Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Бюро «МИБ бузган тўй»га изоҳ берди

Бюро «МИБ бузган тўй»га изоҳ берди

Фото: prokuratura.uz

Рости, бу мавзуга қайтмоқчи эмасдик. Бўлар иш бўлди, буёғи ғишт қолипдан кўчган, бюро нима демасин, худдики ўзини оқлашга уринишдек туюлиши мумкин. Қолаверса, «Xabar.uz» сайтида чиққан «МИБнинг иши тўйни бузиш бўлиб қолдими?» мақоласи ижтимоий тармоқларда ҳам фаол муҳокама қилиняптики, уларда бюро ходимлари ёппасига қораланаётгани йўқ. Муҳокамада билдирилган фикрлар ҳам сайтда берилганидан миннатдормиз, албатта.

Албатта, муаллифнинг мулоҳазаларини батамом инкор қилиш фикридан йироқмиз. Масалага маънавий-аҳлоқий жиҳатдан қараб, тизим ходимларининг ўз ишига ёндашиши борасидаги мулоҳазаларини бош устига қабул қиламиз.

Энди «бузилган тўй» масаласида икки оғиз изоҳ.

Олтинсойлик Жўрабек Муродов (исм, фамилияси ўзгартирилган) никоҳ тўйида нега муаммога дуч келганини биласиз.  Аввалги икки оиласидан кўрган фарзандлари учун алимент тўловидан қарздорлиги жами 19 млн. 207 минг сўмни ташкил этади. Бу отанинг йиллар давомида норасида фарзандлари таъминоти ҳақида ҳатто ўйлаб кўрмаганини билдиради. Шу фактнинг ўзиёқ унинг оила олдидаги, фарзандлар олдидаги масъулиятни ҳис этмаслигини англатади. Масъулиятсизлик шу даражадаки, у учинчи бор уйланар экан, тўйни ўз уйида эмас, балки келинникида ўтказади. Чунки, МИБ ходимлари таъқиб қилаётганини билган, қўлга тушса, қандай муаммога дуч келишини тасаввур қилган. Ўз пушти камаридан бўлган фарзандларининг таъминоти қолиб, яна хотин олишга маблағ топган ота ҳақида, майли, кўп гапирмайлик. Бироқ тўй куни унинг собиқ хотинлари МИБга келиб, арз-дод қилгани, ота учинчи бор куёв бўлаётган хонадон эса унинг бундай муаммоси борлигидан бехабарлиги эътиборга олинса, ходимларимиз кескинроқ (бироқ қонуний) чора кўришга мажбур бўлгани бир қадар ойдинлашади. Ким билсин, эҳтимол, бундай кескинроқ чора сабаб тирик етимлар сони кўпайиши олди олиниб, отанинг зиммасидаги мажбурияти теран ҳис эттирилгандир?! Такрор айтишга тўғри келади, бу чора қонуний бўлиши баробарида мажбурий ҳам эди. Қолаверса, алиментдан қочиб юрган отанинг янги келинчакни-да ташлаб кетмаслигига кафолат борми?

Беш қўл баробар эмас, тизим ходимлари орасида иш жараёнида баъзан «чуқур кетиб» қолаётганлари ҳам учрайди. Бундан таассуф билдирган ҳолда профилактик ишлар изчил давом этаётгани, номуносибларга нисбатан кескин чоралар кўрилаётганини алоҳида таъкидлаймиз.

Мажбурий ижро бюроси матбуот хизмати

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг