчини вазифасидан бўшатиб, ишини прокуратурага оширдим...

Янги ҳисобчи олдик. Буниси ҳам мўмин-мулойим бир йигит эди. Муллаваччалардек қўл қовуштириб, «ер сузиб» туради... Гап сўрасангиз, олма ўғрилаб қўлга тушган боладек рангпар юзига қон тепчиб, дудуқланиб қолади. Аммо қилмишлари...

Шамолдан қутулиб, бўронга тутилибмиз. Туманимиздаги икки минг нафар одам ишлайдиган «Узбеккровля» корхонаси бўларди. Шу корхона беш юз нусха газетага буюртма берган эди. Корхона директори қўнғироқ қилиб қолди:

– Ортиқали ака, бир таклиф билан телефон қиляпман, – деди у. – Ҳамкорларимиздан бир-иккитаси олган рубероид (томга ёпқич ашё) пулини вақтида тушириб бермай маблағдан бироз қийналиб қолдик. Хўп десангиз, беш юз нусха газета пулига яраша рубероид берсак. Бу маҳсулотнинг харидори кўп. Соткизиб, ҳисоб рақамингизга кирим қилдириб қўяверасиз. Жуда бўлмаса, ўзим соттириб бераман.

Мен ўйлаб кўриб, рози бўлдим. Ҳисобчи билан ўринбосаримни қўшиб корхонага жўнатдим. Муовин эртаси куни эрталаб менга ҳисоб берди. Мингта рубероидни ҳисобчиникига келтириб ташлашибди.

– Нега таҳририятга эмас? – деб сўрадим.

– Бизда ёпиқ айвонимиз йўқ, шунинг учун ўша ерда турсин, дедик.

Харидор ҳадеганда топилавермади. «Мўмин-мулойим» ҳисобчимизнинг қадам олиши бироз бежолигини сезиб, ҳайдовчим билан бир ходимимизни унинг уйига юбордим. Улар айвонга тахлаб ташланган рубероидларни биттадан санаб чиқишибди. Ярми йўқ эмиш! «Мўмин-мулойим»ни чақирдим.

– Рубероиднинг беш юзтаси қани, қайга қўйдингиз, биродар? – сўрадим.

Унинг ранги ўчиб, қўллари титраган кўйи ер шўнғиб тураверди.

– Сиздан сўраяпман?

– Озгина чиқимдор бўлиб қолгандим...

– Бир оғиз бизга айтмасдан нега оласиз?

Ҳисобчи ерга боққанча тураверди. Қоним қайнади:

– Сени ҳам прокурорга топшираман, ўғри, муттаҳам! – деб телефонга ёпишдим.

– Кечиринг, жон ака! – деди титраб-қақшаган «мулойим». – Деҳқончилигим бор. Шуни йиғиштириб олиб, рубероид пулини тўлайман.

– «Тилхат» ёз! Агар бир ой ичида жойига қўймасанг, ўзингдан кўр!

– Айтганингизни қиламан, ака!

Орадан бир ой ўтди. Шаҳар марказидаги озиқ-овқат дўкони мудири телефон қилиб қолди:

– Унни қабул қилволдингизми, ака?

– Қанақа ун?

– Бухалтерингиз «муҳаррир юбордилар, ходимларимизга бир қопдан ун бераркансиз, ҳисоб-китобини кейин қиламиз», деб ўн беш қоп ун олиб кетди-ку?

Бунисига энди чидаб бўлмасди. «Мўмин-мулойим»нинг ҳамма қилмишларини қоғозга тушириб туман прокуратурасига бердим...

Прокурор кўприги

– Демак, бу ишлар бўйича ёзишма, ревизия бошланиб кетди. Шундайми?..

– Йўқ... Тўғри, ўша кунлари вилоят тафтиш назорат бошқармасидан ревизор келди. Устимдан туман прокуратураси иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига ариза тушгани, уларнинг чорлови билан текширишга келганини айтди. Папкасидан ўн қоғозча келадиган аризани олиб узатди.

Мен аризани қўлимга олибоқ, дастхатидан ким ёзганлигини билдим. Бу қадрдон дўстим деб юрганим бир инсоннинг дастхати эди. О-ҳо! Нималар йўқ эди дейсиз аризада! Кўзларим тиниб кетди. Энг қизиғи, дўстим шунча «мағзава»ни устимга ағдариб, шикоят остига нотаниш бир кимсанинг исми-шарифини қўйган эди. Фиғоним чиқди. Ахир, буларнинг ҳаммаси қип-қизил туҳмат эди-да!

– Англашимча, бу – сиз бир неча марта яхшилик қилган дўстингиз. Уни ишга олишлари учун ёрдам берганингизни айтган эдингиз. Яхшиликка қайтарилган жавобни қаранг. Хуллас, шу «шоир»нинг хати билан...

– Йўқ. Унинг хати билан десак, сал нотўғри бўлади. Бу хат, таъбир жоиз бўлса, мени ёқиб юбориш учун кўпдан «ўтин» ҳозирлаган, аммо йўлини билмай боши қотиб турган баъзи каслар учун тутантириқ вазифасини ўтади. «Шунча пайтдан бери қаерда эдингиз шоири замон? Зап ажойиб иш қилдингиз-да, худди шу нарса бизга керак эди. Энди буёғини бизга қўйиб беринг!» деб ҳалиги тутантириқни ўзлари ҳозирлаган шох-шабба остига қўйиб, яна устига «қуруқ» ўтин-у «ҳўл ўтин»лардан қалаштириб гугурт чақишди. Ва камина ўртасига боғлаб қўйилган, гуриллаб ёнаётган улкан аланга атрофида тўпланиб, шоирни, ҳисобчиларни, таҳририятнинг баъзи ходимларини даврага тортиб «ўйнатиб», ўзлари атрофда қарсак чалиб туришди...

– Кимлар эди ўша каслар? Наҳотки ғанимларингиз шунчалар кўп бўлган, Ортиқали ака?

– Бу саволингизга бир-иккита жонли мисоллар билан жавоб берай. Қайсидир йили бир гуруҳ дўстлар билан Нанай томонларга дам олишга чиқдик. Дастлаб қўнган жойимиз унча маъқул келмай бошқа жойга кўчадиган бўлдик. Ёйилиб оқаётган Пошаотасойини кечиб ўтишимизга тўғри келди. Шимларимизни шимариб, туфлиларимизни қўлимизга олиб тошдан-тошга сакраб боряпмиз. Авжи ёз бўлишига қарамай, сув ҳув юқоридан, қорли тоғлардан келяпти, этни жунжиктирадиган даражада совуқ. Сойдан тезроқ ўтиб олиб нариги томонда бизни кутаётган машиналаримизга етсак, деб ўйлаймиз. Буни қарангки, сой тугади, деганимизда ўйноқлаб оқаётган катта анҳор ёқасидан чиқиб қолдик. Ҳафсаламиз пир бўлди. Бундан қандай ўтамиз? Ҳаммамиз шу савол билан бизни бошлаб бораётган йигитга қарадик.

– Иложи йўқ, – деди у. – Бир амаллаб ўтиб оласизлар энди...

– Биз-ку ўтармиз-а, – деди шерикларимиздан бири ёнимизда шимини тиззасигача шимариб, дилдираб турган тошкентлик ёзувчи билан яқиндагина «санъат арбоби» унвонини олган рассомга ишора қилиб. – Меҳмонлар қандай ўтади?

– Сизлар ўтаверинглар, эҳтиёт бўлинглар аммо... Мен меҳмонларни елкамга миндириб ўтказиб қўяман.

– Укажон, ўйлаб гапиряпсизми? Тош-пошга сирғаниб кетсангиз инма бўлади? Ахир, булар чакана одамлармас-а!

Йигит «бошқа иложи йўқ» дегандек елкаларини қисди. Шу пайт мен ён-атрофга синчиклаб қараб, икки-уч юз метрлар чамаси этакда кўприк борлигини кўриб қолдим.

– Ие, ана, кўприк бор экан-ку!

Узун-қисқа бўлиб, ўша томон бурилган эдик, йўл бошловчимиз ранги-қути ўчиб йўлимизга кўндаланг бўлди.

– Э, йў-ўқ! Бўлмайди, акалар...

– Нега бўлмайди? Тайёр кўприк туриб жонимизни хатарга қўйиб анҳордан кечиб ўтишимиз керакми?

– У кўприк... – овози қалтираб кетди бошловчимизнинг. – У кўприк... прокурорники!

Ҳаммамиз бир-биримизга қарадик, кейин бараварига кулиб юбордик.

– Ие, укажон? – деди елкасини силкитиб ҳамон куларкан жўрабошимиз. – Прокурорники бўлса нима қипти? Ўтволсак ейилиб қоладими?

Йигит дув қизариб, ерга қаради:

– Бўлмайди-да!.. Сизлар кетасизлар... Мен...

– Э, юракдан ҳам Худо берган экан-ку, прокурор ҳам сизга, бизга ўхшаган одам, – деди жўрабошимиз. – Нима, жонимизни олармиди? Қани, кетдик йигитлар!

Ўша томонга юрдик. Темирдан қилинган, ҳар икки томонига занжирлар билан ишлов берилган чиройликкина кўприк экан. Ундан прокурорнинг дачасига ўтилар, нариги томони катта йўлга олиб чиқаркан. Яхшигина ўтиб олдик. Ҳатто дача қоровули бўлса керак, бир нуроний отахон «меҳмон экансизлар, бир пиёла чойимиз бор» деб илтифот кўрсатди. Катта йўлгача кузатиб ҳам қўйди.

Мен сайр-у саёҳатимиз мобайнида ҳам, уйга қайтгач ҳам бу ҳақда кўп ўйладим. Ахир, прокуратура қонунларнинг ижросини назорат қиладиган идора-ку, одамларнинг ҳақ-ҳуқуларини ҳимоя қиладиган ташкилот-ку? Халқнинг қалқони, кўмакчиси-ку? Нега бизга йўлбошловчилик қилган укамиз бу қадар қўрқади? Наҳот, одамлар бу касб эгаларидан шунчалар юрак олдириб қўйган?

Иш столимга ўтириб, «ТЕМИР КЎПРИК ёки ҳуқуқ-тартибот идоралари наҳот қўрқув салтанати бўлса?» деган мақола ёздим. Унда прокуратура идораларида, умуман, ҳуқуқ-тартибот муассасаларида бот-бот учраб турадиган бюрократизм, тўрачилик, тамагирлик, сансалорлик, ўзини ҳаддан зиёд улуғлаш, қонунларни топташ, оддий халқни оёқ учида кўрсатиш, вазиятга қараб оқни қора, қорани оққа айлантириш, порахўрлик иллатларини очиб ташлашга ҳаракат қилдим.

Мақолани газетамизнинг навбатдаги сонида чоп этдик.

Эртаси ўтиб индинига эрта билан таҳририятимизга вилоят матбуот бошқармаси бошлиғи билан вилоят журналистлар уюшмаси раиси пайдо бўлишди.

– Сен ўзи нималар қилиб юрибсан? – деди овози ҳам, гавда тузилиши ҳам Шукур Бурҳонга ўхшаб кетадиган матбуот бошқармасининг бошлиғи. – Кечадан бери шов-шув, телефоним тинмайди. Вилоят прокурори сен билан қизиқяпти. Вилоят ички ишлар бошқармасидан, вилоят судидан қўнғироқ қилиб сени сўрашяпти...

(Давоми бор)

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг