Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Она ва бола ўлимига сабаб бўлган автоҳалокат айбдорига ҳукм ўқилди

Она ва бола ўлимига сабаб бўлган автоҳалокат айбдорига ҳукм ўқилди

Ўтган йилнинг ноябрь ойида Шароф Рашидов тумани ҳудудидан ўтган Тошкент-Термиз М-39 автомобиль йўлининг 977 километрида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси ҳақида ўз вақтида ижтимоий тармоқларда хабар тарқатилганди.

Ўшанда «Нексия» русумли автомобиль ҳайдовчиси А.Каримбек «Йўл ҳаракати қоидалари»нинг 55-банди («Ҳайдовчи қайта тизилишда ён бўлакда йўналишини ўзгартирмасдан ҳаракатланаётган транспорт воситаларига йўл бериши керак») қўпол равишда бузиши натижасида О.Салимов бошқарувидаги (уям «Нексия») ўнг ён томонига бориб уради! Натижада  машинада вояга етмаган Н.Нураклиев воқеа жойининг ўзида, унинг онаси Н. Уралова эса  шифохонада вафот этади.

Куни кеча мазкур ҳолат бўйича қўзғатилган жиноят иши ЖИБ (жиноят ишлари бўйича) Шароф Рашидов туман судида мазмунан кўриб чиқилди.

Суд раиси Ғ. Ялгашевнинг «Xabar.uz»га маълум қилишича, судланувчи А.Каримбек Ўзбекистон Республикаси ЖК 266-моддаси 3-қисмининг «а» бандида (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) кўрсатилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилди.

Унга ҳар ойлик иш ҳақининг 10 фоизини давлат даромадига ушлаб қолиш йўли билан 3 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси ҳамда қўшимча жазо тариқасида 2 йилга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Суд ҳукм чиқаришда судланувчининг айбига тўлиқ иқрорлиги, муқаддам судланмагани, қарамоғида 2 нафар вояга етмаган фарзанди бўлиб, оиласида ягона боқувчилиги, шунингдек, жиноят оқибатида етказилган зарарларни ўз ихтиёри билан тўлиқ бартараф этганлигини, жабрланувчиларнинг даъволари йўқлигини инобатга олди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг