Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Кечикиш учун ҳам қобилият керак (ашаддий ишга кеч қолувчи билан суҳбат)

Кечикиш учун ҳам қобилият керак (ашаддий ишга кеч қолувчи билан суҳбат)

Фото: «Xabar.uz»

— Суҳбатимизни ишга кеч қолишнинг инсон саломатлигига таъсиридан бошласак.

— Ичувчилар назарида спиртли ичимликлар истеъмол қилишнинг соғлиққа фойдаси бўлгани каби кеч қолишнинг ҳам одам организмига нафи жуда катта. Энг аввало юрак экстремал вазиятларда ишлашга ўрганади, демак, чиниқади. Киши эпчил ва абжир бўлади, кўриш ва эшитиш қобилияти ошади, ностандарт фикрлаш шаклланади. Лекин ҳар нарсада бўлгани каби бу ерда ҳам меъёр зарур. Чунки ишдан ҳайдаш учун мўлжалланган тепкидан на бақувват юрак ва на чаққонлик қутқариб қола олади.

— Сизларда ҳам ватанпарварлик, юртга садоқат ҳисси борми?

– Албатта бор. Биз фақат ўз ватанимизда ишга кеч қоламиз. Ахир ўзга юртларда бизни умуман қадрлашмайди-да. Мазза қилиб кеч қололмайсанам. Дарров ойлигингни қирқишади ёки паттани қўлга тутқазишади. Шу ўринда хорижда ишлайман деб, ишга кеч қолиб юрган ватандошларимизга айтмоқчиманки, ўзга юртларда дакки эшитиб юргандан кўра худди шу гапларни ўз уйида, ўз давлатида, жонажон она тилида эшитиб юришса бўлмасмиди?

— Соҳани ривожлантириш бўйича таклифларингиз борми?

– Рағбат бор жойда ўсиш ҳам бўлади. Таклифим юртимизда «Хизмат кўрсатган ишга кеч қолувчи», «Халқ кеч қолувчиси» фахрий унвонлари, «Кеч қолишдаги хизматлари учун» медали, «Фахрий кеч қолувчи» эсдалик нишони жорий этилсин.

— Устоз-шогирд анъанаси йўлга қўйилганми?

– Устоз кўрмаган чаласаводлар ҳар ҳафта, ҳар ой ишхонани ўзгартиришга мажбур. Устоз этагини тутишда гап кўп. Устозларимнинг аксарияти эндиликда тириклар орасида, қолганлари эса ҳамон ишга келганлар орасида йўқ.

— Душманларингиз борми?

– Ишга анча эрта келувчилар ашаддий душманларимиз. Уларнинг дастидан ишга маза қилиб кеч келолмайсан ҳам. Худонинг ўзи инсоф берсин уларга.

— Кеч қолишнинг ҳаётингизга таъсири ҳақида нима дея оласиз?

– Кеч қолиш қон-қонимга сингиб кетган. Нафақат ишга, бошқа жойларга ҳам доим кечикаман. Масалан, фарзандимни туғруқхонадан олиб чиқишга борсам, янгангизнинг уйга борганига бир ойдан ошган экан. Биринчи синфда ўқийдиган қизимни мактабдан олай десам, иккига ўтибди, қаранг. Бир куни фотиҳагарчиликка бориб, уй эгаларига сабр тиласам, хонадонда байрам бўлаётган экан. Тўғрисини айтай, тўйимга ҳам кечикиб борганим учун севганимгамас, бошқасига уйланганман. Ҳаммаси майлику-я, ҳатто чимилдиққа ҳам кечикиб кирганимга нима дейсиз?

— Биз учун қимматли вақтингизни ажратганингиз учун катта раҳмат.

– Албатта, вақтим жуда қиммат. Чунки шу пайтгача не-ечта жойга кеч қолишга улгурардим.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг