Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

ССВ: Алкоголь маҳсулотлари коронавирусдан сақлай олмайди

ССВ: Алкоголь маҳсулотлари коронавирусдан сақлай олмайди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан аҳолининг санитария-гигиена қоидаларига амал қилиши ва профилактик чоралар кўриш борасида SMS-хабарномалар йўллаш тизими йўлга қўйилди.

Уларда асосан, қўлларни тез-тез яхшилаб ювиш, шамоллаган одамлар билан мулоқот қилмаслик, юзни қўл билан ушламаслик, жамоат жойларга боришни камайтириш, йўталганда ва аксирганда оғиз ва бурунни ёпиш каби оддий, аммо муҳим гигиеник қоидалар бериб борилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар беришича, ушбу SMS-хабарларни нотўғри талқин қилиш, мазмунини сунъий равишда ўзгартириб бериш орқали аҳоли орасида ваҳима уйғотаётганлар ҳам учрамоқда.

Жумладан, ижтимоий тармоқларда вазирлик номидан «коронавирусдан сақланиш учун алкоголь маҳсулотларини тез-тез истеъмол қилиш лозим» мазмунидаги хабарлар тарқатилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан бундай SMS-хабар юборилмагани ва бу мутлақо ёлғонлиги маълум қилинди. Мутахассисларнинг якдил хулосасига кўра, алкоголь маҳсулотларини истеъмол қилиш коронавирус инфекциясидан сақлай олмайди.

Эслатиб ўтамиз, айни пайтга қадар мамлакатимизда коронавирус инфекцияси билан боғлиқ бирорта ҳолат қайд этилмаган. Шу ўринда Соғлиқни сақлаш вазирлиги яна бир бор аҳолидан ортиқча саросимага тушмаган ҳолда шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя қилишларини сўраб қолади, дейилади ССВ хабарида.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг