Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

15 йилдан буён «ўтирган» маҳкум нидоси: «Мен қотил эмасман!»

15 йилдан буён «ўтирган» маҳкум нидоси: «Мен қотил эмасман!»

Иллюстратив фото

Камол Очилов ҳибсга олинганида қирчиллама қирқ ёшда эди. Ҳибсда аввал гумондор, кўп ўтмай айбланувчига, сўнг судланувчига, 18 йил муддатга озодликдан маҳрум этилгач, ниҳоят, маҳкумга айланди. Ҳозир у эллик бешга кирмоқда, ўн беш йилдирки, умри қамоқхоналарда ўтмоқда.

Ўн беш йил!.. Бу оз фурсат эмас: ўтган вақт мобайнида унча-мунча одам тақдирга тан бериб улгуради. Бироқ К.Очиловда бунинг аксини  кўряпмиз: тақдирга тан беришни хаёлига келтираётгани йўқ, ҳамон адолатдан умидвор. Айтадиган гапи битта: «Мен қотил эмасман!»

К.Очиловнинг «иши» юзасидан ўз вақтида нуфузли «Ўзбекистон овози» газетасида «Жавобсиз 8 савол» сарлавҳали мақола (2005 йил, 20 декабрь, 152-сон) ҳам чоп этилган эди. «Столбаларни ҳам қамаш мумкин» бўлган ўша вақтларда битта мақола қуввати билан жиноят иши қайта кўрилиб, муайян ўзгаришлар  бўлиши эҳтимоли жуда паст эди. Шундоқ бўлди ҳам...

Бироқ бугун замон ўзгаряпти, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари олдига қўйилаётган янгича талаблар сабаб улар фаолиятида ҳам ўзгаришлар етарли. Ана шу инқилобий ўзгаришлардан руҳланиб, Камол Очилов кўп идоралар қаторида сайтимизга ҳам мурожаат этибди. Ҳужжатларни ўрганиб, мулоҳаза қилиб, бундан салкам ўн тўрт йил «Ўзбекистон овози» газетасида босилган мақолани қайта чоп этиш мақсадга мувофиқдай кўринди. Негаки, бу мавзуда нима дейилмасин, ушбу мақоланинг такрорига ўхшаб қолаверар экан. Қолаверса, журналист қўйган саволлар қувватини йўқотгани йўқ, ҳали-ҳамон холис ва асосли жавобини кутмоқда.


Жавобсиз 8 савол 

Ёки бир жиноят фош этишда негадир эътиборсиз қолган масалалар тўғрисида

Ўша куни Зулфия Ражабова ишхонада кўринмади. Кадрлар бўлими бошлиғи эмасми, опанинг ҳеч бир хабарсиз ишга чиқмаганлиги кўпчиликни ҳайрон қолдирди. Тушда уйига одам юборилди. Ҳовли эшиклари берк. Қўнғироққа жавоб йўқ. Эртаси куни университетда шум хабар тарқалди: «Зоя опани (марҳумани кўпчилик шундай атарди) ўлдириб кетишибди. Отиб ўлдирилган дейишаяпти…».

Элчилик, гап-сўз. Биров «баҳорда опанинг уйига ўғри тушиб, тилла тақинчоқларини олиб кетган экан. Қотиллик ўшаларнинг иши бўлиши мумкин» деса, бошқаси «биринчи турмуш ўртоғи билан ажрашган эди, ораларида низо бўлган дейишади, у ўлдирган бўлиши керак», деб тахмин қилди. Баъзилар оғзида эса «Зоя опа ўқишга киритаман деб пул олиб, сўнг киритмас, пулни ҳам қайтариб бермас экан. Шунинг учун бирорта аламзада қасдини олгандир-да», каби миш-мишлар кўпайгандан-кўпайди.

Кейин ўнлаб одамлар жиноят иши юзасидан ҳибсга олинди, уларни тергов қилиш бошланди. Турли версиялар, гумон ва шубҳалар текшириб кўрилди.

Орадан икки ой ўтиб, кутилмаганда шу пайтгача гумон ёки шубҳага олинмаган Қарши давлат университети иқтисодиёт ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича прорек­тори Камол Очилов ва қоровуллар бошлиғи Санжар Қўлдошев ҳибсга олинди.

Вилоят прокуратураси жиноятларни тергов қилиш бўлими алоҳида муҳим ишлар бўйича терговчиси  томонидан ёзилган айблов хулосаси билан 7 кишининг иши судга ошди.

Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят суди тергов томо­нидан судланувчиларга айрим моддалар асоссиз қўйилгани учун жиноят ишидан чиқариб ташлади, баъзи модда ва қисмларни қайта малакалади. 2004 йил 30 июнь куни суд ҳукмига кўра Зулфия Ражабованинг ўлими юзасидан Камол Очилов ва Санжар Қўлдошевлар ташкилотчиликда, Отабек Ҳалимов ижрочиликда, Ўткир Қўзиев суиқасд қилганликда, Асқар Ҳакимов билан Шерзод Ҳалимовлар жиноят ҳақида хабар бермаганликда айбдор деб топилди. Раҳматилла Қурбонов эса университетнинг пулини ўзлаштирганликда айбланди. К.Очилов 18 йил озодликдан маҳрум қилинди. С.Қўлдошев билан Ў.Қўзиевга 16 йил, О.Ҳалимовга 20 йил, А.Ҳакимовгa 2 йил ва Ш.Ҳалимовга 4 ой 18 кун озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Р.Қурбонов эса иш ҳақининг 20 фоизи давлат ҳисобига ўтказилган ҳолда 3 йил ахлоқ тузатиш ишига жалб қилинадиган бўлди.

Апелляция инстанциясида ҳукм ўз кучида қолдирилди. Кейинчалик Олий суд раиси биринчи ўринбосари протестига асосан ишни кўриб чиққан Ўзбекистон Республикаси Олий суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг ажрими билан апелляция ажрими бекор бўлди ва иш апелляция тартибида кўришлик учун Бухорога юборилди. Жорий йилнинг (яъни, 2005 йил — таҳр.) 20 апрель куни жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят суди апелляция судлов ҳайъати ажримига мувофиқ биринчи инстанция судининг 2004 йил 30 июндаги ҳукми яна ўз кучида қолди.

Таҳририятга ушбу жиноят иши юзасидан айбланган Очилов, Қўлдошев ва уларнинг оила аъзоларидан шикоят аризаси тушди. Ушбу мурожаат асосида имкон қадар иш ҳужжатлари ўрганилди, гувоҳлар, ҳимоячилар, Қарши давлат университети раҳбарияти ва ходимлари билан суҳбатлашилди. Маҳбуслар билан мулоқот қилишга ҳаракат қилинди. Мутахассислар фикри ўрганилди. Шу жараёнда бизда кўплаб саволлар пайдо бўлди. Биз тергов ёки судни айбламоқчи эмасмиз. Фақат аризачилар даъвосида жон борлиги, ҳақиқатдан ҳам жиноий ишнинг айрим нуқталарида кишини ўйга толдирадиган саволларга дуч келганимизни тегишли идоралар диққатига ҳавола қилмоқчимиз.

Жиноят ишида кўрсатилишича, проректор К.Очилов муқаддам судланган ва буни университет маъмуриятидан яшириб юрган. Бундан кадрлар бўлими бошлиғи З.Ражабова хабардор бўлган. Лекин гўё К.Очиловнинг илтимоси билан унинг судланганлигини университет маъмуриятидан яшириб келган. Кейинчалик ўртада низо чиқиб, З.Ражабова унинг судланганлигини ошкор қилиш билан қўрқитган. Сир очилиб қолишидан қўрққан Камол Очилов эса 500 АҚШ доллари бериш ваъдаси билан университет қурилиш-таъмирлаш бўлими ишчиси Отабек Ҳалимовни ёллаб, Ражабовани ўлдиртирган.

Бироқ жиноят ишида К.Очилов ва З.Ражабовалар ўртасида адоват бўлганини исботловчи бирор асос, далил йўқлиги кишини ажаблантиради. Тергов пайтида сўроқ қилинган ўнлаб ўқитувчи, хизматчи ва талабалар марҳуманинг ишхонада ҳеч ким билан низода бўлмаганлиги, бирор киши билан айтишгани ёки уришганига гувоҳ бўлишмагани, ҳатто эшитишмаганини таъкидлашган.

«Камол ака Ражабовага «опажон» деб мурожаат қилар эди. Бирор марта опанинг ҳам у киши ҳақида ёмон гапирганини эшитмаганман», дейди биз билан суҳбатда университетда кадрлар бўлими назоратчиси бўлиб ишловчи Райҳон Равшанова. Университетнинг бош муҳандиси Боймурод Алихонов, К.Очилов билан бир хонада ишлаган оператор Ҳусниддин Аҳмедов ва бошқа кишилар ҳам марҳума билан Очилов ўртасида бирор марта низо чиққанини ёки сан-манга боришганини эслашолмади.

Биринчи савол: Қизиқ, тер­гов ва cyд қотилликка асос қилиб кўрсатаётган «келишмовчилик» қаердан олинди экан?

Суд алоҳида урғу берган масала — К.Очиловнинг илгари судланганлик факти ҳам назаримизда атайин бўртирилгандек. Ростдан К.Очиловга Яккабоғ туман судининг 1994 йил 5 октябрдаги ҳукмига кўра, ўша пайт амалда бўлган 1959 йил таҳриридаги ЖКнинг 177-2- моддаси  3-қисми (харидор ва буюртмачиларни алдаш) ва 149-модданинг 1-қисми (мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) билан айбланиб, 3 йил муддатга шартли равишда озодликдан маҳрум этиш жазоси қўлланилган. Қашқадарё вилоят судининг 28.04.1995 йилдаги ажрими билан ҳукм ижроси кечиктирилади. Кейинчалик амнистия актига асосан у жазодан озод этилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 22.09.1994 йилдаги қарорига кўра, 1959 йилги Жиноят Кодексига асосан 1995 йилнинг 1 апрелига қадар ҳукм қилинган, содир этган қилмишлари янги қабул қилинган Жиноят кодексига мувофиқ жиноий деб топилмайдиган шахслар жазонинг барча туридан озод этилиши белгиланди. Бун­дан ташқари, ушбу қарорда, янги ЖКга мувофиқ, жиноий деб топилмайдиган қилмишлар учун ҳукм қилиниб, жазони ўтаб чиққан ёки муддатидан илгари озод қилинган шахслар судланмаган, деб ҳисобланиши кўрсатилди. Демак, К.Очиловдан судланган деган тамға аллақачон қонуний тарзда олиб ташланган ва З.Ражабова истаган тақдирда ҳам уни бу билан қўрқита олмасди. ЖКнинг 77-моддасига биноан судланганлик олиб ташланиши муносабати билан унинг барча ҳуқуқий оқибатлари бекор бўлади.

Агар эътибор берилса, тергов томонидан қотилликда гумон қилиниб, илгари судланган шах­слар ҳибсга олиняпти. Худди эски замонларда қаерда жиноят содир бўлса, биринчи бўлиб судланганлар ҳибсга олинганидек. Янада ажабланарлиси, қотиллик жинояти бўйича шубҳаланиб, тинтувга борилган хонадонларнинг ҳаммасидан ё патрон ёки гиёҳванд моддаси чиққан…

Қарши шаҳар Гоголь кўчаси 4-уйда яшовчи, илгари судланган Шокир Аҳмедовнинг уйидан ҳам 0,03 грамм «героин» ва 1,3 грамм «марихуана» топилган. Унинг ўзи бу воқеани қуйидагича эслайди: «2003 йил 16 декабрь куни кечқурун орган ходимлари уйимизга келиб «Сен Зояни ўлдиргансан, уйингда қурол бор», деди. Мен қандай қилиб Зояни ўлдиришим мумкинлигини улардан ҳайрон бўлиб сўрадим. Улар уйингни тинтамиз, дейишди. «Хўп», дедим. Текширишди. Бироз ўтиб костюмимнинг чўнтагидан гўёки гиёҳванд моддаси топиб олишди. Айтинг, героинни ким шкафдаги костюми чўнтагида сақлаши мумкин? Мени «героин» сеники, деб ҳибсга олишди. У ерда Зоя­ни ўлдирган-ўлдирмаганлигимни сўрашди. Мен унинг ўлимини бўйнимга олмадим. Охири гиёҳвандлик бўйича айблаб, ишимни судга оширдилар».

Бундан ташқари, Ғайрат Худойбердиев, Рустам Маҳмудов, Анвар Рашидов, Тагандурди Худойбердиев ҳамда Олмос Худойбердиевлар уйидан ҳам тинтув пайтида бир-икки граммдан гиёҳванд модда ёки патрон чиққан...

Иккинчи савол: Бу ҳолат кишини ажаблантирмайдими? Қотиллик жинояти бўйи­ча гумон қилинган шахснинг уйи­дан албатта тақиқланган бирор нарса чиқиши кишида шубҳа уйғотмайдими? Ёки айрим адвокатлар айтганидек, бу асосий жиноят исботланмаса, тинтув пайтида атайин ташланган восита орқали ҳибсга олинганликни оқлашга уриниш эмасми?

Дарвоқе, Камол Очилов ва Санжар Қўлдошевлар ҳам дастлаб ишхоналаридан гиёҳванд моддасини ноқонуний сақлаганлиги учун ҳибсга олинган. Сўнг тергов давомида уларга қотиллик, босқинчилик ва бир қатор моддалар айб сифатида қўйилди. Ишхонадан гиёҳванд моддаси чиқиб қолганлик ҳолатига эса кўплаб эътирозли саволлар бор.

Маълум бўлишича, қотиллик содир бўлган куннинг эртасига прокуратура ва милиция ходимларидан тузилган тезкор гуруҳнинг бир қисми марҳуманинг ишхонаси — Қарши давлат университетида иш бошлаган эди. Суд­да К.Очилов унинг хонаси ИИБ ходимлари Отабек Тоштурдиев ва Тўлқин Ярматовларга бўшатиб берилгани, улар бу ерда икки ой ишлаганликлари, ўзи эса бу пайтда ҳисоб бўлимида ишни давом эттирганлигини айтган. Ҳусниддин Аҳмедовнинг таъкидлашича ҳам тезкор гуруҳ ходимлари университетга келиб, иккита проректор хонасида иш олиб боришган, университет ходимларини сўроқ қилишган.

14 февраль куни эса тезкор-тергов гуруҳи банд қилган про­ректор К.Очиловнинг хизмат хонасидан «дормикум» психотроп моддаси топилган... Ажабо, К.О­чиловнинг хизмат хонаси 2 ой мобайнида тўлиғича ИИБ ходимлари ихтиёрида бўлган бўлса, тергов жараёни кетаётган бир пайтда проректор ўз хонасида гиёҳванд модда сақлаши мумкинлиги мантиққа тўғри келадими?

Суд ҳукмида: «14.02.2004 йил соат 15.30 ларда Очиловнинг хизмат хонасидан 5 ампула... «дормикум» психотроп моддаси сақлаб келингани аниқланди, далилий ашё сифатида олинди», деб ёзилган. Лекин тинтув ўтказиш тўғрисидаги ҳамда суд кимёвий экспертизаси тайинлаш тўғрисидаги қарор ва ИИБ экс­перт криминалистика бўлимининг хулосалари 13 февраль куни чиқарилган.

Учинчи савол: ҳукмда 5 ампула «дормикум» моддаси 14 февралда топилган деб ёзилган. Хўш, унда қандай қилиб у топилмасдан бир кун олдин экспертизага берилиши ва унинг «дормикум» моддаси эканлиги ҳақида хулоса чиқариш мумкин?

Яна бир масала, ўз хонасида ўтказилган тинтувда К.Очилов иштирок этмаган. Унинг турмуш ўртоғи Менгнор Жугаеванинг айтишича, 11 февраль кунидан то 14 февралгача эри «йўқолиб» қолган. 14 февраль куни эса унинг ҳибсда сақланаётганини билган. «Судда сўралган ИИБ хо­дими Улаш Раҳимов «К.Очиловни 11 февраль куни ИИБ ходими Тўра Зубайдуллаевнинг хо­насида кўрган эдим», деди. Тўра Зубайдуллаев эса бунга изоҳ бериб «у билан гаплашганман, тергов қилмаганман», деди. Бу эримнинг 11 февраль куни ноқонуний равишда ҳибсга олинганининг исботи эмасми?», дейди у.

Тўртинчи савол: биринчи инстанция суди судьяси У.Нурматов ва жиноят ишла­ри бўйича Бухоро вилоят суди апелляция судлов ҳайъати судьялари Ё.Зиёдуллаев, С.Мирзаев ва Р.Худойбердиевлар нега бу ҳолатларга эътибор қаратмаган? Жиноят процессуал қонунчилик талаблари қўпол бузилганлиги, ноҳақ 3 кун ҳибсда сақланганлиги ҳақида кўргазма пайдо бўлган бир пайтда унинг тўғри-нотўғрилиги нега текшириб кўрилмади?

Ажабланарлиси шундаки, проректорнинг хизмат хонасида негадир икки марта тинтув ўтказилган. Буни тинтувда холис сифатида иштирок этган А.Бозоров, Х.Аҳмедов ва Б.Алихоновларнинг кўргазмалари тасдиқлайди. К.Очиловнинг иш кабинетидан аввал 2 ампула, сўнг 3 ампула «дормикум» моддаси олинган. Лекин ҳукмда баён қилиниши бўйича, бир кунда, яъни 14 февралда унинг хизмат хонасидан 5 ампула гиёҳ­ванд моддаси топилган эмиш. Бунинг асоссиз эканлигини гувоҳларнинг кўргазмаларидан ташқари, юқорида биз тилга олган экспертиза ўтказиш тўғрисидаги қарор ҳам, эксперт хулосаси ҳам тасдиқламайдими? Умуман, бир эмас, икки марта тинтув ўтказилишидан мақсад нима? Битта қарор билан неча марта тинтув ўтказса бўлади? Юқоридаги ҳолатлар «дормикум» топилиши ҳодисасига шубҳа уйғотмайдими?

Суд томонидан К.Очилов яна қуйидаги ҳолат бўйича айбдор, деб топилди. Ҳукмда ёзилишича, у бошқалар билан тил бириктириб, қурилиш-таъмирлаш бўлимида ишламаган Жамшид Қўлдошев ва Фахриддин Ибодуллаевга маош ёзиб, ўзлари ўзлаштирган ва университетга моддий зарар етказган.

Аммо, судга фуқаровий даъвогар сифатида жалб килинган Б.Алихонов университетга ҳеч қандай моддий зиён етказилмаганлиги, ҳар иккала шахс ҳам университетда ишлаганлиги ва уларнинг иш чиққанда вақти-вақти билан жалб қилиб турилганлигини ҳамда маошларини ҳам олганликларини таъкидлаб, бу айб эпизодини рад қилган. Суд бўлса фуқаровий даъвогарнинг суддаги сўзларини эмас, тергов айбловини қувватлаб юборди. Қўйингки ўзлаштириш бўлди, деб ҳисобланилганда ҳам К.Очиловнинг бу ишга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Негаки, Ж.Қўлдошев ва Ф.Ибодуллаевни ишга қабул қилиш ва озод этиш ҳақидаги буйруқларга у имзо қўймаган. Ушбу буйруқларга университет собиқ ректори Г.Худойберганов имзо чеккан. Уларнинг ишга қабул қилиниш ва озод этилишига алоқадор барча ҳужжатларга Р.Қурбонов, Б.Алихонов, Х.Самадов, С.Холбоев ва С.Ўроқовлар имзо қўйган ва тайёрлаганлар. Табелларни эса муҳандис Б.Алихонов тасдиқлаб берган.

Бешинчи савол: хўш, қан­дай қилиб бу ҳолатда К.Очиловни ўзганинг мулкини ўзлаштиришда айблаш мумкин? Бунга қанчалик ҳуқуқий асос бор? Айбларнинг бундай турнақатор тизилиши айбланаётганларни жиноят қилишга мойил, деб кўрсатиб, қотиллик эпизодини зўр бериб ўтказишга уриниш эмасмикин, деган гумонни пайдо қилмайдими?

Энди қотиллик юзасидан қўйилган айбловга бироз тўхталсак...

К.Очилов билан С.Қўлдошев қотиллик ташкилотчилари сифатида айбланишига О.Ҳалимовнинг дастлабки терговдаги «менга К.Очилов 500 АҚШ доллари эвазига З.Ражабовани ўлдириб беришни таклиф қил­ди. Бошқа куни С.Қўлдошев ҳам унинг таклифини айтди», деб берган кўргазмаси асос қилиб олинган. Аммо, К.Очилов билан терговдаги юзлаштиришдаёқ О.Ҳалимов уларга нисбатан туҳмат қилганлигини тан олган ва барча суд жараёнларида шу сўзни такрорлаб келмоқда. Унинг суддаги сўзларига эътибор беринг: «...Ражабова Зулфия менга қўшниси корейсни ўлдириб бергин, унинг ҳовли-жойини ҳам ўзимга олишим керак, менга сотмаяпти, деб кўп марта айтган. Зоя (Зулфия — демоқчи — таҳр.) уйида мени қул қилиб ишлатган. Иккала ҳовлисини тўлиқ ремонт қилиб берганман. Шунча ишимга бор-йўғи 10 000 сўм берди. 500 000 сўмдан ортиқ пул бериши керак эди. Уйидан нарса йўқолганда ҳам ҳеч қандай айбсиз мени мили­цияга топширди. Бир ҳафта КПЗда қийналиб ётдим. Зоя ўз манфаатларини кўзлаб, ўзига мени бўйсундириш учун шундай қилган эди. Абитуриентлардан мен орқали пул олиб, қайтариб бермас эди. Улар келиб пулни мендан талаб қила бошлар эдилар. Опанинг бу қилмишлари йиғилиб, бўғзимга келганидан сўнг ундан қутулиш мақсадида отиб ташла­дим. Опанинг қилмишларидан асабларим шунчалик таранглашган эдики, қандай отиб қўйганимни билмай қолдим. Раис, Сиздан илтимос, менга ўлим жазоси берсангиз ҳам ёнимдаги бегуноҳларни қўйиб юборинг. Уларга қарши ёлғон кўргазма берганман» (10-жилд, 237-239-варақлар).

Маълум бўлишича, Отабек Ҳалимов гиёҳванд моддалар истеъмол қилади ва мажбурий даволаш чоралари қўлланишга муҳтож. У 17 декабрь куни ҳиб­сга олинади. 19 декабрь куни унинг ўқишга киргизаман деб фуқаро С.Ҳошимовдан 130 000 сўм ва И.Турсуновдан 250 000 сўмни олиб, ўзлаштириб юборганлиги ҳолати юзасидан ЖКнинг 168-моддаси 2-қисм «б» банди билан жиноят иши қўзғатилади. Кейинчалик эса у қотиллик ижрочиси сифатида айбланди.

Отабек терговдаёқ жуда ғалати, худди алаҳсираган одамдек кўргазмалар бера бошлаган. У бир кўргазмасида «Очилов мени чақириб, Алихо­нов Боймуродни пул эвазига ўлдиришни айтди» деса, бошқасида «Қўлдошев Санжар ко­мендант Дилбарни ўлдириб беришни сўради», дейди. Яна бошқасида эса «Ражабова Зулфия қўшниси корейс миллатидаги аёлни ўлдириб беришни сўради», деб айтади. Судда эса «Университет проректори Исмат Худойбердиев ва декан Турсун Чориевлар менга «агар Очиловга қарши кўргазма бериб, қаматсанг биримиз рек­тор, иккинчимиз проректор бўламиз, сенга эса «Нексия» автомашинаси олиб берамиз», дейишди. Шу сабабли Зулфия опанинг ўлимида уларнинг қўли бор деб ўйлайман», деган. Кўриб турганингиздек, унинг кўргазмалари соғлом ақлга тўғри келмайди. Лекин тергов ва суд гиёҳвандлик касалига чалинган Отабек Ҳалимовнинг бошқа кўргазмаларига эътибор бермаган ҳолда негадир К.Очилов ва С.Қўлдошевларга нисбатан дастлабки терговда айтган гапларига эътибор қаратгани, шу кўргазма асосида уларни қотиллик ташкилотчилари, деб айблагани кишини ўйга толдиради.

Ваҳоланки, тергов пайтидаги юзлаштиришдаёк, Отабек Ҳалимов аввалги кўргазмасини инкор этганлигини айтдик. Ле­кин суд залида аниқланган ҳолатлар бўйича ҳукм қилиши лозим бўлган суд Отабек Ҳалимовнинг дастлабки терговдаги кўргазмасини К.Очилов ва С.Қўлдошевларни айблаш учун асос қилиб оляпти. Ғалатилиги, унга 500 АҚШ доллари ваъда қилинганлиги ҳақида бирор ҳужжат, далил, факт йўқ.

«Мен Отабек Ҳалимовнинг 13 декабрь куниёқ ҳибсга олингани, сўнг Самарқанддаги ҳибсхонада сақлангани ҳақидаги кўргазмаларига аввал унчалик эътибор қилмаган эдим, — дейди Менгнор Жўраева. — Апел­ляция инстанциясида гувоҳ сифатида сўралган Қарши шаҳар ИИБ жиноят қидирув бўлими бошлиғи Улаш Раҳимовнинг кўргазмалари (2005 йил 7 апрель) Отабекнинг гапларини исботлади. Суд залида Улаш Ра­ҳимов «2003 йил декабрь ойида Отабек Ҳалимов олиб борилган Самарқанд шаҳридаги изолятор бошлиғи Тўра Зубайдуллаев телефон қилиб, Ота­бек марҳумани ўлдирганини бўйнига олгани, қотиллик қуро­ли бўлган пистолет Ҳалимовнинг уйидаги туалетда эканлигини айтди. Айтган жойдан пистолет олинди. Самарқанд ИВС бошлиғи яна телефон қилиб, сумка ҳам ҳожатхонада экан, қаранглар, деди. Сўнг яна ҳожатхонадан сумка ҳам олин­ди» деди».

Лекин баённомада қайд этилишича, қурол ва сумка 2004 йил 11 февраль куни ҳожатхо­надан олинган. Баённома шу куни тузилган. Отабекнинг укаси Шерзод Ҳалимовнинг суддаги кўргазмасида айтишича, ҳожатхонадан қурол ва сумка олиш спектакль бўлиб, унда у роль ўйнаган, аслида акаси унга ҳеч қанақанги тўппонча ҳам, сумка ҳам берган эмас. Суд негадир бу қарама-қарши факт ва кўргазмаларга баҳо бермаган. Ажабланарлиси шундаки, сумка ичидан калитлар ва 450 АҚШ доллари чиқади.

Олтинчи савол: қизиқ, 500 АҚШ доллари учун одам ўлдиргани қасд қилган Отабек нега сумка ичида тайёр турган 450 АҚШ долларини олмасдан уни ҳожатхонага ташлади экан? Бу мантиқсизлик эмасми? Бу уларга қўйилаётган қотиллик эпизодининг тўқима эканлигини англатмайдими? Жиноят Қарши шаҳрида содир бўлган, Қаршида ҳам вақтинча сақлайдиган ҳибсхона бўлса, нега Отабек Ҳалимов Самарқанд шаҳридаги ҳибсхонага олиб кетилган?

Отабек Ҳалимовнинг уйида­ги ҳожатхонадан тўппонча ва сумка олинганлиги ҳақидаги баённомада олинган пистолетнинг модели, серия рақами, узунлиги, номи, қалинлиги, баландлиги, ствол диаметри ҳамда олинган гилзанинг диа­метри, узунлиги, уни тайёрлаган заводнинг номи ва чиқарилган санаси кўрсатилмаган.

Еттинчи савол: бундай ҳолатда О.Ҳалимов уйидаги ҳожатхонадан айнан қотиллик қуроли, деб топилгаи «Вольтер Р-38» русумли пистолет чиққан, деб ҳисоблаш мумкинми? Баллистика мутахассиси сифатида Қашқадарё вилоят ИИБ ЭКБ ҳайдовчиси О.Насимов жалб қилинган. Ҳайдовчидан бал­листик эксперт сифатида фойдаланиш жиноят процессуал қонун талабларини жиддий бузиш ҳисобланмайдими?

Саккизинчи савол: Апел­ляция ажримида судланувчиларнинг айб эпизодлари бир эмас, икки, ҳатто уч бор такрор-такрор ёзилган. Бу айбловни атайин бўрттиришга уриниш, уни қувватлашга ҳаракат эмасми?

К.Очиловнинг суддаги мана бу гапига эътибор қилинг: «Менга тергов пайтида универ­ситет ректорига қарши кўргаз­ма беришни талаб қилишди. Мен туҳматдан бош тортдим». Бу кўргазма, проректор хизмат хонаси ва ётоқхона қоровулхонасидан шубҳали тарзда топил­ган гиёҳвандлик моддалари ҳамда ушбу жиноят иши бўйи­ча судланган 7 шахснинг 5 нафари университет ходимлари эканлиги қотиллик излари негадир университетдан зўр бериб қидирилганлигини англатмайдими?

Хуллас, саволлар кўп. Биз кимларнидир айблаш фикридан йироқмиз. Балки айблов асосли, жиноят тўлиқ исботланган бўлиши керак, шунда эътироз ва норозиликларга ўрин қолмайди, демоқчимиз.

Назаримизда, қаламга олин­ган жиноят иши юзасидан очиқ, жавобсиз қолган саволлар анча-мунча. Ўйлаймизки, малакали юқори идора мутасаддилари ушбу масалага алоҳида эътибор қаратади...

(«Ўзбекистон овози» газетаси.  20.12.2005 йил,  152-сон)

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг