Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Сирдарёда тириклай ёқиб юборилган «мурда»... қамоққа олинди!

Сирдарёда тириклай ёқиб юборилган «мурда»... қамоққа олинди!

Иллюстратив фото

Сирдарёдаги далалардан бирида 100 фоиз куйиб кетган инсон жасади топилгани ҳақида хабар бергандик. Кўп ўтмай, Бош прокуратура матбуот хизмати баёнот бериб, олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида мурданинг шахсига аниқлик киритилгани, марҳум пойтахтнинг Учтепа туманида истиқомат қилган 47 ёшли Ф.П. эканини маълум қилганди. Баёнотда жасадни марҳумнинг шаръий хотини ва ўғли оёқ кийимиишлатган телефон аппарати  ва ўнг қўли бармоғидаги нуқсонидан таниб олгани алоҳида қайд этилганди.

Ҳолат юзасидан қасддан одам ўлдириш (Жиноят кодекси, 97-модда) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилиб, олиб борилган тезкор-қидирув натижасида куни кеча мазкур жиноят фош этилди.

Энг қизиғи ва даҳшатлиси шуки, қотиллик қурбони дейилаётган шахс — тирик, мурда эса бошқа инсон бўлиб чиқди! Ва бу ўта оғир жиноятни қариндошлари томонидан гўёки «мурдаси таниб олинган» шахснинг ўзи (!) содир этгани ойдинлашди.

Ие, қандай қилиб, дерсиз? Эшитинг.

Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдиновнинг «Xabar.uz»га маълум қилишича, бундай оғир жиноятни фош этишда мурданинг шахсига аниқлик киритилганининг аҳамияти унчалар катта эмас. Гап жиноятни ким содир қилганини фош этишда.

Дастлабки тергов ҳаракатлари давомида ҳодиса жойидан олинган 0,5 литрли «Troyka» номли ароқ  шиша идишидан бутунлай бошқа шахс  —  кейинчалик маълум бўлишича, Тошкент шаҳар, Чилонзор туманида истиқомат қилувчи С.С.нинг бармоқ излари ҳам топилган. Бу ўз-ўзидан тезкор ходимларни янада ҳушёр торттириши аниқ. 

Суриштирув натижасида  С.С.  ёлланма ишчи сифатида ишлаб, жорий йилнинг 28 май куни уйидан чиқиб кетганича қайтиб келмагани аниқланади. С.С.нинг яқин қаридошларига ёқиб юбрилган мурда кўрсатилганда, унинг укаси жасад акасига тегишли эканини айтиб, гавда ва бош тузилиши, чап қўл кичик бармоғи тирноқ фалангаси йўқлиги ва ўнг елкасида синган жароҳатидан таниб олади.

Юзага келгани ҳолатга аниқлик киритиш учун мурда ва уни аввал ҳамда кейин таниб олганларнинг барчасидан қон намуналари олиниб, ДНК экспертизаси тайинланади.  Натижада мурда С.С. эканига узил-кесил аниқлик киритилади. Ўзини «ўлдига» чиқариб, шаръий турмуш ўртоғи ва ўғли томонидан  гўёки таниб олинган Ф.П. эса тирик бўлиб, Оҳангарон туманидаги бир уйни ижарага олиб, яшириниб юргани фош бўлади.

Ушбу воқелик «сценарийси» муаллифи ҳам, ижрочиси ва қаҳрамони ҳам  Ф.П.нинг ўзи бўлиб чиқаётганини илғадингиз-а? Хўш, бунга сабаб нима?

Ҳаёт Шамсутдиновнинг қўшимча қилишича, Ф.П. катта миқдорда қарз бўлиб қолган, ҳақдорлар эса пулини қистаб, ИИБга мурожаат қилишгача борган. Вазиятдан чиқиш учун у ўзини «қотиллик қурбони»га айлантиришдек аҳмоқона режа тузади. Яъниким, ёлланма ишчилик билан шуғулланиб келган С.С.ни топиб, «Сирдарёда яхши иш бор, кунига фалон сўм бераман» деб, уни Мирзаобод тумани ҳудудидаги дала майдонига олиб боради. Ўша ерда уни аввалига гўёки ароқ билан меҳмон қилади.  Маст бўлгач, қўл-оёғини боғлаб, оғзига латта тиқади ва ёқиб юборади... Мурда  ўзи бўлиб чиқиши учун эса бошқарувидаги оқ рангли «COBALT» русумли автомашинани воқеа жойида қолдириб кетади.

«Шайтанат»даги лавҳани эслатиб юборадиган мазкур жиноят нисбатан қисқа фурсатда фош этилгани эътирофга лойиқ. Бу тергов гуруҳи аъзоларининг профессионаллигидан далолат қилади. Гап йўқ!

Айни пайтда «бир ўлиб тирилган» Ф.П. яшириниб ётган жойидан ушлаб келиниб, қамоққа олинган.

Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг