Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Утилизация йиғими: Ўзбекистонда 27 фоиз автомобилнинг «ёши» 20 йилдан ошган

Утилизация йиғими: Ўзбекистонда 27 фоиз автомобилнинг «ёши» 20 йилдан ошган

Фото: InfoCar

Жадал саноат тараққиёти муқаррар равишда автотехника, автотранспорт ва бошқа оғир техникадан фойдаланиш кенгайишига олиб келади, бу эса экологиянинг бузилишига, табиий ресурслар, ёқилғи истеъмолининг ортиши, шунингдек атроф-муҳитга ҳалокатли таъсир кўрсатишнинг кучайишига олиб келади.

Юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш экологик хавфсизликни, инсон саломатлиги ва атроф-муҳитнинг автотехника ва транспорт воситаларидан фойдаланишнинг зарарли таъсиридан ҳимоясини, чиқиндилардан ишлаб чиқаришда иккиламчи хом ашё сифатида максимал даражада фойдаланишни таъминлаш бўйича глобал ва марказлашган қарорни тақозо қилади.

Мамлакат автопаркининг янгиланиши ва ички бозорнинг экологик стандартларга мувофиқ келувчи сифатли автотехника ва автотранспорт билан таъминланиши ҳам, экологияга ижобий таъсир кўрсатади. Ахир, маълумки, эскирган техника камроқ экологик тоза бўлиб, тез фурсатда тўлиқ утилизация қилишни талаб этади.

Ечимлардан бири – эксплуатациядан чиқарилган техника (ЭЧТ)да мавжуд материалларни қайта ишлатиш ушбу табиий ресурсларнинг такрорланмас камайиши жараёнини секинлашттириш ва эскирган техниканинг экологияга ҳалокатли таъсирини камайтириш имконини беради. Аксарият мамлакатларда ЭЧТ компонентлари ва чиқиндиларидан иккиламчи фойдаланиш тизими давлат назоратига олинган ва ушбу мамлакатлар тараққиётининг устувор йўналишлари сирасига киради. Бундан ташқари, мамлакат ҳудудига технологик эскирган транспорт воситаларини олиб киришни мувофиқлаштириш ҳам автотехниканинг ҳалокатли таъсирини камайтиришга хизмат қилади.

Сўзсиз, мамлакат экологиясига автотехника ва транспортнинг ҳалокатли таъсирини назорат қилиш тизимини шакллантириш ва ЭЧТ утилизациясини ташкил қилиш учун иқтисодий қўллаб-қувватлашни талаб қилувчи марказлашган давлат тизими ишлаб чиқилган бўлиши лозим.

«Ифлослантирувчи тўлайди» тамойилига мувофиқ, жаҳон ҳамжамияти техника ишлаб чиқарувчисига ЭЧТдан чиқиндиларни утилизация қилиш юзасидан, ҳар бир ишлаб чиқарилган ёки мамлакат ҳудудига олиб кириладиган автомобиль учун утилизация йиғими кўринишида иқтисодий жавобгарликни юклади.

Масалан, Германияда (у техника утилизацияси бўйича етакчи саналади) қарийб йигирма йилдан бери «Германияда иқтисоий рециклинг тўғрисида»ги Федерал қонун амал қилмоқда. Ушбу қонун бугунги кунда кўплаб экспертлар томонидан техника рециклинги масалаларида намунавий деб эътироф этилган.

Амалиёт кўрсатишича, «ифлослантирувчи тўлайди» тамойили умумэътироф этилган бўлиб, мана бир неча ўн йиллардан бери дунёнинг барча техник ривожланган мамлакатларида қўллаб келинади. Бу тамойил Россия ҳукумати томонидан ҳам маъқулланган бўлиб, 2014 йилда қонун билан мустаҳкамлаб қўйилган. Яқин қўшниларимизда бундай қонун 2016 йилда, Қозоғистонда қабул қилинган. Шундай қонунлар дунёнинг 50 дан ортиқ мамлакатларида татбиқ этилган. Шу тариқа, ЭЧТ утилизацияси зарурати фактининг ўзи баҳсга ҳожат қолдирмайдиган аксиома бўлиб, дунёнинг барча мамлакатларида ўтказилиши лозим.

Ўзбекистонга келсак, бугунги кунда республика автопаркининг 27 фоизи «ёши» 20 йилдан катта бўлган автомобиллардан иборат, яқин фурсатларда уларнинг фойдаланишдан тўлиқ чиқарилиши муқаррардир. Бундай автомобилларни утилизация қилиш тизимининг мавжуд эмаслиги экология учун жиддий муаммоларни туғдириши мумкин, чунки «қўлбола» усулдаги утилизация экология учун анча катта фалокат келтиради. Бундай ҳолатда барча техник суюқлик махсус идишларга консервацияланмай ва тегишлича утилизация қилинмай, шунчаки тўкиб ташланади. Утилизация қилинувчи автомобилларнинг атроф-муҳитни ифлослантирувчи нометалл ва заҳарли деталлари юзасидан ҳам шу аҳвол.

Ушбу масаланинг ечимини авваламбор автомобилдан фойдаланишда юзага келадиган экологик муаммоларни мувофиқлаштиришга қаратилган утилизация йиғимини жорий этишда, шунингдек маҳаллий автоишлаб чиқарувчиларни экологик тоза транспорт воситалари ишлаб чиқаришга рағбатлантиришда кўриш мумкин.

Автомобиль транспорт воситаларини утилизация қилиш соҳасидаги муносабатларни қонунчилик билан мустаҳкамланган механизми фойдаланишдан чиққан транспорт воситаларини утилизация қилишга давлат харажатларини компенсациялаш ва Давлат бюджетини экологияни ҳимоялаш учун қўшимча тушумлар билан таъминлаш имконини беради, шунингдек Ўзбекистон Республикасига технологик завмонавий ва экологик тоза транспорт воситаларини олиб кириш учун шароит яратади.

Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг ЖСТ/ЕОИИга келгусида қўшилиши эҳтимолини инобатга олган ҳолда, жаҳон тажрибасига мувофиқ бўлиш зарурати утилизация йиғимининг бирламчи тўлови механизмини тақозо қилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг