Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Бир одам қамоқда ўтирса ўтирибди-да, ҳамкасбнинг кўнглини чўктирмаслик керак...»

«Бир одам қамоқда ўтирса ўтирибди-да, ҳамкасбнинг кўнглини чўктирмаслик керак...»

Иллюстратив фото: «WiseGeek»

Таниқли журналист-ҳуқушунос, айни пайтда адвокатлик амалиёти  билан ҳам фаол шуғулланаётган Ҳабибулла Олимжоновнинг «Қайтар дунё ёхуд Аллоҳ ҳар нарсани кўрувчи ва билувчидир» мақоласи эълон қилинди.

ЎзА веб-сайтида чиққан салмоқли мақолада суд-ҳуқуқ тизимида ўтказилаётган ислоҳотлар, уларнинг амалий натижалари  ҳақли эътироф қилиниши баробарида яқин ўтмишдаги соҳадаги аҳвол, ноҳақ жавобгарликка тортилган инсонларнинг аччиқ қисматлари оғриқ билан билан эсланади.

Бундан ташқари ноҳақлик жазосиз қолмаслигини урғулар экан, ҳаётий тажрибасидан келиб чиқиб, фуқароларни қонунга зид равишда қамаган айрим судьяларнинг ўзи ҳам пора билан қўлга тушиб, жавобгарликка тортилганини алоҳида таъкидлайди.

Бундан англашиладики, дунёнинг илоҳий қонуниятлари ҳам мавжуд, «Қайтар дунё» деган гап  бежиз эмас. Бировнинг бурнини ноҳақ қонатган кимса, эртадир-кечдир, ўзи ҳам бир балога дуч келиши муқаррар. Бунга ҳаётда мисоллар тиқилиб ётибди.

Шунингдек, муаллиф: «...ислоҳотларга камарбаста бўлаётган аксарият судлар ва судьялар билан бир қаторда, бундай ислоҳотлар ёқмаётган, эски об-ҳавони тарк этолмаётган, қўмсаётганлар ҳам оз бўлса-да, борлиги сир эмас ва бу ҳолат кишини қаттиқ   афсуслантиришини» ҳам қайд этиб ўтади.

Пировардида, жамиятда адвокатлик институти мавқени ошириш ҳақида сўз очар экан, суд тизимидаги муаммолар, хусусан, коррупция балосининг бир учи адвокатура фаолиятига ҳам маълум даражада тўғаноқ бўлаётганини ошкора таъкидлайди: «...Узоқ йиллар давомида чуқур илдиз отиб кетган коррупцияни тугатиш қийин бўлаётгани бор гап. Қачон тугатилиши ҳам номаълум. Қуйи, ўрта, юқори инстанцияларда одамлар ишлайди. Ака-ука, қариндош-уруғ, аксари «ошна-оғайни»... Ҳимоячи қуйи инстанция қароридан шикоят қилиб юқори инстанцияга шикоят-ариза топширади. Бир оғиз жавоб: «шикоят-аризангиз қаноатлантирилмасдан қолдирилди, ҳукмни ўзгартиришга асослар йўқ». Агар шикоят-ариза қаноатлантирилса... ошна-оғайни, ҳамкасбга «минус» бўлади. Бир одам қамоқда ўтирса ўтирибди-да, ҳамкасбнинг кўнглини чўктирмаслик керак...  Қонун ишласа, инстанциялар ўртасидаги юзхотирчилик қонунийликка қурбон қилинса – адвокатнинг мавқеи қонун ишлайдиган ривожланган давлатлардаги каби юксакка кўтарилади. Бизда саводли адвокатлар етарли. Улар музокара нутқида қонунларни ҳинд фильмларидагидан ҳам ошириб рўкач қилиб ишни «ютиб» кетишга қодир. Қонун ишлаши керак, холос...»

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг