Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Тошшаҳартрансхизмат» янги автобусларга эга бўлди

«Тошшаҳартрансхизмат» янги автобусларга эга бўлди

Фото: «ЎзА»

Бугун, 27 октябрь куни «Самарқанд автомобиль заводи»да SAZ LE60 русумидаги паст полли, шаҳар автобусининг дастлабки партияси «Тошшаҳартрансхизмат» акциядорлик жамиятига топширилди. Бу ҳақда «ЎзА» хабар берди.

Мазкур автобус модели заводимиз конструкторларининг биринчи интеллектуал маҳсулоти, миллий бренд ҳисобланади, дейди Самарқанд автомобиль заводининг техник масалалар бўйича директори Ҳ.Қобилов. Шаҳар ички йўналишларига мўлжалланган ушбу автобус полининг пастлиги ҳамда йўловчиларни олиш ва туширишда шассининг пасайиши, яъни «книлинг» тизимининг мавжудлиги, имконияти чекланган йўловчиларга қўшимча қулайликлар яратилгани, кондиционер ўрнатилгани ва бошқа шу каби имкониятлари билан ажралиб туради. Автобуснинг умумий йўловчи сиғими 56 кишини ташкил этиб, 25 ўриндиқ ўрнатилган. «Evro-4» экологик стандартига жавоб берадиган ISUZU двигатели ўрнатилган.

Фото: «ЎзА»

2014 йилдан буён ишлаб чиқарилаётган ушбу модел айни пайтда Россия, Қозоғистон, Грузия давлатларига буюртма асосида етказиб берилмоқда. Шунингдек, Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида ҳам синовдан ўтказилиб, йўналишларда фойдаланиш учун харид қилинмоқда.

Самарқанд автомобиль заводи ва «Тошшаҳартрансхизмат» акциядорлик жамияти ўртасида тузилган шартномага кўра, жорий йилда завод пойтахт аҳолиси ва меҳмонларига хизмат кўрсатиш учун 80 та ана шундай замонавий автобусларни етказиб беришни режалаштирилган. 2019 йилда эса яна 200 та SAZ LE60 автобуслари пойтахт кўчаларида ҳаракатлана бошлайди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг