Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Бухорода Қозоғистон автобусининг ҳалокатга учрашига нима сабаб бўлган эди?

Бухорода Қозоғистон автобусининг ҳалокатга учрашига нима сабаб бўлган эди?

Фото: Бухоро вилоят ИИБ

Кеча, 4 августда «Бухоро-Хоразм» (Олмаота-Нукус) йўналишида ҳаракатланиб бораётган йўловчи автобус йўл чизиғидан чиқиб кетиб, ағдарилгани ҳақида хабар берилган эди. Йўл транспорт ҳодисаси оқибатида автобусда 1 нафар йўловчи шахс воқеа жойида вафот этгани, 2 нафар шахс оғир ва 8 нафар шахслар турли даражадаги тан жароҳатлари олганди.

Бухоро вилояти ИИБ ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан олиб борилган тезкор ҳаракатлар натижасида ҳолатга ойдинлик киритилди. «VANHOOL» русумли, KZ545 APV13 рақам белгили ушбу йўловчи автобус Қозоғистоннинг «Юг Транс Лайн» жамияти ҳайдовчиси Рустамжон Алиев бошқарувида бўлган. Р. Алиев уйқу элтиши туфайли Жондор туманидаги «Луқмон» МФЙга қарашли чўл ҳудудидан ўтувчи А-380 халқаро аҳамиятдаги йўл — Бухоро-Хоразм (Алмата-Нукус) йўналишининг 299-километрида бошқарувни йўқотган. Оқибатда автобус йўлдан чиқиб кетган ва ағдарилган.

Автобусда 2 нафар ҳайдовчи ва жами 46 нафар фуқаро бўлган, уларнинг 13 нафари қозоғистонлик, 33 нафари эса ўзбекистонлик бўлган.

Авария натижасида 2008 йилда Қорақалпоғистон Республикаси, Нукус шаҳрида туғилган, вояга етмаган Арай Умурзакова воқеа жойида вафот этган. 12 нафар йўловчи эса авариядан сўнг йўловчи транспортлар орқали яшаш манзилларига кетиб қолган. Ҳозирда ушбу фуқароларнинг ҳам шахсини аниқлаш бўйича тезкор-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

— Мудҳиш авария содир бўлгани ҳақидаги хабар келгач, зудлик билан етиб келинди ва жабрланганлар Газли шаҳарчасидаги шифохонага етказилди. Уларга зарур тиббий ёрдам кўрсатилди. Жабр кўрган ва аҳволи нисбатан хавотирли бўлган 12 нафар фуқаро Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалига олиб келинди. 8 нафарига шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилиб, аҳволи ўнглангач, уйларига рухсат берилди. Қолган 4 нафар беморнинг аҳволи ўртача оғирликда бўлиб, муолажалар давом эттирилмоқда, — деди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Илҳом Нарзиев.

Ҳолат юзасидан автобус ҳайдовчиси Р. Алиевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълумот учун: Бухоро вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабарича, вилоят раҳбари йўл транспорт ҳодисаси оқибатида жабрланганлар ҳолидан хабар олиш учун Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалига келган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг