Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Иби, ҳоким бува, бу нимаси?» Ҳокимлик ўз қарорини суд орқали бекор қилмоқчи

«Иби, ҳоким бува, бу нимаси?» Ҳокимлик ўз қарорини суд орқали бекор қилмоқчи

Ҳокимлик ўз қарорини бекор қилишни сўраб... судга мурожаат этди! Бунақаси бўлган эмас. Тўғри, судларда ҳокимларнинг озмунча қарорлари бекор бўлаётгани йўқ. Илло, уларнинг бирортасида ташаббус ҳокимликнинг ўзидан чиқмайди, десак, ишонаверинг!

Нима бўлганди ўзи?

«Advokatnews.uz» сайти ёзишича, Қува тумани ҳокими «Кўҳинур» хусусий корхонасига тегишли дорихона биносини («кўп тармоқли марказий поликлиникаси биноси қурилаётгани» важи билан) бузиш ҳақида қарор (2019 йил 27 июндаги 3222-сон) чиқарганди денг. Тадбиркор бунга ортиқча эътироз билдиргани йўқ. Хайрли мақсад учун жой керак экан, бош устига.

Бироқ амалда иш бошқача кетди. Тадбиркордан олволган шу жойни ҳоким... бошқасига тортиқ қилворди!

«Иби, ҳоким бува, бу нимаси?»

Ҳокимнинг бундай йўл тутишининг қуввати нималарга бориб тақалади – келинг, фол очмайлик. Фақат бир гапни айтиш шарт: битта тадбиркорнинг бурнини қонатиш эвазига бошқасини қўллаб-қувватлаш «...туманда ишбилармонларга ке-енг шароит яратиб берилаётганини» англатмайди.

Ҳокимнинг гапига лаққа тушиб, жойидан айрилган тадбиркор («Кўҳинур» раҳбари) нима қилди? Нимаям қиларди: ўша, гўёки «кўп тармоқли поликлиника биносини қуриш» важи билан чиқарилган 2019 йил 27 июнь кунги 3222-сонли қарорнинг «Кўҳинур» хусусий корхонасига тегишли дорихона биносини бузиш қисмини ҳақиқий эмас деб топиш»ни сўраб судга мурожаат этди. Тўғри қилди. Ахир, дорихона қуриш учун ер майдони унга қонуний ажратилган (2001 йил 24 январдаги 62-сонли қарорга асосан). Қурилишга озмунча меҳнат ва маблағи кетмадими?

Масала Қува туман маъмурий судида кўрилиши керак эди. Ҳокимнинг бақувват қўллари судгача етиб бориши эҳтимолими ёки бошқа сабабми, хуллас, вилоят суди орқали «иш» Риштонга юборилди.

Риштон туман маъмурий судида ҳокимликнинг «икки юзи» очила бошлагач, нима қилинди денг? Ҳокимлик ҳуқуқшуноси «Кўҳинур» хусусий корхонасига бундан ўн етти йил аввал ер майдони ажратиш тўғрисидаги қарорни бекор қилишни сўраб мурожаат этсами?! Мана энди тушунгандирсиз ҳокимлик судда ўз қарори нима учун бекор қилишни сўраганини?! Йўқса, қайси ташкилот, биринчи навбатда ҳокимлик ўз ҳужжати бекор қилинишини хушлайди, дейсиз?! Аксинча, бунга тиш-тирноғи билан қаршилик қилиши аён. Иккинчидан, хўп, қарорни бекор қилиш керак экан, судга мурожаат этиб нима қилади? Ҳоким жаноблари янги қарор чиқариб, ўша эскисини бекор қилиб қўйса бўлади-ку?!

Шунақа, дўппи тор келганда амалиётда учрамайдиган воқеликлар содир бўларкан-да.

Суд қандай қарор чиқарди?

Бу энди кейинги мақолага мавзу.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг