Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Сенат «Сурхондарё воқеаси»га муносабат билдирди

Сенат «Сурхондарё воқеаси»га муносабат билдирди

Сурхондарё вилояти Денов тумани Оқтом маҳалласида яшаган Ҳасан Хушматов исмли фуқаро ички ишлар органлари ходимлари томонидан мажбурлаб олиб кетилиб, қийнаб ўлдирилгани ҳақидаги хабарга Олий Мажлис Сенати Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбидин Бурханов муносабат билдирди.

Муносабатда қуйидагилар маълум қилинган:

2021 йил 10 июль куни Денов тумани Охтом маҳалласида фуқаро Ю.Хушматов туман ички ишлар органларига акаси Х.Хушматов яшаш уйида жанжал қилиб тинчлигини бузаётганлиги ҳақида хабар берган.

Туман ИИБ профилактика инспектори С.Пардаев Х.Хушматовнинг яшаш хонадонига ёрдамчилари Х.Шералиев ва Т.Фармоновлар билан бориб, Х.Хушматовни туман ИИБга ўз бошқарувида бўлган «LADA X-RAY» русумли автомашинасида олиб келаётганда маст ҳолат бўлган Х.Хушматов фаол қаршилик кўрсатган. Х.Хушматовни тинчлантириш мақсадида профилактика инспектори ёрдамчилари Х.Шералиев ва Т.Фармонов ўз ваколатлари доирасидан чиқиб бир неча марта уриб, тан жароҳати етказган.

Тан жароҳатлари билан касалхонага ёткизилган Х.Хушматов 2021 йилнинг 11 июль куни соат 10:00 ларда Шўрчи туман тиббиёт бирлашмасида вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Денов тумани прокуратураси томонидан 2021 йил 11 июль куни Х.Шералиев ва Т.Фармоновларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли моддалари билан айблов эълон қилиниб, жиноят иши қўзғатилган. 

Х.Шералиев ва Т.Фармоновларига нисбатан Жиноят ишлари бўйича Денов туман судининг 2021 йил 12 июлдаги ажрими билан «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Дастлабки тергов давомида марҳум Х.Хушматовнинг ўлимига сабаб бўлган барча ҳолатлар ва алоқадор шахслар атрофлича текширилиб, ҳуқуқий баҳо берилади. Ҳозирги кунда мазкур жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари вилоят прокуратураси томонидан олиб борилмоқда.

Тергов жараёнлари якуни бўйича қўшимча ахборот тақдим этилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мамлакатимизда қонун бузилиш ҳолатининг ҳар қандай кўринишига муросасиз эканлигини яна бир бор эслатиб ўтади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг