Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзингиз янги машина миниб, эскисини хорижга сотишни истайсизми? Trade-In хизмати ишга тушди

Ўзингиз янги машина миниб, эскисини хорижга сотишни истайсизми? Trade-In хизмати ишга тушди

Фото: Xabar.uz

Ҳар бир инсоннинг орзуси — автомобил сотиб олиш. Кейин эса иккинчи орзу пайдо бўлади — ўша автомобилни янгироғига алмаштириш. Ҳар доим битта машина миниб юрмайсиз-ку, тўғрими?!

Тан олиш лозим, шу вақтга қадар биринчи орзудан кўра иккинчиси қийинроқ бўлиб келар эди. Агар илк машинангизни сотиб олиш учун шунчаки пул санаш кифоя бўлса, уни янгисига алмаштириш учун бозорда машаққатли соатларни ва ҳатто кунларни ўтказиш ва эскисини сотиш лозим бўларди. Энг ёмони — олибсотар ва фирибгарлардан ҳамма ҳам ўзини эхтиёт қила олмайди.

Энди эса UzAuto Motors томонидан ушбу машаққатга чек қўйиладиган бўлди. Кеча Тошкентда UzAuto Motors Service & Trade-In Center сервис ва савдо марказининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Энди бу ердан эски машинангизни баҳолатиб, устига қўшимча пул тўлаб, яп-янги автомобил миниб чиқиб кетишингиз мумкин.

«Бир йил бўлдики компаниямиз мижозга мижоз эмас, балки меҳмон, деб қараб келмоқда. Ҳар бир мижоз меҳмондек иззатга эга бўлиши лозим, — деди «Ўзавтосаноат» бошқаруви раиси Шавкат Умрзоқов марказнинг очилиш маросимида сўзлаган нутқида. — Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий ислоҳотлар кўплаб олиб бориляпти. Биз ҳам шунга мос бўлишга интиляпмиз ва турли ташаббусларга қўл урмоқдамиз.

Бизнинг мақсадимиз — эски машина сотишни ёки янги автомобил сотиб олишни истаган ҳамюртларимизга қулайликлар яратиш. Мижозларимиз бу ерга келиб, меҳмондек кўнгил ёзиб, дам олишини ва ишини битириб кетишини истаймиз. Автосаноат тизимида ўсиш қай даражада эканини мижозларимиз ўз кўзи билан кўришини истаймиз. Биз ривожланаётганимизни исботламоқчимиз. Бу ҳали ҳаммаси эмас, яна янгиликлар бўлади.

Яхши биласиз, шу вақтга қадар фақат чет элдан Ўзбекистонга эски, минилган автомобиллар кириб келар эди. Аммо нима учун бизнинг тутилган автомобилларимизни хорижда минмасликлари керак? Энди биз ҳам эски машиналаримизни хорижга экспорт қиламиз. Насиб қилса, эски машиналаримизни хорижда минишади».

Trade-In Center марказида нафақат янги автомобил сотиб олиш мумкин, балки бу ерда эски машиналар учун янги ҳаёт ҳам бошланади. Мижоз топширган автомобил Trade-In Center'да қайта таъмирланади ва сотувга қўйилади. Бундай автомобил нафақат юридик жиҳатдан «тоза», балки «касаллик тарихи» ҳам расмий бўлади. Яъни, таъмирлаш тарихи юритилади ва сиз олаётган машинангиз қандай ҳолатда эканини аниқ-тиниқ биласиз.

Энди бозорга ўзингиз билан уста олиб чиқишингиз ва қайсидир эски автомобилни таваккалига сотиб олиш шарт эмас. Trade-In Center'га келасиз ва ўзингизга ёққан машинани миниб чиқиб кетаверасиз. Сизга расмий кафолат берилади.

Шунингдек марказда эҳтиёт қисмлар дўкони (оригинал ва бозордан анча арзон) ҳам бор. Дарвоқе, янги машина олиш учун бемалол фарзандингиз билан келишингиз мумкин, марказ ҳовлисида ва иккинчи қаватдаги қаҳвахонада болалар майдончаси бор. Ҳужжатлар тайёр бўлгунга қадар сиз бир пиёла чой ичиб турасиз, фарзандларингиз эса майдончада ўйнайди. Хоҳласангиз, шу ердаги велосипедлардан бирини миниб, марказни айланиб чиқишингиз мумкин.

Дарвоқе, Trade-In Center эртага, 28 октябр, душанба куни тўлиқ ишга тушади. Ўзингиз келиб, ҳаммасига гувоҳ бўлишингиз мумкин.

Манзил: Тошкент шаҳар, Яшнобод тумани, Элбек кўчаси, 61 уй (мўлжал: «Дўстлик» метро бекати).

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг