Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Бухорода калтакланган адвокат ҳужжатлар сохталаштирилганини ҳам таъкидламоқда

Бухорода калтакланган адвокат ҳужжатлар сохталаштирилганини ҳам таъкидламоқда

Фото: Озодлик

Куни кеча Бухоро шаҳридаги «Бухоро адолати плюс» адвокатлик фирмаси адвокати Мақсуд Камолов Ғиждувон тумани ИИБ ходими уни уриб, учта қовурғасини синдирганини даъво қилаётгани ҳақида хабар берилган эди.

«Advokatnews.uz»нинг ёзишича, адвокат энди бу борада жиноят иши қўзғатилишининг рад этилишида прокуратура мансабдорларининг қўли борлигини ва ишдаги ҳужжатлар қалбакилаштирилганини билдирмоқда.

М.Камолов Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг Бухоро вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи номига ёзган аризасида бу ҳақда айтар экан, терговолди суриштируви ҳужжатларидан олган нусхалари асосида «бу ҳолатни тўлиқ исботлаб, яқин кунларда» «қўшимча ёзма маълумот тақдим этишини» билдирган. Шунингдек, у прокуратуранинг масъул лавозимдаги шахси «томонидан содир этилган барча қонунбузарлик фактларини расмий ҳужжатлар орқали» асослаб беришини ҳам таъкидлаган.

Адвокат, шунингдек, ўзига нисбатан «суд тиббий экспертизаси тайинланмаганлиги», 2018 йил 25 декабрь куни кечқурун «туман прокуратураси биносида икки соат давомида ушлаб турилганлиги», аҳволи — саломатлиги ёмон бўлишига қарамасдан «тиббий ёрдам кўрсатиш ўрнига асоссиз равишда, қонунга хилоф ҳолатда прокуратура биносига врач — нарколог чақиртирилганлиги» каби ҳолатлар прокуратуранинг мансабдор шахси (адвокат унинг исм-шарифи ва лавозимини келтиради) адовати билан боғлиқ эканини ҳам даъво қилади. Бунга эса шу ваколатли шахснинг айрим ноқонуний хатти-ҳаракатлари, мансаб суиистеъмолликлари ва «қонунга хилоф ҳаракатлари юзасидан 2013 йил июнь ойида ... Республика Бош прокурори ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига шикоят ёзган»лигини гўё сабаб қилиб кўрсатади.

Шу ўринда айтиш керакки, адвокат ушбу воқеалар содир бўлган пайтда Адвокатлар палатасининг ҳимояси ва ёрдамига этиёжи йўқлигини билдирган. У жорий йилнинг 12 март куни ёзган охирги аризасида ҳам буни таъкидлаб, «терговолди суриштирувининг якуний қарорини кутишини, қонунга хилоф қарор қабул қилинган тақдирда суриштирувнинг барча ҳужжатлари билан танишиб, тўлик ҳажмда нусхалар олиб, ўрганиб, сўнгра лозим бўлса, мурожаат қилишим мумкинлигини билдирганман» дейди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг