Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Йўл қоидасида ўзгариш. Энди кундузи яқинни ёритувчи чироқ ёқиб юрилади

Йўл қоидасида ўзгариш. Энди кундузи яқинни ёритувчи чироқ ёқиб юрилади

Фото: «Xabar.uz»

Кундуз куни транспорт воситалари чироқларни ёқиб ҳаракатланиши шартлиги белгиланди. Йўл ҳаракати қоидаларига ўзгартириш киритиш тўғрисида қабул қилинган Ҳукумат қарорида (292-сон, 09.04.2019 й.) шу ва бошқа ўзгаришлар баён қилинган. Бу янгилик хусусида «Ҳуқуқий ахборот» каналида маълум қилиб ўтилди.

Ўзгартиришларга мувофиқ эндиликда йўл ҳаракати хавфсизлигига қуйидаги қоидалар киритилмоқда:

— светофорнинг тақиқловчи ишорасида тўхташ чизиғи олдида тўхтаганда транспорт воситасининг энг олдинги нуқтаси тўхташ чизиғи устига чиқиб кетмаслиги керак;

— Тошкент шаҳар ва вилоят ҳокимлари айрим йўл участкаларида ҳаракат тезлигини (тегишли йўл белгиларини ўрнатиш) пасайтиришга ваколатли;

— аҳоли пунктларида иккита ҳаракат бўлаги бўлган ва ўртада трамвай изи бўлмаган бир томонлама ҳаракатли йўлларда тўхташга рухсат этилади;

— айланма ҳаракат чорраҳасида ҳаракатланаётган транспорт воситаси айланага кириб келаётган транспорт воситларига нисбатан устунликка эга;

— куннинг ёруғ вақтида барча автомототранспорт воситалари яқинни ёритувчи чироқларни ёки кундузги чироқларни ёқиб ҳаракатланиши шарт;

— қурилиш материаллари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, озиқ овқат ва шу каби тўкилувчи товарларини ташишда юк мажбурий тартибда брезент ёки бошқа қалин материал ёпилган бўлиши керак;

— велосипед ва мопед ҳайдашда рулни ушламасдан ёки бир қўлда ушлаб ҳаракатланиш тақиқланади.

Бундан ташқари ўзгартиришлар билан 28 та янги йўл белгилари киритилди. Қизил чироқда ўнгга ҳаракатланиш, радар, пиёда ва велосипедчилар учун ташкил этилган йўлак каби белгилар шулар жумласидандир.

Шу ўринда таъкидлаб ўтиш лозим, илгари айланма ҳаракат чорраҳасида ўнг қўл қоидаси амалда бўлиб, чорраҳага кирган улов ўнг томондан келаётган транспорт воситасини ўтказиб юбориши шарт эди. Ҳозирча ушбу ўзгаришлар қачондан амалга жорий этилиши ҳақида аниқ маълумот берилмаган. Бу ҳақида қўшимча маълумот берилиши кутилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг