Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Шуҳрат Сатторов

Ким нени изласа, топгай бегумон...

Жек Ма: «Миллиардерлардаги бош ўхшашлик нима?»

Жек Ма: «Миллиардерлардаги бош ўхшашлик нима?»

Фото: «Stmegi.com»

Жаҳоннинг энг муваффақиятли ва пулдор кишиларидан саналган Жек Ма ёшларга энг таъсирчан мурожаатини йўллади. Уни қуйида эътиборингизга ҳавола қиламиз.

«Менинг бадавлат отам бўлмаган. Уч йил уриниб университетга кира олмаганман. Ҳарвардга кириш учун ўн йил уриндим, улар мени хоҳлашмади. Охир-оқибат ўқитувчилар тайёрлайдиган коллеж талабаси бўлдим. Ўша кезларда иш топиш муаммо эди. 1994-йилларда ўқитувчилар ўн доллар эвазига бир ой ишлашга рози эдилар. Ўттизта идоранинг эшигини қоқиб бордим. Бирортаси мени ишга қабул қилмади. Мактабда инглиз тилидан сабоқ берар эканман, ҳаётимни ўзгартиришга бўлган орзулар менга тинчлик бермас эди. Шунда интернет деган янгилик ҳақида эшитиб қолдим. Кўпчилик унинг нималигини билмас эди. Мен эса кун-тун ўргандим, унга оид манбаларни ўқидим, истиқболини ўргандим.

Шунда менда интернет орқали буюртма олиб, Хитойда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни етказиб беришда воситачилик қиладиган компания очиш фикри туғилди. Атрофимдагилар менинг устимдан кулишар, ғалати ва бўмағур фикрлар хаёлимга қаердан келишини айтиб, калака қилишар эди.

Иш бошлашим учун банкдан уч минг доллар олишга уч ой вақтим кетди. «Alibaba» компанияси тўғрисидаги мақсадларим хомхаёл эканини айтиб, кўплаб сармоядорлар мени рад этишди. Мен олдинда мени улкан муваффақият кутиб турганини сезар эдим. Қаттиқ меҳнат қилдим. Охир-оқибат минг машаққат билан ўн саккизта сармоядордан эллик минг АҚШ доллари тўплашга эришдим.

«Alibaba» уч йил мобайнида ҳаттоки бир доллар ҳам фойда келтирмаган. Аммо мени нима руҳлантиргани қизиқ бўлса керак? Бу — бизга мактуб йўллаётган мижозлар эди. Улар ҳозирча бизга катта миқдорда тўлов тўлай олмасликлари, аммо бу ишимиз улкан ғоя экани, келажагимиз олдиндалигини ёзишар эди. Улар кўпинча «Ҳозир бизга ёрдам берсангиз, биз кун келиб ривожланамиз, ўшанда биз сизга ёрдам берамиз, сиз ҳам кучли компанияга айланасиз», деб ёзишар эди. Кичик фойдамиз, секин-аста катталаша бошлади. 

Чиндан ҳам, ўн олти йил ўтиб, бизда ҳамма нарса бор эди: савдо платформаларидан тортиб,  электрон тўлов тизимлари ва дунё бўйлаб миллионлаб мижозлар ва етакчи маҳсулот ишлаб чиқарувчилар.

Муваффақиятли инсонлардаги бош умумийлик нима? Ижобийлик! Улар келажак сари доимо ижобий кайфиятда боришади. Ижобийлик одамга имкониятни ёрқинроқ кўришга ёрдам беради. Бугунги ёшларнинг кўпи иш топа олмаслигини пеш қилиб нолишади. Бу — хато! Атрофга қаранг — биз имкониятлар асрида яшаяпмиз! Сизнинг энг кучли жиҳатингиз бор — сиз ёшсиз! Бу имкониятлар орасида ниманидир бошқача қила олишингизга ишонсангиз, бу тўғрисида ўқиб-ўрганишдан эринманг.

Ҳақиқий тадбиркорлик — меҳнат дегани. Муваффақият қозонишни истасангиз, бошқалар ухлаб ётганда сиз ўрганинг, тонг саҳарда шаҳар уйқудалигида сиз имкониятларингизни кенгайтириш учун эртароқ уйғонинг. Ҳаётда йиқилишдан қўрқмаслик керак. Айниқса, ёшликда! Йиқиласиз, яна оёққа турасиз. Ҳар қандай хато — беқиёс фойда!  

Ҳар бир инсон учун эрта — бу забт этилмаган келажак. Олға бориш керак, ҳаракат қилиш керак. Атрофдагилар сизга ишонса-ишонмасалар, сиз ўз орзуларингиз рўёбига ишонинг, жамоани бунга ишонтиринг!

Яшашни ҳам унутманг. Биз ҳаётга ишлаш учун эмас, бахтиёр бўлиш учун келганмиз. Пулдан қайғурманг! Агар сиз орзуларингиз ортидан қувсангиз, пул сизнинг ортингиздан қувади!»


Ҳаёт ва ҳаракат, бойлик ва муваффақият ҳақида энг мароқли суҳбатларни, илҳомбахш ҳикояларни «Биз ғалаба қозонамиз» китобида ўқинг. Юртимиз китоб дўконларидан сўранг.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг