Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Kun.uz» журналистларига тажовуз. Ҳолат жиддий суриштирувни талаб этади! (видео)

«Kun.uz» журналистларига тажовуз. Ҳолат жиддий суриштирувни талаб этади! (видео)

Фото: Видеолавҳадан скриншот

«Kun.uz» сайти журналистлари Тошкент шаҳар Олмазор тумани ҳокими ўринбосарининг тажовузига учради. Бу ҳақда сайтнинг ўзи хабар тарқатди.

Хабарда айтилишича, 14 август куни «Kun.uz» ходимлари «Хива строй» МЧЖ  мурожаатини ўрганиш жараёнида Олмазор туман ҳокимлигида бўлади. Мурожаатга кўра, МЧЖ томонидан тумандаги «Иброҳим ота» маҳалласида 2 қаватли уйлар қурилиб, кам таъминланган ва муҳтож оилаларга берилгани, бу уйларни қуриш учун МЧЖ томонидан жами 1,5 млрд сўмга яқин қийматдаги иш бажарилгани, бироқ шундан 800 миллион сўмга яқини 2018 йилнинг январь ойидан буён берилмай келинаётгани айтилади.

Журналистларга пешвоз чиққан Олмазор туман ҳокимининг архитектура, капитал қурилиш ва коммуникацияларни ривожлантириш бўйича ўринбосари Абдурасул Ваҳабов дастлаб тадбиркорларга, сўнг «Kun.uz» ходимларига давлат органи ходимига хос бўлмаган тарзда муносабатда бўлади. Сўнг видеотасвирга олмасликни талаб қилиб операторга ташланади ва ўзини босиб ололмай, тажовузкорона ҳаракатларини давом эттириб, таҳририят мулки бўлган техника воситасини (штатив) синдириб ташлайди!

Хабарда алоҳида таъкидланадики: «Ачинарлиси, воқеага гувоҳ бўлиб турган ички ишлар ходими ва ҳокимлик вакиллари ҳам бу ҳолатга томошабин сифатида қараб туришди. Зўравон ўринбосар эса мухбирларни прокуратурага топшириб юбориш билан таҳдид қилди». Яна: «...Қайд этиш керакки, бу Абдурасул Ваҳабовнинг «Kun.uz» ижодий гуруҳига биринчи марта тажовуз қилиши эмас. Шу йилнинг январида ҳам айнан ушбу амалдор кўпчилик олдида огоҳлантириб ўтирмай, сайт видеокамераларига ёпишиб, операторларга ташланган эди. Ўшанда бу ҳолатга кўз юмилганди. Бироқ, масъул шахснинг бу сафарги ҳаракати ҳеч қандай ахлоқ меъёрларига тўғри келмайди», дейилади хабарда.

...«Xabar.uz» жамоаси «Kun.uz»даги ҳамкасблар билан бирдам эканини изҳор қилиши баробарида ваколатли органлардан  мазкур ҳолат  бўйича  жиддий ва холис суриштирув ўтказишни сўрайди.

Воқеалар ривожидан келиб чиқиб, таҳририят мавзуга қайтади.

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг