Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ижтимоий тадбиркорлик: янги қонун лойиҳаси ҳақида

Ижтимоий тадбиркорлик: янги қонун лойиҳаси ҳақида

Умумхалқ муҳокамасига яна бир қонун лойиҳаси қўйилди.

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти томонидан ишлаб чиқилган «Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисида»ги Қонуни лойиҳаси 2020 йил учун тасдиқланган Давлат дастурига киритилган эди.

Ижтимоий тадбиркорлик нима ва у нега керак?

Ижтимоий тадбиркорлик ижтимоий-иқтисодий ҳодиса сифатида, мавжуд ижтимоий муаммоларга жамоатчилик жавоби сифатида вужудга келган. Ижтимоий тадбиркорлик фаолиятининг асосий мақсади жамиятга фойда келтириш бўлиб, бундай тадбиркорлик субъекти ўз фаолиятида жамият манфаатларини устувор ҳисоблайди. Хусусан, бундай фаолият аҳолининг ижтимоий заиф қатлами турмуш даражасини яхшилашга (иш билан таъминлаш, ижтимоий товарлар ва маҳсулотлар ишлаб чиқариш, ижтимоий хизматлар кўрсатишга) қаратилган бўлиши керак.

Муҳокамага қўйилган қонун лойиҳасига кўра ижтимоий тадбиркорлик –  бу юридик шахслар ёхуд якка тартибдаги тадбиркорларнинг аҳолини муайян ижтимоий муаммолари ва уларнинг оқибатларини енгиллаштириш ёки ҳал қилишга қаратилган фаолиятидир.

Аҳолининг ижтимоий заиф қатлами кимлар?

Юқорида таъкидланганидек, қонун лойиҳасининг мақсади ижтимоий заиф қатлами турмуш даражасини яхшилашдир.

Қонун лойиҳасида аҳолининг ижтимоий заиф қатламлари тушунчаси берилган бўлиб, унга кўра товарлар(хизматлар)ни харид қилишда ёки меҳнат бозорида иш топишда қийинчиликка дучор бўлаётган ёхуд ўзгаларнинг кўмагига муҳтож шахслар ижтимоий заиф қатлам ҳисобланади. Ушбу қатламга қуйидагилар киради:

- I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар, ногирон болалар;
- етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар;
- ижтимоий аҳамиятга молик бўлган касалликлар ва атрофдагилар учун хавф туғдирадиган касалликлар (сил, онкологик, психиатрик, наркологик, эндокринологик, инфекцион, таносил касаллиги, ОИТС, махов ва касб касаллиги)га чалинган шахслар;
- қарамоғида 16 ёшга тўлмаган ёки ногиронлиги бўлган болалари бўлган ёлғиз шахслар;
- ўқишни тугатгандан кейин 3 йил ошмаган умумий ўрта, ўрта махсус
ва касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчилари;
- «Меҳрибонлик» уйларининг 30 ёшга етмаган битирувчилари;
- жазони ўташ муассасаларидан озод қилинган шахслар;
- ўзгаларнинг парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ёлғиз яшовчи кексалар;
- муомалага лаёқатсиз ва муомала лаёқати чекланган шахслар.

Ижтимоий тадбиркор

Ижтимоий тадбиркорлик фаолияти билан якка тадбиркорлар ҳам, барча турдаги юридик шахслар ҳам, шу жумладан нотижорат ташкилотлари ҳам шуғулланишлари мумкин.

Ижтимоий тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун юридик шахс ёхуд якка тартибдаги тадбиркор қонун лойиҳасида белгиланган мезонлардан бирига ёки бир нечтасига мос келиши лозим. Мезонлар сифатида қуйидагилар белгиланмоқда:

ходимларининг умумий сонида аҳолининг ижтимоий заиф қатламларига мансуб шахслар камида 70 фоизни ташкил этадиган ҳамда аҳолининг ижтимоий заиф қатламларига мансуб шахсларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш фонди меҳнатга ҳақ тўлаш умумий фондининг камида 70 фоизини ташкил этадиган юридик шахслар;

ишлаб чиқарадиган товарларини ёки кўрсатадиган хизматларини реализация қилишдан тушган тушум умумий ҳажмининг камида 50 фоизини ижтимоий товарлар сотишдан ёки ижтимоий хизматлар кўрсатишдан тушум ташкил этадиган шахслар;

ижтимоий товар ва ижтимоий аҳамиятга эга маҳсулотларининг камида 50 фоизини мазкур товарларнинг таннархида ёки таннархидан паст бўлган нархларда чакана савдо орқали аҳолига реализация қиладиган шахслар;

фаолиятини табиий офатлар, фалокатлар, эпидемиялар, эпизоотиялар ва бошқа фавқулодда хусусиятга эга бўлган бошқа ҳолатларни (кейинги ўринларда фавқулодда ҳолатлар деб юритилади) бартараф этишга қаратилган товарлар (ишлар, хизматлар) ишлаб чиқаришга ўзгартирган шахслар.

Ушбу мезонларга мос келган ташкилот ёки якка тадбиркор ижтимоий корхоналарнинг реестрига ижтимоий корхона сифатида киритилади.

Ташкилот ёки якка тадбиркор ижтимоий корхоналарнинг реестрига киритилган кундан кейинги ойнинг биринчи санасидан бошлаб қуйидаги шаклларда давлат томонидан қўллаб-қувватлаш олиш ҳуқуқига эга бўлади:

имтиёзлар ва преференциялар;
ижтимоий лойиҳа харажатларига субсидиялаш олиш;
маслаҳат ва ахборот жиҳатидан қўллаб-қувватлаш олиш.

Ушбу қонун фавқулодда ҳолатларда қандай ишлайди?

Қонун лойиҳасида табиий офатлар, фалокатлар, эпидемиялар, эпизоотиялар ва фавқулодда хусусиятга эга бўлган бошқа ҳолатларини бартараф этиш ижтимоий тадбиркорлик фаолиятининг алоҳида йўналишларидан бири этиб белгиланмоқда. Фаолиятини табиий офатлар, фалокатлар, эпидемиялар, эпизоотиялар ва бошқа фавқулодда хусусиятга эга бўлган бошқа ҳолатларни (кейинги ўринларда фавқулодда ҳолатлар деб юритилади) бартараф этишга қаратилган товарлар (ишлар, хизматлар) ишлаб чиқаришга ўзгартирган юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар, фавқулодда ҳолатлар амал қилган давр мобайнида ижтимоий корхоналарнинг реестрига киритилади. Уларга шу даврга ижтимоий корхоналарга белгиланган имтиёз ва преференциялардан фойдаланиш ҳуқуқи берилади.

Қонун лойиҳасига ушбу йўналиш киритилишига коронавирус инфекцияси тарқалиши билан боғлиқ бугунги кундаги вазият сабаб бўлди. Коронавирус инфекцияси билан боғлиқ ҳодисалар кўрсатдики, эпидемия ва бошқа фавқулодда ҳолатларда ижтимоий аҳамиятга эга бўлган товар ва маҳсулотлар, айниқса тиббий воситалар ва дори-дармонларга талаб кутилмаганда ошиб кетиши ва етишмовчилик кузатилиши мумкин. Бундай ҳолатларда етишмовчиликни қоплашнинг энг қулай йўлларидан бири бу бошқа турдаги маҳсулот ишлаб чиқараётган корхонани тезкорлик билан ижтимоий аҳамиятга эга маҳсулот ишлаб чиқаришга ихтисосолаштиришдир. Бу услуб жаҳонда жуда кенг қўлланилмоқда.

Хусусан, жаҳонга машҳур ARMANI модалар уйига қарашли барча тикув корхоналари тиббиёт ходимларини коронавирус инфекциясидан ҳимоя қилувчи бир марталик халатлар ишлаб чиқаришга ўтказилди. Шунингдек, GUCCI, YSL, BALENCIAGA, PRADA, YVES SAINT LAURENT каби машҳур брендлар ўз ишлаб чиқаришларини тиббий ниқоблар ва ҳимоя кийимлари ишлаб чиқаришга ихтисослаштиришга тайёр эканликларини эълон қилдилар.

Қувонарлиси, бундай корхоналар коронавирус инфекциясига қарши курашишга қаратилган маҳсулотларини бепул тарқатишлари айтилмоқда.

Ўзбекистонда ҳам бугунги оғир вазиятда ўз фаолиятини ўзгартириш ва текинга хизмат кўрсатишга тайёр тадбиркорлар кузатилмоқда. Масалан, «DANIEL HILL HOTEL» меҳмонхонаси коронавирус инфекциясига қарши курашда Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўмак учун тайёрлигини, шу мақсадда чет элдан келаётган ватандошларимизни карантинда сақлашга мўлжалланган 350 киши учун 150та хона ажратишини, уларни 3 маҳал овқат билан ҳам таъминлашини билдирган.

Кўриниб турибдики, эпидемиялар ва бошқа фавқулодда ҳолатлар оқибатларини бартараф этишда ижтимоий тадбиркорликнинг ўрни жуда катта бўлиши мумкин.

Умуман олганда, «Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисида»ги Қонун лойиҳаси қабул қилинса, у жамиятга алоҳида фойда келтиришни истаганлар ташкилотлар ва якка тадбиркорларга бундай мақсадга эришиш учун қулай шароит яратади.

А.Мадаминов,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти директори

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг