Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Икки бор судланиб, «тузалмаган» йигит учинчисида қамоққа равона бўлди

Икки бор судланиб, «тузалмаган» йигит учинчисида қамоққа равона бўлди

Жазодан мақсад нима?

Бу саволга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси (42-модда) шундай жавоб беради: жазо маҳкумни ахлоқан тузатиш, унинг жиноий фаолиятни давом эттиришига тўсқинлик қилиш ҳамда маҳкум, шунингдек бошқа шахслар янги жиноят содир этишининг олдини олиш мақсадида қўлланилади.

Н.Исломов ҳали ёш, 1995 йилда туғилган бўлса-да, илгари икки марта ўғрилик қилиб, суд томонидан жазо тайинланган. Аммо, тузалиш йўлига кириш ўрнига яна жиноят содир қилди.

Биринчи маротаба 2015 йилда ЖК 169-моддаси 3-қисмининг «a» банди билан 5 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, унинг ёш экани эътиборидан  бу муддат «3 йил синов муддатига» алмаштирилган.

Иккинчи маротаба 2016 йилда, ҳали синов муддати тугамасдан яна ўғирликка қўл урдики, натижада 6 йилга «кесиладиган» бўлди. Бироқ унга яна мурувват қилинди: ёшлиги, қилмишидан пушаймон бўлганлиги, ҳали оила қурмаганлиги ва бошқа ҳолатлардан келиб чиқиб, жиноят ишлари бўйича Когон шаҳар суди озодликдан маҳрум қилиш жазосини аҳлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирди.

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, Н.Исломовга имконият бир эмас, икки маротаба берилди.

Ҳаёт – бу узоқ масофага югуришга мўлжалланган марафон сингари мураккаб, уни бир нафас олгунча босиб ўтиб бўлмайди.

Юзага келган баъзи қийинчиликларни ҳал қилиш учун тер тўкиб ишлаш ва сабр-тоқат талаб қилинади.

Бироқ қаҳрамонимиз қандай бўлмасин, тезроқ бойиш учун яна ўғрилик бошидан тутди.

2018 йил 4 октабрь куни кундуз соат 11:00ларда у Бухоро тумани «Работак» МФЙ «Ўзбекистон» кўчасидаги М.Абдуллаевага қарашли қурилиши тугалланмаган 46-уйга девордан ошиб киради. Уйда тўрт девордан бошқа ҳеч вақо йўқлигини кўргач, хафсаласи пир бўлди. Бироқ ҳаракатни тўхтатмайди: кейинги хонадонга девор ошиб ўтди. Бу хонадон аъзолари борлигини сезгач, киши билмас ундан кейинги уйга ўтди... Бу хонадондан қуруқ қўл билан чиқмади. Ҳеч ким йўқлиги қўл келиб, 325 минг сўмлик моддий бойликлар ва темир сейфдан 6 млн. 945 минг сўм нақд пулларни ўмарди.

...Бу ҳақида хабар етиб келгани заҳоти ички ишлар бўлими ходимларининг тезкор  ҳаракатлари боис жиноят иссиғида фош этилди.

Суд жараёнида Н.Исломов айбига иқрор бўлиб, қилмишидан пушаймон эканлигини, оилавий шароитини инобатга олиб, етказилган зарарнинг 6 млн. 570 минг сўмини қоплаганини, қолган 700 минг сўмини ҳам қоплашини инобатга олиб, қонуний енгиллик беришни сўради.

Жиноят ишлари бўйича Бухоро туман судининг ҳукмига кўра, Н.Исломов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 25,169-моддаси 3-қисмининг «а» банди ва 169-моддаси 3-қисмининг «а» моддасида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, олдинги ҳукм билан тайинланган ахлоқ тузатиш ишлари жазосининг ўталмаган қисмлари қўшилиб, 6 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Шунингдек, Н.Исломов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 34-моддасига асосан ўта хавфли рецидивист деб топилди ва тайинланган жазони махсус тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

Нозимжон Жўраев,
жиноят ишлари бўйича Бухоро туман суди раиси

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг