Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Бухорода шифокор калтакланди (видео)

Бухорода шифокор калтакланди (видео)

Скриншот

Ижтимоий тармоқларда тарқалган «Spark» автомашинаси ҳайдовчиси «Cobalt» автомашинасини турган жойида орқасидан келиб, зарб билан қайта-қайта уриб, сўнгра ҳайдовчи машинадан тушиб «Энди буларга кўрсатаман» дея кимгадир таҳдид қилаётган ҳолати акс этган видеолавҳа муҳокамаларга сабаб бўлди.

Маълум бўлишича, ушбу воқеа Жондор туман тиббиёт бирлашмаси ҳудудида содир бўлган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими маҳкур ҳолатни ўрганиб, қуйидагиларни маълум қилди.

2019 йил 11 август куни  В.Қ. исмли фуқаро Жондор туман тиббиёт бирлашмаси туғруқ бўлимига маст ҳолда келиб, «Д.Қ исмли аёл 3 кундан бери туға олмаяпти, сенлар қарамаяпсанлар», деб жанжал кўтарган ва шифокорларни хақорат қилган. Иш вақтини якунлаб, уйига қайтаётган акушер-гинеколог М.Т. нима бўлаётганини билиш учун воқеа жойига борган. В.Қ.нинг мақсадини тушунгач, у айтган аёлдан хабар олиш мақсадида туғруқхона қайтиб кириб, беморлар қайд этилган дафтардан Д.Қ.нинг исми-фамилиясини излайди. Бироқ рўйхатда бундай бемор қайд этилмаган эди. Сўнгра, кўчага чиқиб В.Қ.га қариндоши шифохонада эмаслигини айтади.

Шу пайтда В.Қ. шифокорни ҳақорат қилиб, мушти билан уриб, жароҳат етказади. Теварак-атрофдаги одамлар уларни ажратиб қўйгач, шифокор иш вақти тугагани учун уйига қайтиш мақсадида кўчада турган машинаси томон отланади. Бу пайтда В.Қ. ҳам «Spark» русумли автомашинасига ўтириб, туғруқ бўлими биноси ёнида турган шифокор М.Т.га тегишли «Cobalt» русумли машинасининг орқасига «Spark»и билан бориб, бир неча маротоба урган.

Ушбу ҳолат бўйича ўша пайтнинг ўзида туман ички ишлар бўлимига хабар қилинган. Маълумотларга кўра, ўша куни фуқаро В.Қ.нинг қариндоши шифохонада эмас, уйида бўлган. У аёл орадан икки кун ўтиб, 13 августь куни эрталаб туғруқ мажмуасига келтирилган ва шифокорларнинг кўмагида шу куни кўзи ёриган. Ҳозир она ва боланинг саломатлиги яхши. Яқин кунларда уларга уйга рухсат берилади.

Шифокорнинг мол-мулкига ҳам зиён етказилди. Ачинарлиси, бу ҳодисани содир этган инсон Жондор туман ФҲДЁ бўлими ходими экан.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳуқуқ-тартибот идораларидан бундай ҳолатларга қарши кескин курашиш, тиббиёт ходимларининг ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтиришни такроран сўраган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг