Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Алам ва ғазаб интиҳоси (Суд очерки)

Алам ва ғазаб интиҳоси (Суд очерки)

Иллюстратив сурат

Зиёдулла Элмирзаев (исм-фамилиялар ўзгартирилди) ўтган йили уйини бузиб, қайта қурди. Қурилишнинг ками битиши қийин экан. Қиш эшик қоқишга тушгач, ишлар тақа-тақ тўхтади. Шу тариқа хонадоннинг кўча девори тикланмай қолди.

Девор тикланмай қолгани, дарвоза ёнида очиқ жой қолганига бежиз урғу берилаётгани йўқ. З.Элмирзаевнинг хонадонида босқинчилик содир этилишига айни шу очиқ жой имкон берган.

...Ўша куни кечки пайт Зиёдулла бир танишининг тўйига кетди. Турмуш ўртоғи Маҳлиё билан қизи Насиба кечки овқатдан сўнг телевизор томоша қилишган. Бир пайт ташқаридан Зиёдулланинг бақирган овози эшитилади. Она-бола ташқарига чиқишса, маст ҳолда уйга қайтган Зиёдулла эшикка етолмай супада йиқилиб қолибди. Она-бола уни кўтариб, ичкарига олиб киришади, даҳлизга жой қилиб ётқизишади. Шундан сўнг Маҳлиё ётоққа, Насиба эса ўзига ажратилган хонага дам олиш учун кириб кетади.

Орадан маълум фурсат ўтиб, Маҳлиё супада қандайдир оёқ шарпасини сезади. Даҳлизга чиқсаки, номаълум кимса совуқдан сақланиш мақсадида деразага тортилган елим селофанни пичоқ билан кесаётган экан. Маҳлиё овоз чиқаришга улгурмайди. Селофан қирқилгач, дераза ойнаси чил-чил синдирилади. Номаълум кимса Маҳлиёни мўлжаллаб аввал белкуракни, кейин эса ошхона пичоғини отади. Аёл чап бериб қолгани учун белкурак ҳам, пичоқ ҳам унга тегмайди.

Бир қултум сув ичгунга қадар ўтадиган вақт ичида юз берган ҳодисадан уй бекаси ҳангу манг бўлиб қолганди. Буниси етмаганидек, ҳовлига ўрнатилган автомат қурилмадан электр тармоғи бирдан узиб қўйилади. Маҳлиё ҳануз ўзини ўнглаб олмаганди. Бир пайт оғзида фонар тишлаган кимса синдирилган деразадан ичкарига ошиб тушади. Маҳлиё қизи Насибанинг хонасига кириб, уйга ўғри тушганидан хабар берган, чиқмай туришни тайинлаганди.

Уйда бўлаётган шовқин-сурон ҳамда хотинининг чинқириғидан уйғонган Зиёдулла ўрнидан туриб, бояги кимсага юзланади. Шунда босқинчи қўлидаги белкурак билан Зиёдулланинг бошига икки марта уради. Уй эгаси йиқилгач, унинг белига яна бир марта зарба беради. Шундан сўнг у Зиёдулланинг тепасига келиб, томирини ушлаб кўради. Сўнг ўзидан бир неча қадам нарида ҳуши бошидан учиб, серрайиб қолган Маҳлиёга қўли билан ўлди, ишорасини қилади.

 Кимса энди Маҳлиёга ҳужумга ўтади. У дастлаб аёлнинг чап томон кўкрагига, қочиб кетаётган чоғда чап елкасига белкурак билан туширади. Маҳлиё қўшни хонага кириб кетган, эшикни орқасидан тамбалашга уринаётганди. Босқинчи эса оғзида фонарни тишлаган куйда Насиба ўтирган хонага киради. Рангги қўрқувдан ҳудди докадек оқариб кетган қизнинг бўйнига белкуракнинг учини тирайди.

Қизига зарар етмасин, деган қўрқинч хавотирида Маҳлиё ҳам Насибанинг хонасига эшикдан бош суқади. Номаълум шахсдан нима кераклигини сўрайди. Қўли билан кўрсатилган ишорадан сўнг Маҳлиё бир миллион сўмдан қилиб, тахланган икки ўрам пулни унга узатади. Фонар ёруғида пулларни кўздан кечирган бояги одам уларни Маҳлиё томонга отиб юборади ва темир сейфни кўрсатиб, АҚШ доллари беришга ишора қилади.

Жон ширин, иложсизлик қийин. Аёл ҳозир дея меҳмонхонага киради. Шкафдан оқ қопчиқда сақланаётган 4 минг 401 АҚШ долларини олади ва босқинчига келтириб беради. Мақсадига етган шарпа қўли билан бировга оғиз очса ўлдиришликни ишора қилиб, деразадан ташқарига чиқиб кетади.

...Жиноят очилишига унчалик кўп вақт кетмади. Чунки Насибанинг хонасида фонарнинг ёруғи ойнага тушганди. Ўшанда уйларига ғараз ниятда кирган жиноятчининг афт-ангори қизга аниқ кўринган. У жабрланувчи З.Элмирзаев билан бир корхонада ишловчи, қўшни маҳаллада яшайдиган Нурбек Қаршибоев бўлиб чиқди...

Аслини олганда, Нурбек билан Зиёдулланинг ўртасида бирон-бир келишмовчилик бўлмаган. Зиёдулла қатнашган ўша тўйда Нурбек ҳам бўлган. Нурбек қўшнилари билан бошқа столда ўтирган. Бир неча пиёла қадаҳдан сўнг ўрнидан турган Нурбек ташқарига чиқаётиб, Зиёдуллага дуч келиб қолган. Мастликда ҳар нарса бўлиши мумкин экан. Ичкиликдан кайфи ошиб қолган Зиёдулланинг кўзига негадир Нурбек ёмон кўринган. Шу сабаб у ҳе йўқ, бе йўқ Нурбекни ҳақоратлаган.

Бундан Нурбекнинг жаҳли чиқсада, тўй бузилмасин, деган ўйда гап қайтармаган. «Бошқача гаплашиш»ни дилига туйиб, уни ўша туниёқ амалга оширади.

Суд судланувчининг қарамоғида икки нафар вояга етмаган фарзанди борлиги, оилада ягона боқувчи эканлиги, жабрланувчиларга етказилган зарарнинг аксарият қисми қайтариб берилганлигини ва улардан кечирим сўраганлигини инобатга олди. Жазони умумий тартибли колонияларда ўтаттиришни белгилаб ҳукм чиқарди.

 Ҳабибулло Чиниев,
жиноят ишлари бўйича
Қизилтепа туман судининг раиси

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг