Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ҳаракатда қасд йўқми, демак, туҳмат ҳам йўқ!

Ҳаракатда қасд йўқми, демак, туҳмат ҳам йўқ!

Фото: Google.com

Куни кеча шов-шув бўлиб, бугун бироз пайсайган бўлса-да, бироқ билдирилаётган муносабат сабаб кун тартибидан тушмаётган мавзу хусусида биз ҳам икки оғиз гап айтсак, биров айбситмас. Қолаверса, ҳуқуқшунос сифатида томошабин бўлиб туришни ўзимга раво кўрмадим.

Хуллас, гап яна Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси У. Алимовнинг вазифасидан озод этилгани ҳақидаги хабарлар кейинроқ тасдиқланмагани-ю айни ҳолатга билдирилаётган муносабатлар ҳақида.

Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси риси ўринбосари А. Раҳмоновнинг тасдиқланмаган хабарни тарқатган шахсни аниқлаб жавобгарликка тортиш хусусидаги даъватига мутлақо қўшилиб бўлмайди.

Нега?

Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 40-моддаси диспозициясига кўра, туҳмат, яъни била туриб ёлғон, бошқа бир шахсни шарманда қилувчи уйдирмаларни тарқатиш ҳуқуқбузарлик ҳисобланади.

Шунингдек, Жиноят кодекси 139-моддаси диспозициясига кўра, била туриб бошқа шахсни шарманда қиладиган уйдирмаларни шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин ёки нашр қилиш, бошқача усулда кўпайтирилган матнда ёхуд оммавий воситалари орқали тарқатиш жиноят ҳисобланади.

Демак, маъмурий ва жиноят қонунчилигида туҳматнинг барча зарурий белгилари санаб ўтилган бўлиб, улар қуйидагилардир:

1. Айбдор тарқатилаётган маълумотлар ёлғонлигини аввалдан билган бўлиши керак.
2. Тарқатилган маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини била туриб, уни қасддан тарқатгани инкор этиб бўлмас далиллар билан тасдиқланиши шарт.
3. Тарқатилган хабарларда шахсни шарманда қилувчи, яъни шаъни ва қадр-қимматини камситувчи белгилар бўлиши лозим.

Кўриниб турибдики, туҳмат билан бировни айблаш қонунда белгиланган мана шу учта шарт бир вақтнинг ўзида ҳуқуқбузарнинг ҳаракатларида мавжуд бўлиши керак.

Субъектив томондан туҳмат фақат тўғри қасд билан содир этилади. Яъники, айбдор ёлғон, шарманда қилувчи маълумотларни тарқатаётганлигини билади ва буни хоҳлайди. Туҳмат бўйича квалификация қилишда зарурий шарт айбдорнинг тарқатаётган маълумотларнинг ёлғонлигини билиши ҳисобланади. Шу боис, маълумотларнинг тасдиғини топмаслиги, яъники, янглишиш туҳмат бўйича жавобгарликни келтириб чиқармайди.

Шунингдек, айбдор бирор шахс тўғрисида шарманда қилувчи маълумотлар тарқатган бўлса-ю, ушбу маълумотлар ҳақиқатга тўғри келса ҳам ушбу шахсни туҳматда айблаб бўлмайди.

Башарти айбдор бирор-бир шахс ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатган бўлса-ю, унда ўша шахсни шарманда қилувчи, яъни жабрланувчининг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи маълумотлар бўлмаса, уни туҳматда айблаб, жавобгарликка тортиб бўлмайди.

Оммавий ахборот воситаларида муфтийни вазифасидан озод қилингани ва ўрнига бошқа шахс тайинлангани ҳақида хабарлар тарқатилди ва кейинчалик, ушбу хабарлар ўз тасдиғини топмади. Бу хабарларда муфтийнинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи уйдирмалар йўқ. Қолаверса, қайсидир мансабдорнинг гўёки вазифасидан озод этилгани ҳақидаги оддий хабарларни унинг шаъни, қадр-қимматига боғлаб талқин қилинишидан ҳам мантиқ кўрмаяпман.

Мансабдорнинг ишдан кетгани ёки кетмаганига кенг жамоатчилик қандай фикр-муносабат билдираётгани - бутунлай масала. Бунга қуруқ ахборот тусида хабар тарқатган манбанинг мутлақо алоқаси ҳам, жавобгарлиги ҳам йўқ.

Баҳодир Сотволдиев,
ҳуқуқшунос

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг