Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Акция! Ўнгда ҳам, тушда ҳам

Акция! Ўнгда ҳам, тушда ҳам

Қаёққа қараманг, ҳамма ёқда акция. Бири тугар-тугамас иккинчиси бошланади. Кимдир ўйинчоқ ютган бўлса, кимдир рўзғор буюмига, яна кимдир маиший техникага эга бўлган. Бошқаси эса машина калитини кўз-кўз қилган, учинчиси чет элга саёҳат йўлланмасини мақтанади...

Тинимсиз акцияларни ўйлаб, ухлаб қолибман. Бир комедияда «кечаси ҳам тинчлик йўқ», деганича бор экан. Тушга ҳам турли-туман акциялар кирса денг. Эсимда қолганини сўзлай.

Сомсахона олдида сотувчи: «сомсасидан чандир ёки ютиб юборишга ярамайдиган бошқа нарса чиққанларга иккинчи сомса текин», деб бақирармиш. Одам гавжум. Кузатиб турдим. Кўпчилик уч-тўртталаб сомса есада биттаси учун тўлаб чиқиб кетяпти. Акция-да.

Нарироқда фаррошлар плакатлар билан турибди. Ёзувларни ўқийман: «кўчага билдирмасдан ахлат ташлаганга иккинчисини ошкора ташлаш имконияти берилади», «Чиқиндихонага етар-етмас ахлатини қолдирганга фаррош номидан фахрий ёрлиқ, шу ишни мунтазам қилувчиларга эса ўзи истиқомат қилувчи туман, шаҳарнинг барча фаррошлари дастхати қўйилган футболка» (айтганча, унинг орқасига «мен аблаҳман», деб ёзиб қўйилган. Лекин бу ҳақдаги маълумот эълонда атайин жуда кичик ҳарфлар билан ёзилади). «Азиз носвойчилар. Носингизни иложи борича кўчанинг кўринадиган жойига, серқатнов қисмига туфланг. Ёнига манзилингизни ҳам қолдиришни унутманг. Энг фаол носчиларга кунлик чиқинди-маҳсулотлар элтиб берилади. Етказиб бериш текин».

Маҳаллалар оралаб юраман. Бекорчи, ғийбатчи хотинлар учун «Учтаси биттада» акцияси эълон қилинибди. Шарти оддий. Ким бир ўтиришда бирон қўшниси ҳақида учта мағзава хабар тўқиб, тезда тарқатса, ўша қўшнисининг асабийлашгани, азоб чекаётгани яширин тарзда тасвирга туширилган лавҳаларни томоша қилади.

Жамоат транспорти ҳайдовчилари учун: «Кўпроқ одамни заҳарла» акцияси. Иш вақтида автобус ёки «маршрутка» ҳайдовчиси тинимсиз тамаки чекишни уддалай олса, эртаси куни унга дам олиш эълон қилинади, туб диспансерга саёҳат уюштирилади.

Деҳқон бозорда эса эски акция ёзуви ҳали ҳам осиғлиқ: «Тез бойишни истайсизми? Иссиқ-совуқда савдо қилиш жонингизга тегдими? Ечими осон. Тарозидан уринг. Бунинг учун ёлғондан узр сўрашни, кўзларни лўқ қила олишни билиш кифоя. Тўғри, пуллар ҳаром, лекин кўп».

«Энг безбет киракаш» акцияси эса барчамизга яхши таниш. Бунда ўзини такчиси, деб билувчилар имкон қадар кўпроқ ҳайдовчиларга ҳалақит берган ҳолда одам йиғишлари талаб этилади. Светофорнинг яшил чироғида тўхтаган, машинасини кўчага кўндаланг қўйган ҳолда тўхтатганларга қўшимча бонус. Жиғибийрон ҳайдовчиларга эътибор берган ва албатта узр сўраган киракаш акцияда иштирок этолмайди. Ғолибга мукофот: аэропорт ёки вокзал, катта бозорнинг энг зўр жойида туриб, мижоз олиш имконияти.

Акциялар ичида шубҳалиси ҳам бўлар экан. Мана масалан, «Ҳокимлар диққатига! Агар сиз йилнинг чорак даври мобайнида лавозимингизни эгаллаб тура олсангиз, кейинги чорак ўрнингиздан силжимасликка ёрдам берувчи балларни қўлга киритасиз»...

Ғалати тушнинг эсда қолган қисми ҳақида ўйлаб, сомсахона олдига келганимни ҳам сезмабман. Иштаҳа бор. Икки дона олиб едим. Ҳар биридан баракали-баракали чандир чиқди. У ёқ бу ёққа қарайман, акцияга ишора йўқ. Ноилож, иккиси учун ҳам пул тўладим.

Тўлқин Жуманазаров

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг