Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ҳайдовчилик гувоҳномасининг муддати тугамаган бўлса ҳам янгисига алмаштириш шартми?

Ҳайдовчилик гувоҳномасининг муддати тугамаган бўлса ҳам янгисига алмаштириш шартми?

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 2 мартдаги 116-сон қарорига мувофиқ, эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаларини янги намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларига алмаштириш тартиби белгилаб берилган. Биз бу ҳақда бир-неча бор маълумот берган эдик. Лекин шундай бўлсада ҳали-ҳануз фуқароларимиз ҳайдовчилик гувоҳномасини янгисига алмаштириш шартми? Гувоҳномамда амал қилиш муддати кўрсатилмаган ёки муддати ҳали тугамаган бўлсачи? Унда нима бўлади қабилидаги саволлар билан мурожаат қилишмоқда. Шуларни инобатга олган ҳолда биз бугун ана шу мавзуни яна бир ёритишга аҳд қилдик.

Маълумот ўрнида айтиш лозимки, айни вақтда Тошкент вилояти Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси тасарруфида битта Рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлими ҳамда Янгийўл, Ангрен, Олмалиқ, Чирчиқ, Ўртачирчиқ шаҳар-туманларида Рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлинмалари фаолият олиб бормоқда. Уларнинг барчасида ташриф буюрган фуқароларга қулай шарт-шароитлар яратишга ҳаракат қилинмоқда.

Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ Рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлими инспектори Алишер Шералиев ҳозирда Рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлим ва бўлинмаларида ҳайдовчилик гувоҳномаларини янгисига алмаштириш ишлари амалга оширилаётганлигини айтиб, бунда узундан-узоқ навбатлар, ортиқча қоғозбозликлар йўқлиги, мурожаат қилган фуқароларимиз жуда қисқа вақтларда ҳайдовчилик гувоҳномаларини янгисига алмаштириб олишлари мумкинлигини таъкидлайди.

Шуни айтиш лозимки, 2020 йил 31 декабрга қадар эски намунадаги барча ҳайдовчилик гувоҳномаларини, берилган санасидан ва амал қилиш муддатидан қатъий назар, янги намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномасига алмаштириш шарт. Чунки, белгиланган қарорга кўра, 2021 йил 1 январь кунидан бошлаб эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномалари ҳақиқий эмас, деб топилади. Бу эса ҳайдовчига анча ноқулайликларни келтириб чиқариши мумкин. Сабаби, ҳайдовчи транспорт воситасини тегишли ҳужжатларсиз бошқаргудек бўлса, унга нисбатан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 135-моддаси (Йўл ҳаракати қоидаларида назарда тутилган ҳужжатлари бўлмаган шахсларнинг транспорт воситаларини бошқариши)га асосан чора кўрилади ҳамда ҳуқуқбузарлик оқибатлари бартараф этилгунига қадар транспорт воситаси вақтинчалик жарима майдонига қўйилади.

Эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаларига эга бўлган барча ҳайдовчиларга ўз вақтида янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаларига алмаштириб олишларини тавсия этамиз.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг