Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Осонмас бу йўлларда юрмоқ (ҳажвия)

Осонмас бу йўлларда юрмоқ (ҳажвия)

Фото: «Карикатура»

Кўпчилик ҳайдовчиларимизни танқид қилади. Маданиятсиз, ҳовлиқма, баъзан бефаросат ҳам дейишади. Эҳтимол шундайлари ҳам бордир. Лекин уларга ҳам осонмаслигига эътиборингизни қаратмоқчиман. Бунинг учун сизни хаёлий саёҳатга таклиф этаман. Уловга яхшилаб жойлашинг, хавфсизлик камарини тақинг, кетдик.

Автотураргоҳдан катта йўлга қўшилиш мақсадида йўл чеккасидамиз. Тахминан беш-олти дақиқадан бери турибмиз. Ҳеч ким йўл берай демайди. Ҳартугул биттаси тўхтади. «Ака, раҳмат». Ие, у бизни деб эмас, одам тушириш учун тўхтаган экан. Берганнинг бетига қарама дейилармиди-ей? Ҳа, майли, тезроқ жилиш керак. Газни босдик.

Светофор. Қизил энди ёнди. Орқани кўрсатувчи ойнага қарасам, кетимдаги уловнинг фаралари тез-тез ёниб ўчаяпти. Светофорда ўзгариш йўқ, ҳамон қизил. Орқадан ёритишлар тобора шиддатлашмоқда. Биз ҳайрон. Сариқ ёниши билан бояги ҳаракатларга ўша томондан сигнал овози ҳам қўшилди. Олдимизда ва ёнимиздаги машиналар аста силжишни бошлаганида орқамиздаги ҳайдовчининг қайсидир аъзоси (қўли бўлса керак) сигналга ёпишиб қолди. Тинмай бипиллатарди. Бу орада яна қизил ёнди. Ойнага бир қарасам, ҳайдовчи нималарнидир астойдил тушунтирмоқда. Жосуслар сингари лабларга қараб ўқий олмаслигимдан афсусландим. У куйиб-пишиб, қўлларни ишга солиб (демак, қўли ёпишмаган экан) нутқ сўзламоқда эди. Ҳартугул кейин тинчланди. Одам дардини айтса, енгиллашади деганлари рост экан.

Йўлдамиз. Пиёдалар ўтиши учун мўлжалланмаган жойда бир йигит йўлнинг нариги томонидан бу томонга югуриб ўта бошлади. Унга яқинлашай деганимизда бирданига тезлигини камайтириб, юриш ҳолатига ўтди. «Шу жойга етганида бензини тугади шекилли» деган ўй ўтади хаёлдан. Бу ҳақда шошилинч тарзда биронтасига телефон орқали хабар беришга киришди. Биз эса деярли тўхташ даражасигача секинлашиб, унинг ўтиб бўлишини кутиб турдик. Энди уни кимдир шатакка олар. Мен эса яна газни босдим.

Кўпам тезлаша олмадим. Олдимизда бехосдан чуқур пайдо бўлди. Икки ёнимизда машина борлиги учун унга тушишга мажбур бўлдик. Ўзиям чуқур экан. Унда балиқ ови ишқибозлари чувалчанг қидирганми, роса кенг экан. Бундай ҳолатларда ҳайдовчи бор иродасини ишга солади. Кучанади. Беихтиёр «дуо»лар қилгиси, «миннатдорчилик» билдиргиси, хуллас, ичини бўшатгиси келади. Ёнимда сиз борлигингиз учун мен барини ичимга ютдим. Холи қолганда енгиллашарман.

Пиёдалар йўлакчаси. Ҳеч эътибор берганмисиз, бу йўлакча ҳар кимга турлича таъсир этади. Олдимиздан бир гуруҳ одамлар ўтмоқда. Ҳассага таянган кампир жонланиб кетди. Максимал тезлигини ишга солди. Йўлакча таъсири-да бу. Шиддат билан ҳаракатланиб келган ёшлар эса, аксинча, бу ерда тошбақаюриш режимига ўтишди. Елкаларидаги масъулият юки босибми, ҳар замон тўхтаб ҳам қолишадими-ей. Дунёдаги энг муҳим масалаларни айнан шу ерда муҳокама қилишга тушадими-ей. Қулоқчин тақиб олган қизча эса умуман боплади. Йўлнинг нариги бетига етар-етмас ортга бурилди-да шошмай қайта бошлади. Ота-она панду насиҳатларини телефонига ёздириб олган бўлса керак, ён-атрофга сира қарамайди. Бутун вужуди қулоққа айланган. Қараганида, ўнга яқин машина унинг бир қарорга келишини интизорлик билан кутаётганини пайқаган бўларди. Ҳа энди йўл уларники-да. Ниҳоят яна газни босдим.

Катта йўлнинг деярли ўртасида такси эътиборини тортай деб қўлини чўзганча бир киши турибди. Бироз маст эмасмикан деган гумонимиз тасдиқланмади. Йўлдаги жойлашувини айтмаганда туриши дуруст, бир текис. Бундай ҳолатларда албатта физика ва бошқа қонунларга зид равишда худди осмондан тушгандек киракашлар пайдо бўлади. Бу сафар ҳам шундай бўлди. Яхшиямки, машинамиз тормози соз ҳолатда. Акс ҳолда... Мастмас одам қонунбилмас уловга ўтиргач, газни босдим.

Сиз ҳамроҳим – ўқувчи билан юқоридаги сингари ва уларни ярим йўлда қолдирувчи кўплаб воқеаларга дуч келдик. Улар ҳақида кейинги сафар, сафарда гаплашамиз.

Тўлқин Жуманазаров

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг