Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ravon бренди ўрнига яна Chevrolet қайтмоқда

Ravon бренди ўрнига яна Chevrolet қайтмоқда

Фото: «zr.ru»

UzAuto Motors экспорт бозорларида автомобилларни Chevrolet бренди остида сотишни бошламоқда. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, 2020 йилнинг март ойидан бошлаб Россия, Қозоғистон ва Беларусда Chevrolet бренди остида тақдим этиладиган дастлабки моделлар Spark, Nexia ва Cobalt бўлади.

Chevrolet брендидан ташқи бозорларда фойдаланиш ҳуқуқи UzAuto Motors компаниясига автомобилларнинг юқори сифати жаҳон автосаноати етакчиларидан бири — General Motors компанияси томонидан белгиланган стандартларга тўлиқ жавоб берганлиги учун берилди.

Қабул қилинган қарор UzAuto Motorsга Chevrolet жаҳон брендининг тўлиқ қувватидан Ўзбекистон Республикаси ички бозоридаги каби экспорт бозорларида ҳам самарали сотувни ошириш имконини яратади.

UzAuto Motors компанияси Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган Chevrolet моделларининг Россия, Қозоғистон  ва Беларусда дистрибюциясини ўзи бошқаради. Дилерлик тармоғи мавжуд Дженерал Моторс Россия дилерлари, Ravon дилерларининг бир қисми ва Chevrolet ваколатли сервис марказлари асосида, уларнинг географик жойлашуви ва Chevrolet бренди стандартларига мувофиқлик даражасини ҳисобга олган ҳолда яратилган. 

«Ягона бренд остида ишлаш Ўзбекистонда автомобиль саноатини янада ривожлантириш ва экспорт бозорларида сотишнинг янги имкониятларини очиб беради», дейилади хабарда.

Қўшимча қилинишича, UzAuto Motors томонидан ишлаб чиқарилган Chevrolet Spark, Nexia ва Cobalt автомобилларини харид қилган мижозлар учун кафолатлар, шунингдек, барча хизмат ва UzAuto Motors компанияси томонидан ўзининг дилерлик тармоғи орқали тақдим этиладиган эҳтиёт қисмларни сотиб олиш имконияти сақланиб қолади.

Россия ва МДҲ мамлакатларида Ravon бренди остида автомобиллар савдоси 2020 йилнинг ўрталарига келиб тўхтайди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг