Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Бош прокурорга берилган саволга Олий суд раиси аниқлик киритди

Бош прокурорга берилган саволга Олий суд раиси аниқлик киритди

Фото: Бош прокуратура матбуот хизмати

Бугун Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциациясининг «Зарафшон» зали «Media hall»ида бўлиб ўтган «Янги Ўзбекистон — янги сайловлар» мунозара клубининг навбатдаги тадбирида «Xabar.uz» мухбири Бош прокурор Нигматулла Йўлдошевга иккита савол билан мурожаат қилди:

  1. Прокуратура органларида уч йилдан буён «тозалаш» ишлари олиб борилмоқда. Бу орада уч бора маҳкама раҳбари ўзгарди. Жараён якунига етди, дейиш мумкинми?
  2. Ҳозиргина Олий суд раиси ўтган ўн бир ойда судлар томонидан 837 та оқлов ҳукми чиқарилганини айтди. Оқлов ҳукмларига барака кираётгани яхши, албатта. Бироқ бу ҳол тергов сифати пастлигини кўрсатмайдими?

Бош прокурор биринчи саволга жавоб берар экан, ўзидан аввал ишлаган  раҳбарларнинг қонунсиз фаолиятига нафақат баҳо бериш, балки бу ҳақда ҳатто гапириш оғир эканини оғриқ билан таъкидлади. Шунингдек, собиқ раҳбарларнинг қилмишлари тизимда ишлаётган фидойи ходимларнинг руҳиятига қаттиқ таъсир қилганидан ташқари, халқнинг прокуратурага нисбатан ишончига соя солганини ҳам очиқ айтди. Тизимни коррупциядан холи, малакали ва ҳалол кадрлар билан тўлдириш изчил давом этадиган жараён бўлиб, бу борада қатор амалий ишлар олиб борилаётганини алоҳида қайд этди.

Иккинчи саволга келганда ташаббусни қўлга олган Олий суд раиси Козимжон Комилов «чиқарилган оқлов ҳукмларининг 96 фоизи 2017 йилгача бўлган жиноят ишларига оид эканини» билдирди.

Тушунарли. «Қора туш»га ўхшатилган яқин ўтмишдан биз тассаввур қилганданам кўра оғирроқ мерос қолган экан-да?! Айниқса, суд-ҳуқуқ соҳасида?! Бундан англашиладики, яқин ўтмишда «ҳатто столбаларни ҳам қамаш мумкин бўлган» мазмунидаги гапларда ҳеч қандай муболаға йўқ.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг