Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Боғча мудирасининг вафоти ортидан қатор жиноятлар аниқланмоқда

Боғча мудирасининг вафоти ортидан қатор жиноятлар аниқланмоқда

Фото: «Xabar.uz»

Андижон вилоятининг Балиқчи туманидаги мактабгача таълим муассасаси мудираси Г. Х. яшаш хонадонида ўзини осгани (4 май), воқелик устига келиб қолган яқинлари уни ҳушсиз ҳолда касалхонага олиб борганидан икки ҳафта ўтиб (17 май) вафот этгани хабари берилганди.

Айни пайтда ҳолат юзасидан терговга қадар текширишлар давом этмоқда.

Бош прокуратура матбуот хизматига кўра, терговга қадар текширишлар жараёнида ижтимоий тармоқларда мудиранинг ўз жонига қасд қилиши билан боғлиқ хабарлар ҳам ўрганиб чиқилмоқда. Хусусан, марҳума раҳбарлик қилган мактабгачага тарбия муассасасидаги реконструкция ишлари сифатсиз бажарилганлигига оид важлар ҳам текширилди.

Тегишли мутахассислар томонидан қайта назорат ўлчовидан ўтказилганда «Милано қурилиш» МЧЖ раҳбари З. Р. Мактабгача таълим вазирлиги ҳузуридаги «Инфратузилмаларни ривожлантириш бўйича инжиниринг компанияси» ДУК Андижон вилояти филиали мансабдор шахслари билан жиноий тил бириктириб, МТТда аслида бажарилмаган 491,2 млн. сўмлик (қурилиш ишлари) гўёки бажарилгани ҳақида ҳужжатлар сохталаштирилгани аниқланди. Бу жуда кўп миқдордаги бюджет маблағлари ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилинганини англатади.

Мазкур ҳолат бўйича «Милано қурилиш» МЧЖ раҳбари З. Р. ва бошқаларга нисбатан ЖКнинг 167-моддаси (Ўзлаштириш) 3-қисми «а» банди, 228-моддаси (Ҳужжатларни қалбакилаштириш ёки улардан фойдаланиш) 1-қисми ва 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мудиранинг ўз жонига қасд қилишига олиб келган сабаблар ва иш учун аҳамиятга эга бўлган бошқа ҳолатларни аниқлашга қаратилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давом этмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг