Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Бош прокурор келтирган рақамга матбуот котиби изоҳ берди

Бош прокурор келтирган рақамга матбуот котиби изоҳ берди

Кеча Ўзбекистон Бош прокурори, 3-даражали давлат адлия маслаҳатчиси Ниғматилла Йўлдошевнинг «Қонун устуворлиги ва адолат тантанаси йўлида» сарлавҳали салмоқлигина мақоласи эълон қилинди. Ўтган бир йил давомида амалга оширилган ишларнинг ўзига хос сарҳисоби бўлган мазкур чиқишида мамлакат бош қонун посбони тизимни «тозалаш»га алоҳида эътибор қаратилаётганини айтиб, «...коррупцияга мойил 213 нафар, жумладан 50 дан ортиқ раҳбар ходим тизимдан бўшатилгани», «...жиноятга қўл урган 31 нафар ходим» эса жиноий жавобгарликка тортилганини таъкидлайди.

Айни рақамлар ижтимоий тармоқларда яхшигина муҳокамага сабаб бўлаётир. 

Иштибоҳларнинг мазмуники, коррупцияга мойил 213 нафар ходим аниқлаган бўлса, нега жавобгарликка тортилгани бор-йўғи 31 нафар, нима қолганларнинг «суғурта полиси» борми?

Савол мантиқли. Шундан келиб чиқиб, Бош прокуратурадан рақамларга изоҳ сўралди. Маҳкама матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдиновнинг бир қизариб-бир бўзариб, изоҳ беришича, 31 нафар ходимнинг жиноий жавобгарликка тортилгани — бу уларнинг қилмиши инкор этиб бўлмас даражада исботланганини англатади. 

«...Энди 213 нафар ходимнинг коррупцияга мойил экани аниқланса-да, жавобгарликка тортилмай фақат тизимдан кетиши билан чекланганига оид иддаоларга келсак. «Коррупцияга мойиллик» — бу нақ жиноят устида қўлга тушган, дегани эмас. Ўзининг юриш-туриши билан шундай иллатга мойилларни илғаш қийинмас. Бундай тоифадагиларнинг хатти-ҳаракатларида жиноят таркиби бўлмаслиги мумкин, бироқ барибир тизимда қолишининг ўзи хавфли. Шу боис то жиноят содир қилиб, тизим обрўсига доғ туширишини кутиб ўтирмай вақтида воз кечиб қўяқолиняпти. Чунки, касалнинг олдини олиш муҳим, акс ҳолда, мадда боғлаб кетади. Яқин ўтмишдаги аччиқ тажрибалар бунга яққол мисол ва бу ҳақда гапириш биз учун оғриқли. Қолаверса, тизимда тартиб шундайки, уч соатдан кўп сабабсиз иш ўрнида бўлмасликнинг ўзи прокурорларнинг ишдан ҳайдалишига етиб-ортади», — деди Ҳаёт Шамсутдинов.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг