Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Машинани «жарима майдони»га киритишга сабаб биттага камайди

Машинани «жарима майдони»га киритишга сабаб биттага камайди

Фото: «Xabar.uz»

Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полиси ёнингизда бўлмаса, машинани «жарима майдони»га қўйиш амалиёти бекор бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар берилганди.

Бугун, 11 сентябр куни Сенатнинг еттинчи ялпи мажлиси кун тартибидаги навбатдаги масала – «Бюрократик тўсиқлар янада қисқартирилиши ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойиллари жорий қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокама қилинди.

Мазкур Қонун Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Бюрократик тўсиқларни янада қисқартириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойилларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ва мазкур қарор билан тасдиқланган «Йўл харитаси»нинг ижроси юзасидан ишлаб чиқилган.

Президентнинг мазкур қарорига айрим қонун ҳужжатларини мувофиқлаштириш мақсадида жами 6 та қонун ва 3 та кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар  киритилмоқда.

Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 291-моддасига, транспорт воситаларини ушлаб туриш ва кўрикдан ўтказиш асослари ва тартибига ўзгартиш киритилмоқда.

Эндиликда транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полиси ёнида бўлмаган ҳайдовчилар транспорт воситаларини бошқарганда уларнинг автотранспорт воситаларини ушлаб туриш тартиби бекор қилинади. Бу билан фуқаролар мулк ҳуқуқларининг кафолатлари кучайтирилади. Бу эса фуқароларга нисбатан жазо базасини қисқартирган ҳолда коррупция ҳолатларининг олдини олишга хизмат қилади.

Эслатиб ўтамиз, маъқулланган Қонун Президент томонидан имзоланиб, белгиланган тартибда эълон қилингач расмий кучга эга бўлади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг