Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Ҳокимнинг холаси»га ҳукм ўқилди

«Ҳокимнинг холаси»га ҳукм ўқилди

Азим Тошкентда пайдо бўлган «кимнинг нима муаммоси бўлса, ҳокимнинг ҳожатбарор холаси ҳал қилиб бераётган эмиш», деган миш-мишлар икки-уч йил ичида урчиб кетди. Давлат ташкилотларидан кўра, ҳокимнинг холасига ихлос қўйган лақма кимсалар топган-тутгани билан Саодат Хушвақтованинг (исм-шарифлар ўзгартирилган) тузоғига бирин-кетин ўз оёқлари билан келиб туша бошлади.

Фирибгарлик жинояти бўйича рекорд даражасини ўрнатган Саодат хола ҳеч нарсадан тап тортмай, уларга арзон уй-жой олиб беришни ваъда қилар ва хизмат ҳақи учун айтган пулини қуртдай санаб оларди. Суҳбат аввалида олтмиш ёшдан ошган аёл ҳокимнинг холаси эканлигини жимжимадор оҳангда таъкидлашни асло унутмасди. Зотан, айнан мана шу икки оғиз сўзнинг сеҳри унинг даромад манбаи эди-да.

«Ҳокимнинг холаси» 2018 йилнинг куз ойида навбатдаги фириб қурбонларидан бири Жанна Сиддиқова билан машҳур Хитой ошхонасида танишиб қолади. Суҳбат давомида Саодат хола ўзини Тошкент шаҳар ҳокимиятида ишлашини, эгасиз қолган уйлар билан шуғулланишини айтиб, керак бўлса, арзон уйлардан бирини олиб беришини писанда қилади. Жанна анчадан бери 2 хонали уйини тўрт хонали қилиш орзусида эди. Ҳамсуҳбатининг ишонч билан гапиришими ёки қўлидаги Captiva калитими ёхуд «сеҳрли сўз»нинг кучи таъсириданми олий маълумотли Жанна қандай қилиб фирибгарнинг ўлжасига айланганини ўзи ҳам сезмай қолади. Улар шу ернинг ўзида Шайхонтоҳур туманидаги кўп қаватли уйлардан 4 хонали уйнинг олди-бердисини 15 000 АҚШ долларига ўзларича келишиб олади. Эртасига Ж.Сиддиқова айтилган манзилда Саодат холанинг қўлига 12 000 АҚШ долларини тутқазар экан, гўёки ҳушёрлик кўрсатаётгандек, қолган пулни уй калитини олганда беришини айтади. Табиийки, фирибгар хола одатдагидек уни хотиржам қилади ва мўмайгина пулни ўз эҳтиёжи учун сарфлайди.

Аллақачон хавфли рецидивист унвонига сазовор бўлган С.Хушвақтова, ҳатто ногиронларни алдаб, уларнинг ҳақига хиёнат қилишдан ҳам тап тортмайди. У аввалига II-гуруҳ ногирони Аваз Исроиловга «ҳокимнинг холаси эканлигини, шаҳар ҳокимиятида масъ­ул лавозимда ишлаши»ни айтиб унинг ишончига сазовор бўлади. Орадан кўп вақт ўтказмай айни кунларда ҳокимлик томонидан кам таъминланган ва ногиронлиги бор фуқароларга арзон уй-жой берилаётганлиги, агар истаса унга ҳам шундай уйлардан бирини олиб беришини айтиб, лоф уради. Содда Аваз ака фириб бобида Афлотунга дарс берадиган аёлнинг найрангларига ишонади. Неча йиллар давомида яхши ниятлар билан мисқоллаб йиққан 10 000 АҚШ долларини С.Хушвақтовага қўшқўллаб бериб юборади. Орадан ойлар, йиллар ўтса-да, 4 хонали уйдан дарак бўлавермагач, А.Исроиловнинг кўнглига шубҳа оралайди. Саодат Хушвақтованинг ҳокимиятда ишламаслигини ва ҳокимнинг холаси тугул, таниши ҳам эмаслигини билгачгина ҳуқуқни муҳофаза қилиш идорасига мурожаат қилади.

Атиги икки йил, яъни 2018-2019 йил оралиғида Саодат Хушвақтова 7 нафардан ортиқ фуқарони чув туширади. У пул топишни билса-да, тўғри билан эгрининг фарқини билмаган кимсаларнинг мўмайгина пулини осонликча қўлга киритишнинг обдон ҳадисини олган эди. Фирибгар хола бошқаларнинг пешона тери эвазига дарёдай оқиб келаётган маблағ эвазига шоҳона ҳаёт кечирар, бу эса лақма одамларнинг ҳар ишга қодир «ҳокимнинг холаси»га ихлосини оширарди.

Шу ўринда С.Хушвақтованинг бир қатор жиноий қилмишларини эслаб ўтишни жоиз топдик. Суд томонидан 1993 йилда унга биринчи бор жиноий ишлари учун 13 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган эди. 2019 йилга келиб фирибгар аёл 9 марта турли хил жиноятлари учун тегишли жиноий жавобгарликка тортилди ва ҳақли равишда хавфли рецидивист «унвони»га мушарраф бўлди.

2019 йилнинг сентябрь ойида жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман суди томонидан хавфли рецидивист Саодат Хушвақтовага Жиноят кодексининг бир қатор тегишли моддаларига асосан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазо тайинланиши ва 7 нафар жабрланувчига етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш ҳақида ҳукм чиқарилди.

Афсус билан қайд этиш лозимки, ёши олтмишдан ошган онахон умрининг беш йилини фарзандлари ва неваралари даврасида эмас, панжара ортида ўтказиши жуда ачинарли хол. Қилмиш-қидирмиш, деб шуни айтсалар керак-да!

Фарида ҚОРАҚУЛОВА,

журналист

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг