Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Бош қашишга вақт йўқ: «Tashkent Law Spring» эшик қоқмоқда!

Бош қашишга вақт йўқ: «Tashkent Law Spring» эшик қоқмоқда!

Бугун Адлия вазирлигида иш ҳар қачонгидан қизғин. Икки кундан сўнг «Tashkent Law Spring», яъни «Тошкент ҳуқуқ баҳори» Халқаро юридик форуми иш бошлайди. Айни тадбирга масъуллар, жиндек муболаға билан айтсак, тунни тонгга улашмоқда. Бунақа форум доим ҳам ўтказилавермайди-да. Яна денг Халқаро даражада!

Форумни ташкил қилишдан бир нечта мақсадлар қўзланган. Хусусан, жаҳон юридик ҳамжамиятини Ўзбекистон қонунчилиги билан яқинроқ таништириш, уларга мамлакатимизда амалга оширилаётган ҳуқуқий ислоҳотлар ҳақида холис ва кенг маълумотлар берилади.

Ҳуқуқ соҳасидаги етакчи хорижий ва маҳаллий мутахассислар, экспертлар, олимларни бир жойга тўплаб, замонавий юридик фан ва амалиётнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмаши кони фойда, энг муҳими, Форум муҳокамалари натижалари миллий ҳуқуқ тизими ривожига яхшигина туртки беради.

Форумда Сингапур, Саудия Арабистони, Россия, Афғонистон, Беларусь, Озарбайжон Адлия вазирликлари ҳамда Корея Республикаси Давлат қонунчилиги вазирлиги делегациялари иштироки кутилмоқда.

Режага кўра, умумий иштирокчилар сони кўпи билан 800 киши бўлиши чамаланганди. Бироқ амалда 1 000 нафардан ортиқ киши қатнашадиган бўлди. Шулардан 244 нафари — хорижий меҳмонлар.

Форумда қатнашиш учун 30 дан ортиқ мамлакатлар вакиллари рўйхатдан ўтдилар (Австралия, Канада, АҚШ, Буюк Британия, Ҳиндистон, Хитой, Корея Республикаси, Япония, Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони ва бошқалар).

Форумга қизиқиш кўплигидан рўйхатдан ўтиш муддатини 5 кун олдин тўхтатишга мажбур бўлинди.

Форумнинг асосий тадбирлари доирасида 25 ва 26 апрель кунлари учта йўналишда 17 та муҳокама сессиялари бўлиб ўтади:

  1. «Сифатли давлат бошқаруви».
  2. «Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш» йўналиши.
  3. «Фаол инвестицион сиёсат» йўналиши.

Бу сессияларда 134 нафар эксперт маъруза қилади ва улардан 100 нафари хорижлик экспертлардир.

Маърузачилар орасида Америка юристлари ассоциацияси Ҳуқуқ устуворлиги бўлими директори, Гарвард университети профессори Алберто Мора, Мулк ҳуқуқи алянси ижрочи директори (The Property Rights Alliance, PRA) Лорензо Монтанари, Америка-Ўзбекистон савдо палатасининг раиси, «White & Case» халқаро юридик фирмаси ҳамкори Керолин Лемм, Европа низоларни ҳал этиш маркази президенти Алеш Залар, Россия Федерацияси Адвокатлар палатаси президенти Юрий Пилипенко, Ҳуқуқий ривожланиш халқаро ташкилоти (ҲРХТ) Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Фред Хюстон ва бошқа таниқли экспертлар бор.

Бундан ташқари, «Суд экспертизаси» ва «Нотариат» мавзуларига оид давра суҳбатлари, «Юридик компания бошқаруви: муваффақият сирлари» ва «Инвестиция лойиҳаларини бошқариш» мавзуларида маҳорат дарслари ўтказилади.

Шунингдек, Форум тадбирлари доирасида «Йилнинг энг яхши адвокати», «Йилнинг энг яхши адвокатлик тузилмаси», «Энг яхши корпоратив юридик хизмат» каби номинациялар бўйича ғолибларни тақдирлаш маросими ҳам бўлиб ўтади.

Форум тадбирлари ўзбек, инглиз ва рус тилларида олиб борилади.

Тадбир ҳақидаги барча маълумотлар билан «Tashkent Law Spring» — расмий сайтида танишиш мумкин.

Мазкур тадбир жараёнларини ёритиш учун 100 га яқин маҳаллий ва хорижий ОАВ вакиллари аккредитациядан ўтган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг