Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ана тезкорлиг-у мана тезкорлик: икки ойдан бери чўзилиб келаётган ижро иши икки соатда ниҳоясига етди

Ана тезкорлиг-у мана тезкорлик: икки ойдан бери чўзилиб келаётган ижро иши икки соатда ниҳоясига етди

Саноқли соатлар бурун сайтимизда «Суд вазифасини бажарди, МИБ-чи?» сарлавҳали мақола чоп этилганди. Унда Мажбурий ижро бюросининг (МИБ) Сирдарё вилоят бошқармаси томонидан қарздор «Сирдарё Автотеххизмат» МЧЖдан фуқаро С. Б. фойдасига 10.000.000 сўм ундирилиш ҳақида ижро ҳужжати «дам еб ётгани» тилга олинганди.

Ордан кўп вақт ўтгани йўқ. Кутилганидек, ижтимоий тармоқ ва веб-сайтларни диққат билан кузатиб ўтирадиган МИБ матбуот хизмати раҳбари Фарруҳ Тошпўлатов биз билан боғланди. Айтдики, мақолада келтирилган ижро иши «дам еб» ётгани йўқ, ходимлар ҳаракатда. Яъниким, ижро иши юзасидан қарздорнинг мулкий ҳолатини аниқлаш мақсадида ваколатли органларга сўровномалар юборилди,  унга тегишли (ундирув қаратилиши мумкин бўлган) мол-мулклари мавжуд эмаслиги аниқланди, ҳатто банк ҳисобрақамларига банд солинди ҳам.

«Нега унда ҳамон натижа йўқ?».

— Натижа бор, — деди Ф.Тошпўлатов. —  Ҳозиргина Сирдарёдаги МИБ ходимлари билан гаплашдим, узоғи билан икки соатда ундирилиши керак бўлган маблағ ундирувчининг банк пластик картасига тушади.

Дарҳақиқат, шундай бўлди: бизга нусхаси юборилган тўлов топшириқномасида тегишли маблағ ундирувчининг пластик картасига ўтказиб бўлинганини тасдиқлаб турарди.

Бундай тезкорлик доим ҳам кузатилавермайди. Айниқса, МИБда! Гап йўқ, Фаррух Тошпўлатов, бугуннинг ҳисобидан яна бир хайрли ишга бош бўлдингиз. Бардавом бўлсин.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг