Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Инновацион ривожланиш вазири маслаҳатчиси Тони Блэр билан учрашди

Инновацион ривожланиш вазири маслаҳатчиси Тони Блэр билан учрашди

17­-21июнь кунлари Инновацион ривожланиш вазирининг юқори мартабали маслаҳатчиси Карстен Хайнц бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Брюсселга ташриф буюрди.

Делегация «Европа ривожланиш кунлари» халқаро форумида иштирок этди. Европанинг мазкур нуфузли кенг қамровли тадбири мамлакатларнинг ривожланиш ва молиявий-техник ҳамкорлик масалаларига бағишланган бўлиб, ЕИ комиссияси томонидан 2006 йилдан бери ўтказиб келинади. Унда ҳар йили турли муассасалар ва Европа Иттифоқи мамлакатлари, донорлар, реципиентлар, халқаро ташкилотлар, шунингдек хусусий сектор ва фуқаролик жамиятлари вакилларидан иборат 8 минг нафардан ортиқ иштирокчи қатнашди.

Мазкур форум доирасида Инновацион ривожланиш вазирининг юқори мартабали маслаҳатчиси Карстен Хайнц Буюк Британиянинг собиқ бош вазири Тони Блэр билан учрашди. Британиялик сиёсатчи Европанинг кўплаб етакчи сиёсатчилари, жамоат арбоблари, халқаро ташкилотлар вакиллари қаторида «Европа ривожланиш кунлари» халқаро форумида иштирок этиш учун келган.

Суҳбат чоғида томонлар Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасидаги инновацион ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари тўғрисида суҳбатлашдилар. Тони Блэр мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ўзбек ҳамкорлар билан яқиндан ҳамкорлик қилиш масалаларига қизиқишини билдирди.

Ишчи ташриф доирасида ўзбекистонлик делегация Брюссель савдо-саноат палатаси, Европа ташқи алоқалар хизмати, Европа Иттифоқининг Халқаро ҳамкорлик ва ривожланиш бўйича Бош директорати ҳамда Тадқиқотлар ва инновациялар Бош директорати масъуллари билан музокаралар олиб бордилар. К. Хайнц Брюссель савдо-саноат палатасининг ижрочи директори О. Виллосга Ўзбекистонда илмий тадқиқотлар ва технологияларни ривожлантириш бўйича Европа Иттифоқининг твининг (икки томонлама) дастурлари доирасида ҳамкорлик қилиш, шунингдек, ЕИ мамлакатларининг халқаро тажрибасини ўрганиш ва уларни Ўзбекистонга татбиқ этиш мақсадида Инновацион ривожланиш вазирлиги ходимлари учун таълим дастурларини амалга ошириш бўйича таклифлар берди. Ўз навбатида, Ўзбекистоннинг инновацион фаолияти билан яқиндан танишиш учун жаноб Виллас 2019 йилнинг 29­—31 октябрь кунлари Тошкент шаҳридаги «Ўзэкспомарказ»да бўлиб ўтадиган «InnoWeek» инновацион ғоялар ҳафталигига таклиф этилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг