Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Утилизация йиғими автомобил нархи ошишига олиб келадими?

Утилизация йиғими автомобил нархи ошишига олиб келадими?

Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда ва веб-сайтларда депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Қонун лойиҳаси билан транспорт воситалари учун утилизация йиғими жорий этишни кўзда тутувчи қўшимчалар киритилмоқда.

Кўпчилик интернет фойдаланувчилар томонидан мазкур йиғимнинг жорий қилиниши автомобил нархларининг ошишига сабаб бўлиши бот-бот такрорланмоқда.

Ушбу қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон «Адолат» СДП фракцияси йиғилишида ҳам кўриб чиқилди ва кўплаб баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.

Фракция аъзолари Қонун лойиҳасининг концепциясини, хусусан, экологик хавфсизликни таъминлаш, фуқаролар саломатлиги ва атроф-муҳитни транспорт воситаларнинг истеъмол хусусиятларини йўқотиш оқибатида вужудга келган чиқиндиларнинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш мақсадида ишлаб чиқилганини тўла қўллаб-қувватлашларини билдиришган. Фақатгина аҳоли манфаатларидан келиб чиққан ҳолда ушбу тўловлардан тушган маблағларнинг сарфланиш механизми тўлиқ очиб берилмагани, йиғимнинг жорий этилиши импорт қилинаётган ва маҳаллий автомобиллар нархига таъсири бўйича қонун ташаббускорларига саволлар билан мурожаат этишди.

- Мазкур тўловларнинг жорий қилиниши халқимиз ва истеъмолчиларни ўйлантираётганидек, нархлар ошишига олиб келмайди – деди «Ўзавтосаноат» AK вакили Рустам Қодиров. – Бу йиғимни маҳаллий автомобил ишлаб чиқарувчиларимиз локализацияни кенгайтириш, ички заҳираларни ишга солиш орқали ўз бўйнига олади. Хорижда ишлаб чиқарилган автомобиллар учун ҳам алоҳида ёндашилмоқда. Жумладан, ҳозирда Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси тайёрланган бўлиб, унга кўра мамлакатимизга импорт қилинаётган автомобилларга давлат божи ставкалари икки бараварга туширилиши режалаштирилмоқда. Бундан кўриниб турибдики, утилизация йиғимини жорий этиш ўзимизда ишлаб чиқарилаётган ва импорт қилинаётган автомобиллар нархига ҳеч қандай таъсир қилмайди.

Фракция аъзолари қонун лойиҳасидаги бошқа бир қатор масалаларни иккинчи ўқишгача тўғрилаш бўйича ўз таклиф ва тавсияларини беришди ва қонун лойиҳаси концептуал жиҳатдан қўллаб-қувватланди.

Адолат СДП матбуот хизмати

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг