Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ходимини урган «Ипотека банк» филиали раҳбари ҳайфсан олди (видео)

Ходимини урган «Ипотека банк» филиали раҳбари ҳайфсан олди (видео)

«Ипотека банк» АТИБнинг Меҳнат филиали бошқарувчиси ўз ходимларини вақти-вақти билан уриб туриши аниқланган. Бу ҳақда UzNews хабар берди.

Банк ходимларининг бири томонидан тақдим этилган видеолавҳада филиал бошқарувчиси ўз ходимининг юзига шапалоқ тушираётганини кўриш мумкин.

Видеони жўнатган банк ходимининг сўзларига кўра, мазкур ҳолат тахминан икки ҳафта олдин Марказий банк ходимлари томонидан филиал фаолияти текширилаётганда содир бўлган.

Банк ходимининг таъкидлашича, бу биринчи ҳолат эмас. Филиал бошқарувчиси Абдулазиз Иноятов тез-тез қўл кўтариб турган. Одатда унинг «қурбонлари» ишга яқинда жойлашган ходимлар бўлган. Беш-олти йилдан бери ишлаётган ходимларга тегмаган.

«Ипотека банк» раҳбарияти филиал бошқарувчисининг хатти-ҳаракатларига муносабат билдирган. Унга кўра, «Ипотека банк»нинг шаҳар филиали томонидан Меҳнат филиали бошқарувчиси ва ходими ўртасида 30 сентябрь куни содир бўлган ҳолат ўрганилган.

Филиал вакилларининг таъкидлашича, ҳодиса ходимнинг бошқарувчи томонидан берилган кўрсатмаларни бажармагани, у томондан йўл қўйилган хато ва камчиликлар ҳамда ўз вазифаларига совуққонлик билан қарагани оқибатида содир бўлган.

Содир бўлган ҳодиса учун Меҳнат филиали бошқарувчиси Абдулазиз Иноятовга ҳайфсан эълон қилинган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг