Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Жиззахда кўча зўравонларига ҳукм ўқилди

Жиззахда кўча зўравонларига  ҳукм ўқилди

Ака-укалардаги  бунча журъат, бунча қувват қайдан? Жавоб шу: уларда қонундан қўрқув йўқ, ҳар қанақасига сувдан қуруқ чиқиб кетиш мумкин, деган тасаввурда яшайди. Йўқса катта шаҳарнинг қоқ ўртасида очиқдан-очиқ зўравонлик билан «тирикчилик» қилишармиди? Уларнинг бундай «тадбиркорлиги» шаҳар ички ишлар бўлими ва прокуратуранинг муборак назарига тушмагани қизиқ...

Жиззах шаҳридаги «Кўк бозор»ни билмайдиган кам. Кундуз куни бозорга яқинлашмоқнинг ўзи маҳол: ит эгасини, мушук бекасини танимайди денг. Бозор биқинидаги кўчалар эса «хусусийлаштирилган» гўё — ўтганки машинадан «ўлпон» олинади.

Айтганча, «ўлпон»нинг маданий номи бор: «стоянка пули».

Ака-ука Давидовларни (мақоладаги барча исм-шарифлар ўзгартирилди) «Кўк бозор»га туташиб кетган Э.Бекмуродов номидаги кўчанинг хўжайинлари дейсиз. Шу кўчага кирганки машина бор, уларга «узатиши» керак. Акс ҳолда...

Акс ҳолда, бошига ота-бола Қўчқоровларнинг куни тушади.

Ана, Я.Қўчқоров ўз бошқарувидаги «Дамас»да шу кўчадан чиқиб келаётган эди, Давидовларнинг каттаси йўли тўсди: қани, узатинг. Я.Қўчқоров сабабини сўради. Бунга жавобан Давидов унга зуғум қилди. Натижада, икки орада жанжал чиқиб, Я.Қўчқоров ака-укалар томонидан калтакланди. Бу можаро устига келиб қолган Я. Қўчқоровнинг отаси ҳам ака-укалардан ўз «насибаси»ни олди...

Ака-укалар наздида, қонун улар учун эмас. Шу боиски, «ўлпон» бермаган ҳайдовчиларга ҳатто пичоқ билан таҳдид қилишдан тойишмас эди.

Ота-бола Қўчқоровларга қилинган зўравонлик косага томган охирги томчи бўлди: уларга нисбатан, ниҳоят, жиноят иши очилди.

Жазо қандай бўлди, дерсиз?

Жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар суд раиси Р. Орзиқуловнинг «Xabar.uz»га маълум қилишича, ака-укалар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 277-моддаси 3-қисмининг «г» бандида кўрсатилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилиб, каттасига уч ярим, кичигига 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Уларнинг автомашина эгаларидан ўзбошимчалик билан пул олганлик ҳолати маъмурий ҳуқуқбузарлик тариқасида кўриш учун алоҳида ажратилиб, маъмурий ҳуқуқбузарликка доир иш қўзғатиш учун Жиззах шаҳар прокурорига юборилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг