Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Самарқандда яна бир янгилик: «Инфо-киоска»!

Самарқандда яна бир янгилик: «Инфо-киоска»!

Фото:«Xabar.uz»

Самарқанд шаҳри аҳолиси ва шаҳар меҳмонлари шаҳарда ажойиб янгиликка гувоҳ бўлдилар. «Vendo» компаниялар гуруҳи Самарқанд вилояти Туризмни ривожлантириш департаменти билан ҳамкорликда ўзлари ишлаб чиққан янги «Инфо-киоска»– «Маълумотлар уйчаси»ни тақдим қилишди.

Кўриниши  ихчам ва қулай «уйчалар» эндиликда  ўтмишда қолиб кетган «телефон будкалари» ўрнини эгаллайди.

«Инфо-киоска»да ўрнатилган телефондан Ўзбекистон бўйлаб исталган рақамга бепул қўнғироқ қилишингиз, у ерда ўрнатилган  бепул «Wi-Fi»дан ҳам фойдаланишингиз мумкин. Шунингдек, у бир вақтнинг ўзида маълумотлар маркази бўлиб ҳам хизмат қилади. Сайёҳлар бу «уйчалар»дан ўзларини қизиқтирган шаҳар харитаси, автобуслар қатнови, дўконлар, ошхоналар, зиёратгоҳлар жойлашуви каби маълумотларни олиши, шунингдек, Ўзбекистон ҳудудидаги танишларига, «Тез ёрдам»га, туризм полицияси ва сайёҳларга ёрдам марказига қўнғироқ қилишлари, «Wi-Fi»дан ҳам фойдаланишлари мумкин.

Шаҳридаги мактаблардан бирининг ёнига ўрнатилган илк «Инфо-киоска»ни бирпас кузатдик ва бу аввало мактаб ўқувчиларида катта қизиқиш уйғотганига гувоҳ бўлдик. Шу ўринда айрим саволлар туғилди ва уларни  «Vendo» компаниялар гуруҳи раҳбари Хайрулла Мамасолиевга бердик:

– «Инфо-киоска»да қўнғироқ қилиш текин бўлса, ёш болалар  у ерга «танда қўйишмасмикан»?

– Аввало, «Инфо-киоска»ни мактаб ёнига қўйганимизнинг сабаби шуки, дарси эртароқ тугаган ўқувчи унга кириб, ота-онасини огоҳлантиради. Ўз телефони бўлмаган ўқувчилар учун бу қулай имконият. Тўғри, ҳозир болалар учун бу  имконият эрмакка ўхшаши мумкин, бироқ вақти-соати етиб, фақат зарур ҳоллардагина унга мурожаат қиладиган бўлишади. Унгача айрим чекловлар ва назорат ишларини жорий қиламиз. Масалан, ҳозирча қўнғироқ муддатини уч дақиқадан  ошмайдиган қилиб қўямиз...

– Уч дақиқадан гаплашишса ҳам кун бўйи қилинган қўнғироқларнинг хизмат ҳақи анчагина бўлиб қолади-ку, унинг пулини ким тўлайди?

– Шу ташаббус билан чиқдикми, харажати ҳам зиммамизда бўлади: қўнғироқлар ва «Wi-Fi» хизмати пулини «Vendo» компаниялар гуруҳи тўлайди. Бепул «Wi-Fi» ташкил қилганимиз учун тақдим этиладиган чегирмалардан ҳам фойдаланимиз. Муҳими, шаҳримизга келадиган сайёҳлар сони ошишига, яхши таассуротлар билан қайтишига эришсак бўлгани.

– Келгуси режалар?

– Мана шундай «Инфо-киоска»лардан сайёҳлик мавсуми бошлангунга қадар 200 тасини ўрнатишни режалаштирганмиз. Самарқанд вилоят Туризмни ривожлантириш департаменти билан ҳамкорликда шаҳримиз кўчалари янгича чирой кашф қилишига ҳаракат қиламиз.

...Ташкилотчиларга ташаккурлар айтиб, мақолани «Wi-Fi»дан фойдаланган ҳолда таҳририятга юбориш учун мен ҳам «Инфо-киоска»га кирдим.

Каримберди Тўрамурод

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг